Путин қандай тобланди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Путин нимадан қўрқади?

Путин шахсини тушунишни истаган ҳар бир одам бундан чорак аср аввал Шарқий Олмонияда кечган бир куну тун тарихини билиши керак.

Бу 1989 йилнинг бешинчи декабри, Берлин девори қулаганидан бир неча ҳафта ўтиб рўй берганди.

Шарқий Олмонияда коммунизм жон бераётганди.

Халқ иродасини букишга қодир ҳеч бир нарса қолмаган эди.

Оломон Дрездендаги Стази ( Олмония махфий хизмати) идорасига бостириб кирди.

Кечагина энг қудратли махфий полиция хизмати бирданига ожизланиб қолди.

Кейин бу оломоннинг кичикроқ гуруҳи йўл четидаги йирик уйга қараб юришди.

Бу уйда Шўроларнинг махфий хизмати ходимлари, КГБчилар паноҳ топишганди.

"Ташқаридаги қўриқчилар тезликда ваколатхонанинг ичига кириб кетишди, аммо орадан кўп ўтмай бўйи пастроқ бир зобит чиқди, у ғазабини зўрға босиб турарди”, дейди ана шу гуруҳ аъзоларидан бири Зигфрид Даннат.

"У бизга, бино ичкарисига киришга ҳаракат қилманг, мен ва ўртоқларим қуролланган ва биз фавқулодда ҳолатларда ўт очишимиз мумкин”, деди.

Унинг бу таҳдиди билан гуруҳ бинога кириш фикридан қайтади.

Аммо КГБ зобити вазият қанчалар хатарнок эканини яхши тушунар эди.

Кейинроқ у қандай қилиб Қизил Армия қўмондонлигига сим қоққани, бинони қўриқлаш учун танклар жўнатишни сўрагани ҳақида гапириб беради.

Унга берилаётган жавоблар шафқатсиз эди.

Ҳаётни ўзгартириб юборадиган ҳақиқатлар бор эди бу жавобларда...

“Биз Москванинг буйруғисиз ҳеч нарса қилолмаймиз. Москва сукут сақламоқда”.

“Москва сукутда” деган ибора бу КГБ ходимини ҳозиргача таъқиб қилади.

Бугун бу КГБ ходимининг ўзи...Москвага айланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Дрезден. Путин ҳали чеккаларда...

"Менимча, Путинни учун тушуниш... бу жуда муҳим вазият эди, агар Путин ўшанда Шарқий Оврўпода бўлмаганида эди, балки бошқача инсон бўларди”, дейди Россия президентининг таржимаи ҳолчиларидан бири олмониялик Boris Reitschuster.

Дрездендаги воқеа бир маънода Путиннинг кўзини очди, унга жамият қандай бўлиши керак деган ғояни берди, қудратли таниш-билишчилик тармоғини яратиш ва шахсий бойлик орттириш муҳим эканини англатиб қўйди.

Энг аввало, бу воқеа сиёсий элитанинг қанчалар қалтис бўлиши ва осонлик билан халқ томонидан ағдариб ташланиши мумкинлигини кўрсатди.

Путин Дрезденга ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида КГБ агенти ўлароқ жўнатилганди.

Олмония Демократик республикаси Иккинчи Жаҳон урушидан кейин коммунист давлат ўлароқ яратилган эди.

Ғарбий Оврўпонинг биқинида бўлган бу янги давлат Шўролар Иттифоқи учун муҳим бир минтақа эди.

Шарқий Олмония Шўро армияси ва жосусларига “лиқ тўла” эди.

Путин КГБ сафида бўлишни ўсмирлигидан орзу қилар эди.

“Бир киши бутун бир армия қилолмаган ишни бажаради. Бир жосус минглаб одамларнинг тақдирини белгилайди”.

Аммо бошида Дрезденда Путин фаолияти анча чекланган ва ўта зерикарли эди.

Шарқий Олмониянинг қудратли жосуслик хизмати архивларида Путиннинг Стази раҳбарига ёзган мактуби сақланиб қолган.

Бунда у ўз айғоқчисининг уйига телефон ўрнатиб беришни илтимос қилади.

Шўро ва Шарқий Олмония давлатлари орасида муносабатларни “шарафлайдиган” ўнлаб йиғину тадбирларда Путин ҳам қатнашади.

Алҳол, жосус ўлароқ Путин учун бу зерикарли ҳаёт бўлса ҳам, унинг ёш оиласи Шарқий Олмониядаги Шўролардан кўра яхшироқ ҳаётда маза қилиб яшашарди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Путин ўз айғоқчиси учун телефон ўрнатилишини сўраб ёзган хати

Путиннинг собиқ хотини Людмила, кейинроқ Шарқий Олмониядаги ҳаёт Советлар Иттифоқиникидан кўра “ўта бошқача” бўлганини хотирлайди.

Путин оиласи билан КГБ ва Стази ходимлари учун қурилган махсус уйдаги хонадонларнинг бирини эгаллаганди.

"Олмония Демократик Республикасининг жосуслик хизмати ходимлари биздан кўра кўпроқ маош олишган, буни уларнинг яшаш тарзидан билар эдик. Аммо биз иқтисод қилиб, машина сотиб олишга ҳаракат қилардик”, деб хотирлаганди Людмила.

Путиннинг собиқ ҳамкасбларидан бири Владимир Усолтсевга кўра, Путин Ғарбий Олмониянинг каталогларини варақлаб, замона ва модадан ортда қолмасликка ҳаракат қилган.

У пивони яхши кўрган.

Шимолий Олмониянинг Шўролардан яна бир фарқи, гарчи коммунистлар назорати остида бўлса ҳам, бу мамлакатда бошқа партиялар ҳам бор эди.

Boris Reitschusterга кўра, Шарқий Олмониядаги бу “кўппартиявийлик” Путинга маъқул бўлган ва бугун Россияда у ўзининг Шарқий Олмониясини қуриб олган...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Путин яна Дрезденда...

Аммо 1989 йил кузида Путиннинг Дрездендаги “жаннатий ҳаёти” дўзахга айлана бошлади.

Октябр ойининг бошларида Прагадаги Ғарбий Олмония элчихонасидан бошпана сўраган юзлаб шарқий олмонияликлар поездга жойлаштирилиб Ғарбга жўнатилган.

Поезд Дрездендан ўтар экан, оломон ўзини вагонларга уриб, Ғарбга қочишга ҳаракат қиларди.

Wolfgang Berghofer Дрезденнинг коммунист ҳокими бўлган.

Унинг айтишича, шаҳардаги Шўролар армияси генерали унга, агар Москвадан буйруқ келса, биз танкларни ишга соламиз дейди.

Ноябр бошларида Берлин Девори қулар экан, шаҳарда намойишлар ва намойишчилар сони кўпайиб кетади.

Владимир Путин ҳам Совет генераллари танкларни ишга солишига шубҳа қилмас эди.

Аммо...йўқ, Михаил Горбачёв остидаги Москвада сукунат ҳукмрон эди.

Қизил Армиянинг танклари ишга солинмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Горбачёвни олқишлаётган Коҳл

“Ҳеч ким бизни ҳимоя қилиш учун ақалли ҳаракат ҳам қилмади”...

Путин ва ҳамкасблари зудлик билан жосуслик маълумотларини ёқишни бошлайдилар.

"Мен ўзим жуда кўп материалларни ёқиб юбордим”, деб хотирлайди Путин.

Икки ҳафта ўтиб эса Дрезденга Ғарбий Олмония канслери Ҳелмут Коҳл келди.

Нутқ сўзлади.

Унинг нутқидан икки Олмониянинг бирлашиши муқаррар экани аён бўлди.

Шарқий Олмония ва ё Олмония Демократик Республикаси поёнига етаётганди.

Коҳл Горбачёвни олқишлади.

Олмонияда танкларни ишга солмагани учун Горбачёвни кўкларга кўтарди.

Путин Коҳлни олқишлаётган оломон орасида бўлган – бўлмагани аниқ эмас, аммо бу воқеадан хабардорлиги тайин эди.

Бу воқеа Путиннинг оиласи учун ҳам даҳшатли бир тушдай эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

"Биз қарийб ўзимизнинг ватанга айланиб қолган мамлакат йўқолиб кетаётганидан даҳшатга тушгандик”, деб хотирлайди Людмила.

"Менинг қўшним, дўстим бир ҳафта йиғлади... Бу улар учун нафақат иш, балки ҳаётнинг хотимасидай эди”.

Путиннинг айғоқчиси учун телефон ўрнатиб берган ва ҳам унинг Стазидаги ҳамкасбларидан бири Horst Boehm намойишчилар томонидан ҳақоратлар остида кўз очолмай қолганди.

1990 йил бошида у ўз жонига қасд қилади.

Путиннинг танқидчилари ва таржимаи ҳолини ўрганган Маша Гессенга кўра, Путин оиласининг олмон дўстлари уларга 20 йиллик автомобил беришади.

Ана шу машина билан Путин оиласи Ленинградга етиб олади.

Путин қайтиб келган мамлакатнинг ўзи эрта-индин қулаб кетиш ҳолатида эди.

"У бу мамлакатни тушунишни ва қабул қилишни истамас эди”, дейди Маша Гессен.

Унинг шаҳри Ленинград эмас, яна Санкт Петербугга эврилаётган эди.

Путин нима қилиши керак энди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Майдан Путинга Дрезденни эслатганми?

Кимдир унга таксичилик қилишни маслаҳат беради.

Аммо тез орада Путин ўзининг нимага қодирлигини ва имкониятларини англаб етади.

Дрездендаги ҳамкасблари ҳам Шўролар даврида кафолатланган иш, обрў ва яхши ҳаётдан ажраб қолишган эди.

Бу янги Россияда ҳам иқтисодий ва ҳам сиёсий манфаатларни кўзлаган янги тармоқ эди.

Путинга яқин ва қудратли шахсларнинг аксарияти ана шу тармоқдаги шахслардир.

Масалан, собиқ Стази зобити Матиас Варниг Дрезденда Путин даврида ишлагани айтилади.

Ҳозир у Россия газини Болтиқ оша Олмонияга йўналтирган Nordstream ширкатининг ижрочи менежери...

Айнан мана шу газ қувури Олмониянинг Россия билан алоҳида бир алоқалари рамзига айланганди.

Аммо Украинадаги воқеалар бу алоқаларда танаффус пайдо қилгандай...

Путин шахсини ўрганганлар уни Киевнинг Майданида рўй берган манзарадан чўчигани ҳақида айтишади.

Дрезденда 1989 йил декабрида рўй берган воқеа гўё такрор бўлаётгани каби уни безовта қилгани тайин...

Шунданми, эҳтимол Путиннинг кейинги қадамларини чамалаш учун унинг ўтмишига назар ташлаш керак бўлади.

Аммо бу ерда бир фарқ бор.

Фарқки, токи Кремлдаги қудрат Путинга тегишли экан, Москва сукунатга чўммайди...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ