Germanwings учувчиси уйида муҳим ‘далил топилган’

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Олмония полицияси Germanwings авиаширкатининг йўловчини учоғини қасддан йўқ қилишда гумон этилаётган Андреас Любиц уйида тинтув ўтказган ва тинтув пайти муҳим далил топилганини хабар қилган.

Андреас Любиц Дюсселдорфга яқин Монтабаур шаҳарчасида ота-онаси билан бирга яшаган деб кўрилади.

Олмон терговчилари учувчи яшаган уйда топилган далил нима эканини тушунтирмаганлар, бироқ Любицнинг бир неча шахсий буюмлари, жумладан, компютери олиб кетилган.

Матбуотда учувчи видолашув мактубини ёзиб қолдиргани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалган, полиция ходимлари, Андреас Любицнинг уйидан топилган “муҳим далил” видолашув хати эмас, деб айтганлар.

Бир неча соат давом этган тинтув Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари сўровига асосан ўтказилган.

Франция прокурори Борис Робен эълон қилишича, иккинчи пилот Андреас Любиц учоқни қасддан вайрон қилган.

Марсел прокурори сўзларига кўра, учоқ бошқарувчиси учувчилар кабинасидан чиққан пайтда иккинчи пилот эшикни ичкаридан бекитиб олган ва учоқни атайин пасайтириб тоққа олиб бориб урган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Терговчилар Франция Альпларида ҳалокатга учраган учоқ “қора қути”сидаги ёзувларни ўрганиб чиққанлар.

Бу ускунада учувчилар кабинасидаги овозлар ёзиб борилган.

Ҳалокатдан олдинги 30 дақиқа ёзувлари ўрганиб чиқилганда, Андреас Любиц кабинага киришга ҳаракат қилган учоқ раҳбарининг ичкарига киришига йўл қўймаган, диспетчерларнинг чақириқларига жавоб бермаган, учоқдаги автомат тизимларнинг ерга яқинлашаётгани ҳақидаги огоҳлантиришларини ҳам, кабина эшигини уриб синдириб ичкарига киришга ҳаракат қилган капитан шовқинларини ҳам совуққонлик билан кузатиб турган, унинг бир текисда нафас олиб тургани овозлари ёзилиб қолган.

Germanwings ширкати учоғида 150 инсон бўлган.

Учоқ қолдиқлари денгиз сатҳидан 2000 метрдан баландликда сочилиб кетган.

Қутқарувчилар қор билан қопланган ҳудудга фақат тикучарларда бора оладилар.

Испанияда қурбонлар хотирасига уч кунлик миллий мотам эълон қилинган.

Ҳалокатда 45 испаниялик, 67 олмониялик, шунингдек Австралия, Туркия, Дания, Голландия ва Белгия, Британия, Қозоғистон ва Исроил фуқаролари бўлишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ