Сребреницадаги қатлиом бўйича етти киши ҳибсга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Сербияда 1995 йилдаги Сребреница қатлиомида иштирок этишда гумон қилиниб етти киши ҳибсга олинган.

Бу одамлар Сребреница шаҳарчаси четидаги омборхонада тутқунликда сақланган мингдан ортиқ мусулмонни қириб ташлашда бевосита иштирок этганлар экани айтилмоқда.

Оврўпода Холокостдан кейинги энг катта ваҳшийлик бўлган Сребреницада уч кун ичида 13 ёшдан 77 ёшгача босниялик 8000 мусулмон эркак ва болалар қатл этилган.

Сребреница ҳамда Сараевода содир этилган жиноятлар Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги энг жиддий ҳарбий жиноятлар ҳисобланади.

БМТ тинчликпарвар кучлари назоратида бўлган Сребреница анклави 1995 йил 6 июлида Босния сербларининг генерал Ратко Младич раҳбарлигидаги қўшинлари томонидан босиб олинган ва қуролсиз инсонлар қатлиом қилинган.

Генерал Ратко Младич 2011 йилда ҳибсга олинган.

Ҳозирги пайтда Ҳолланиядаги Гаага трибуналида унинг устидан маҳкама давом этаяпти.

Сербияда ҳибсга олинган етти шахс бевосита Сребреница қирғинида қўли бор жиноятчилар, деб хабар қилишган Гаага маҳкамаси билан ҳамкорлик қилаётган Сербия ва Босния прокурорлари гуруҳи.

Бундан 20 йил олдинги қатлиомда гумон қилинаётган бошқа шахслар Сербия ва бошқа қўшни мамлакатларда қидирилмоқда, деб айтганлар прокурорлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002