Бирмада 'Буддани таҳқирлаган' уч киши қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Плакат буддавийларнинг ғазабнок чиқишларига сабаб бўлган

Бирма маҳкамаси Буддани қулоқчин билан тасвирлаган плакат юзасидан уч кишини маҳкум этган.

Бир янги зеландиялик ва икки нафар бирмалик динни таҳқирлашда айбдор деб топилганлар.

Плакатдан мақсад шаробхўрлик кечасини реклама қилиш бўлгани айтилади.

Бирма пойтахти Янгондаги VGastro Bar бошқарувчиси бўлган Филип Блэквуд ва унинг бирмалик ҳамкасблари Тун Турейн ва Хтут Ко Ко Лвин ўтган йил декабрида ҳибсга олинганди.

Уларнинг ҳар бири икки ярим йилдан қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

Бирмада ҳар қандай динни таҳқирлаш ёки унга зиён етказиш жиноий ҳаракат саналади.

Facebook да чоп этилган ва Буддани турфа хил рангларда тасвирлаган плакат интернетда ғазабнок муносабатларни уйғотган.

Айбланувчиларнинг барчаси маҳкамада динни таҳқирлаганликларини рад этишган.

Тун Турейн плакатни чоп этиш учун Блэквуд якка ўзи масъул эканини айтган.

Блэквуд эса интернетда кечирим сўраган ва маҳкама жараёнида ҳам пушаймонлигини изҳор қилган.

Аммо ҳакам Йе Лвин гарчи Блэквуд кечирим сўраган эса-да, плакатни Facebook да чоп этиш орқали "диний эътиқодни қасддан таҳқирлашга тил бириктиргани"ни таъкидлаган.

Янги зеландиялик айбланувчи маҳкама ҳукмидан шикоят этишини билдирган.

Human Rights Watch инсон ҳақлари ташкилотининг Осиё бўлими бошлиғининг ўринбосари Фил Робертсонга кўра, маҳкамага тортилган уч шахс маданий жиҳатдан "ноҳассос" ҳаракат қилишган, аммо қамоқ жазосига маҳкум этилмасликлари керак эди.

Унга кўра, ҳукм Бирмада фикр ва ифода эркинлигининг жиддий таҳдид остида эканини кўрсатади.

Сўнгги йилларда Бирмада буддавий миллатчиликнинг кучайгани кузатилади.

Вирату каби экстремист буддавий роҳибларнинг тарафдорлари кўпайган ва Роҳинада мусулмон озчилик ҳужумларга учраган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ