Обама: "Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик истиқболи нурсиз..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Обамага кўра, икки давлатчилик ечими истиқболлари ноаниқ қолмоқда...

Қўшма Штатлар Президенти Барак Обама Яқин Шарқда икки давлатчилик ечими истиқболлари “ноаниқ” эканини айтган.

Унинг бу сўзлари Исроил Бош вазири Фаластин давлати ташкил топишига қаршилик қилишга онт ичиши ортидан янграмоқда.

Ўшандан бери Нетаняҳу ўз изоҳларини юмшатишга уринган эса-да, унинг баёноти Оқ Уйни ғазабга келтирди.

Раҳбарлар қатор масалаларда келишмаслиги ортидан АҚШ ва Исроил ўртасида танглик кучайиб келаётганди.

Аммо, жаноб Обама Бенямин Нетаняҳу билан муносабатларини “бизнесникига ўхшаш” дея таърифлаган.

Можаро ортидаги асосий омил шахсий муносабатлар эмаслигини даъво қиларкан, Барак Обама: “Мен у билан дунёнинг бошқа раҳбарларидан кўра кўпроқ учрашганман”, деб айтган.

“У ўз қарашларидан келиб чиқиб, ўзи зарур деб кўрган ҳолатда мамлакати манфаатларини ҳимоя қилмоқда, мен ҳам худди шундай қиляпман”, дея қўшимча қилган у.

“Шундай экан, масала икки раҳбар ўртасидаги алоқаларга боғлиқ эмас; бу жуда аниқ-равшан, бениҳоя оғир муаммо”, дейди АҚШ раҳбари.

Аввалроқ, Исроил расмийлари Америка етакчилигидаги музокаралар яширин равишда кузатилаётгани борасидаги хабарларни рад қилишган.

Жаноб Нетаняҳу муаммони Қўшма Штатларнинг Эрон билан ядровий музокаралардаги ролига боғлайди. Унинг иддао қилишича, бу Исроил ҳавфсизлигига таҳдид туғдиради.

Айни пайтда Барак Обама Исроил Бош вазирининг сайловолди баёнотини қоралаган. Нетаняҳу унда Фаластин давлати ташкил этилишини рад қилганди.

АҚШ етакчилигидаги музокаралар Исроил жосуслари нишонига айлангани борасида “Уолл стрит жорнaл” (The Wall Street Journal)и хабар берган.

Аммо, Обама жаноблари матбуот анжуманида берилган бу ҳақдаги саволга изоҳ беришдан бош тортган.

Аксинча, у Исроил ва минтақадаги бошқа ҳамкорлар кечаётган музокаралар тафсилотларидан воқиф қилиб турилишига ишонч билдирган.

Обама жаноблари, шунингдек, Нетаняҳунинг сайловолди чиқишлари икки давлатчилик ечими илгарилаши учун фойдали эмаслигини қайд этган.

АҚШ телеканали билан суҳбатда Исроил Бош вазири икки давлатчилик ечимини исташи, бироқ “шароит ўзгаргани” ҳақида гапирганди.

Ўз ўрнида Барак Обама жаноб Нетаняҳу Фаластин давлати “ҳеч қачон” ташкил қилинмайди демаганини ҳам эътироф этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ