Germanwings ҳалокати: учувчилар кабинаси қулфланиб қолган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Алп тоғларида ҳалокатга учраган А320 учоғининг "қора қути" сидаги маълумотлар иккинчи учувчи учоқни қасддан ҳалокатга олиб борган, деган фикрни беради.

Бу борада прокурор Борис Робэн маълум қилган.

"Қора қути" ёзувлари кабина ичкаридаги учувчи улкан тезлик билан пасайишни охирги дақиқагача назорат қилиб турганини кўрсатади.

Алп тоғларида ҳалокатга учраган Олмониянинг Germanwings авиаширкати А320 учоғи “қора қутиси”даги ёзувга кўра, икки учувчидан бири учоқни бошқариш кабинасидан ташқарига чиққан, сўнг ичкарига киришга ҳаракат қилган.

Қатор оммавий ахборот воситалари ҳалокат сабабларини ўрганаётган гуруҳ аъзоларидан бирига таяниб бу ҳақда хабар тарқатганлар.

Одам етиб бориш қийин тоғли ҳудудда қидириш ишлари давом этмоқда, ҳозирча учоққа тегишли икки “қора қути”дан биттаси топилган.

Бу ёзувчи ускуна учувчилар кабинасидаги овозларни ёзиб боришга мўлжалланган бўлган.

Айтилишича, ҳалокат олдидан учувчилардан бири кабинадан ташқарига чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Сўнг ичкарига қайтиб кириш учун кабина эшигини тақиллатган.

Ичкаридан эса ҳеч қандай овоз бўлмаган.

Учувчилар кабинасига киришга уринган пилот эшикни уриб синдириб киришга ҳаракат қилган.

24 март куни эрталаб Испаниянинг Барселона шаҳридан Олмониянинг Дюсселдорф шаҳрига парвоз қилган Lufthansa таркибидаги Germanwings авиаширкатининг Аirbus 320 учоғи бортида 150 инсон билан Франция Альпида ҳалокатга учраган.

Текширувчиларга кўра, учоқ бортида портлаш рўй бермаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи getty

Учоқ ўз парвозидаги катта тезликда тоққа бориб урилган.

Ҳалокат сабабларини ўрганаётган Франция гуруҳи раҳбари Реми Жути айтишича, учоқ билан алоқа доим талаб қилинганидек бўлиб турган.

Ҳалокатдан 10 дақиқа олдин экипаж ўз парвозини давом эттириш бўйича янги кўрсатма олган бўлган.

Шундан кўп ўтмай учоқ баландлигини тезлик билан йўқота бошлаган.

Баландликни йўқотиш саккиз дақиқача давом этган.

Тергов гуруҳи раҳбари Реми Жути овоз ёзиш ускунаси ҳалокат пайтида ҳар хил овозларни ёзиб олган, бироқ олинган ахборот асосида бирор бир хулоса чиқаришга ҳали эрта, деб айтган.

Учоқ бортида Олмония, Испания, Дания, Ҳолландия, Белгия, Туркия, Австралия, Британия, Исроил ва Қозоғистон фуқаролари бўлганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ