Эбола эпидемияси қай ҳолатда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Эбола эпидемияси бошланганига бир йил тўлди

Ғарбий Африкада Эбола эпидемияси расман эълон қилинганлигига бир йил тўлди.

Бирлашган миллатларнинг Эболага қарши кураш бўйича агентлиги раҳбари хасталикка қарши илк чораларда хатога йўл қўйилганини тан олган, аммо август ойигача эпидемияга барҳам берилишини айтган.

Исмоил Уд Шайҳ Аҳмадга кўра, хасталик ҳақида етарли билимларнинг йўқлиги ва халқаро ҳамжамиятнинг бир қадар бепарволиги Эбола тарқалишини тўхтатиб қолиш ҳаракатларига тўсқинлик қилган.

У эпидемия тарқалганига бир йил тўлиши муносабати билан гапирган.

Ҳозирда халқаро хайрия ташкилотлари бу эпидемиянинг ҳануз тугамаганини урғулашмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Эбола ҳақида ҳафталик маълумотлар

Эбола эпидемиясининг энг қақшатқич кўринишида бу сафар ўн мингдан кўп инсон ҳалок бўлди.

Буларнинг деярли бари Гвинея, Сиерра Леоне ва Либериядадир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Эболанинг Ғарбий Африкада тарқалиши харитаси

Бу йилнинг январ ойи охирида Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) Эболага қарши кураш янги босқичга ўтди, деб эълон қилганида анча хушбинлик пайдо бўлган эди.

Бироқ Чегарасиз Шифокорлар хайрия ташкилотининг билдиришича, ундан бери кескин камайиш кузатилмаган.

Хайрия ташкилотининг айтишича, мазкур эпидемия соғлиқни сақлаш ҳамда кўмакчи ташкилотларнинг нақадар суст жавоб беришини очиқ кўрсатиб қўйди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Эбола эпидемиясига барҳам берилган мамлакатлар

Оксфам хайрия ташкилоти ҳам ҳукуматлар ҳамда кўмакчи ташкилотлар кўпроқ медик жавобга урғу беришганини, билъакс жамоа билан иш олиб бормаганлигини тан олди.

Қизил Хоч ташкилотининг билдиришича ҳануз унинг ходимлари маҳаллий халқ вакиллари томонидан Эбола хусусида ҳужумга тутилишмоқда.