Исроилдаги сайловда яна Бенжамин Нетаняху партияси ғалаба қозонди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

17 март куни Исроилда ўтказилган парламент сайлови натижаси кўпчилик учун кутилмаган бўлди: сайловолди омма сўровига зид равишда Бош вазир Бенжамин Нетаняхунинг ўнг қанот “Ликуд” партияси ғалаба қозонган.

Маҳаллий вақт билан кечки соат 10 да эълон қилинган натижаларга кўра, Исроилда овоз бериш ҳуқуқига эга шахсларнинг 72 фоизи сайловда иштирок этган, бу 2013 йилдаги сайловга қараганда тўрт фоиз кўп сайловчи иштирокини англатади.

Сўнгги сайлов натижалари Исроил парламенти Кнессетдаги 120 ўриндан 30 тасини “Ликуд” партиясига эгаллашини, жаноб Нетаняхунинг асосий рақиби “Сионистлар Иттифоқи” 24 ўринга эга бўлишини англатади.

Ушбу вазият Бош вазир Бенжамин Нетаняхуга парламентда ўнг қанот коалиция барпо этишга имконият яратади.

17 мартдаги сайлов жаноб Нетаняхуни Исроилнинг тўртинчи марта бош вазирлик лавозимини эгаллашига йўл очади, бу билан у мамлакат тарихида энг узоқ вақт ҳокимиятни бошқарган сиёсатчига айланади.

Тунда илк натижалар қилиниши ортидан пойтахт Тел-Авивда ўз тарафдорлари қаршисида гапирган Бенжамин Нетаняху ўзларининг «буюк ғалаба»га эришганларини айтган.

“Ликуд” партияси эълон қилган баёнотга кўра, жаноб Нетаняху “зудлик билан ҳокимиятни икки уч ҳафта ичида шакллантириш ишларини бошлашни режалаштирмоқда”.

"Ликуд" энди парламентда 10 ўринни қўлга киритган марказ Кулану партияси ва миллатчи яҳудий ақидапараст партиялари билан ҳукумат тузишга ҳаракат қилади.

“Бу биз учун ҳамда бизнинг йўлимизга ишонганлар учун осон тонг эмас”, дейилган “Сионистлар Иттифоқи” раҳбарлари Ицхак Херцог ва Ципи Ливни номларидан эълон қилинган баёнотда.

“Сионистлар Иттифоқи” агар сайловда ғалаба қозонсалар, Фаластин маъмурияти ва халқаро ҳамжамият билан муносабатларни яхшилашга, ўртадаги муаммоларни икки давлат мақомида ҳал қилишга ваъда берган, жаноб Нетаняху эса Фаластин давлатининг барпо этилишига йўл қўймаслигини эълон қилган.

Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича муҳаррир Жереми Боуэн ёзишича, жаноб Нетаняху яна қатор ваъдаларни берган ва агар у бош вазирликни давом эттирса, бу ваъдалар Исроилнинг АҚШ ва Оврўпо билан алоқаларини ёмонлаштиради.

Шунингдек, Бенжамин Нетаняху Исроилнинг босиб олган ҳудудларида яҳудийлар учун минглаб янги уйлар қуришга ваъда берган.

Сўнгги сайловда исроиллик араблар кўпчиликни ташкил этадиган партияларнинг “Қўшма Араб рўйхати” парламентда 14 ўринни қўлга киритишган.

Бироқ улар ҳукуматда бирорта ҳам лавозим олмасликларини айтганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ