Россияликларнинг кўпчилиги Немцов қотиллигига нисбатан "бепарво"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россияликларнинг учдан бир қисми Борис Немцовнинг Кремл яқинида ўлдириб кетилишига бепарволик билан қарайдилар, айни дамда россияликларнинг аксари бу қотиллик ҳақида ҳақиқатни қачондир билишларига ишонмайдилар. "Левада-марказ" жамиятшунослари ўтказган сўровнинг хулосаси ана шундай.

Борис Немцов 28 февралда Москва марказидаги Москворецкий кўпригида тўрт ўқ билан отиб ўлдирилганди.

Мазкур таниқли мухолифатчининг ўлими билан боғлиқликда беш гумондор қўлга олинган. Терговчилар илк терговдаёқ улар айбга иқрор бўлганларини айтишган. Аммо кейинроқ гумондорлар босим остида кўрсатма берганларини билдиришди.

"Левада-марказ" сўровидан аниқ бўлишича, Немцовнинг ўлдирилиши Украина инқирози ва рублнинг қадрсизланишидан ҳам кенгроқ муҳокама қилинган.

Россиянинг фақат 2% аҳолиси Россиянинг яқин тарихидаги бу энг шов-шовли қотиллик ҳақида эшитишмабди.

Сўралганларнинг 37 фоизида бу қотиллик "ҳеч қандай ҳиссиётларни уйғотмаган". 26 фоизи ғамга ботган, 17 фоизи эса таажжубда қолган.

Жамиятшуносларнинг айтишича, сўралганларнинг 42 фоизида ахлоқий ва эмоционал гаранглик устунлик қилади.

Уларга кўра, Россияда сиёсатчининг машҳурлигига давлат телеканаллари орқали қанчалик тез-тез кўриниш бериши таъсир қилади. Охирги пайтларда давлат телевидениеси атайин парламентда бўлмаган мухолифатни четлаб келаётганди.

Россияликларнинг бепарволигини жамиятшунослар умумий апатия ва жамиятга бўлган қизиқишнинг йўқлиги билан изоҳлайдилар.

Сўралганларнинг деярли ярми мазкур қотиллик ортидаги сабаблар ва уюштирувчилар топилишига ишонмайдилар. Улардан 27 фоизига кўра, Россияда биронта ҳам сиёсий қотиллик очилмаган, 21 фоизига кўра эса, "мерганлар" топилади, лекин буйруқ берганлар озодликда қолади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002