Санодаги ҳужумларни “Исломий давлат” амалга оширганини даъво қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Масжидлардан бири ҳужумдан кейин...

Яман пойтахтида 137 инсоннинг ўлимига сабаб бўлган худкушлик ҳужумлари учун “Исломий давлат” масъулиятни ўз зиммасига олган.

Айни гуруҳ тўрт ой аввал Яманда ўрнашганидан бери илк бор бу қадар даҳшатнок ҳужумни амалга оширмоқда.

Ҳужумга тутилган иккала масжид ҳам Санони назорат қилаётган шиаларнинг Хутилар гуруҳи тарафдорларига қарашли бўлган.

Яман бир неча йиллардан бери сиёсий талотўплар ичида эди.

Ҳозир Хути исёнкорлар 21 вилоятни назорат остига олган.

Халқаро тан олинган президент Обид Раббо Мансур Ҳади эса мамлакатнинг жанубий бандаргоҳ шаҳри Адендан бошпана топгани айтилади.

Тўрт нафар ҳужумчи масжидларни нишонга олган пайт мусулмонлар Бадр ва ал-Ҳашуш масжидларида Жума намозини адо этаётган бўлишган.

Хутиларнинг машҳур уламоси Ал Муртада бин Зайд ал Маҳарварий ҳам қурбон бўлгани айтилади.

“Қон дарё каби оқарди”, деб айтган омон қолганлардан бири Муҳаммад ал Ансий.

Ал Қоида ва “Исломий давлат” шиаларни бидъатчилар деб билади.

Twitter да “Исломий давлат” номидан қолдирилган баёнотда яна бошқа ҳужумлар ваъдаси берилган.

Оқ Уй айни ҳужумларни “кескин қоралаган”.

Аммо Оқ Уй воизига кўра, “Исломий давлат” бу ҳужумларни ўз манфаатлари йўлида ёлғондан ўз зиммасига олаётган бўлиши мумкин.

Ямандаги Ал Қоида гуруҳи эса ўз раҳбари Айман ал Заваҳирийнинг масжидлар ва бозорларни нишонга олмаслик буйруғига биноан, бу ҳужумларга алоқаси йўқлигини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ