Нигерия президентлик сайловида генерал Буҳарий етакчилик қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Нигерияда сайлов билбордлари

Нигериядаги президентлик сайловларнинг илк натижаларига кўра, жорий президент Гудлак Жонатан рақиби, мамлакатнинг собиқ ҳарбий раҳбари Муҳаммаду Буҳарийдан орқада қолмоқда.

Аммо аҳолиси кўп бўлган Лагос ва Риверс штатларида ҳали сайлов натижалари эълон қилингани йўқ.

Африкадаги йирик нефт конларига эга бу мамлакат сўнгги йиллар Боко Ҳарам эктремист гуруҳининг ҳужумларидан азият чекиб келмоқда.

Иккала номзод ҳам Боко Ҳарамни қандай жиловлаш борасида турфа қарашларга эга.

Боко Ҳарам яқинда “Исломий давлат”га баят берганини эълон қилган эди.

Нигериядаги сайловлар хавфсизлик муаммолари туфайли олти ҳафтага кечиктирилганди.

Мустақил Миллий Сайлов комиссиясига кўра, сайлов қолдирилишини ҳарбийлар тавсия қилишган.

Мамлакат армияси Боко Ҳарам билан курашда банд бўлгани учун сайлов жараёнида хавфсизликни таъминлаш масаласи қалтис эканини айтган.

Нигериядаги кечган аввалги сайловларда овозларни сохталаштириш кенг тарқалгани айтилади.

Шунингдек, зўравонликлар ҳам ўтган сайловларга жиддий соя солиб келган.

Асосий номзодлар кимлар?

Image caption Буҳарий ва Жонатан

Сайловда умуман 14 номзод беллашмоқда, аммо улар орасида фақат икки арбобнинг имкониятлари каттароқдир.

Булар Гудлак Жонатан ва генерал Муҳаммаду Буҳарийлардир.

Президент Жонатан иккинчи давра тўрт йиллик президентлик муддати учун курашмоқда.

Гудлак Жонатаннинг асосий сайловчилари мамлакат жанубидаги насроний аҳолидир.

Аммо унинг ҳукумати Боко Ҳарамга қарши етарлича курашмаяпти дея жиддий танқид остига олинганди.

20 март куни Би-би-си билан суҳбатда у Боко Ҳарам тобора “ожизланиб” бораётганини даъво қилган ва бир ой ичида йўқ қилиниши ҳақида айтганди.

Генерал Буҳарий эса сўнгги уч сайловни бой берган, аммо бу гал айрим оммавий ахборот воситалари унинг ғалаба қозонишини башорат қилишмоқда.

У мусулмонлар кўпчилик бўлган шимолий минтақада жуда машҳурдир.

Ўтмишда Буҳарий шариат қонунларини жорий қилиш борасида таклифларни қўллаб-қувватлаган.

У ўз сайловолди тарғиботида айнан хавфсизлик масаласига кўпроқ урғу берди.

Қудратга келгач исломий исёнкорларни бир неча ой ичида яксон этишини айтди.

Генерал Буҳарий 71 ёшда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02