Яманда ким кимга қарши?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Яман охирги йиллардаги энг қақшатқич можарони бошдан кечирмоқда. Турли қуролли гуруҳлар мамлакатни назорат қилиш юзасидан курашмоқдалар.

Ким кимга қарши курашяпти?

БМТга кўра, охирги ойларда Яман қатор гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувлар гирдобида қолиб, "фуқаро уруши" ёқасига келиб қолган.

Асосий урушаётган томонлар қочиб кетган президент Абдураббаҳ Мансур Ҳоди тарафдорлари ва Ҳутилар номи остида маълум Заидия шиа жангариларидир.

Жаноб Ҳоди феврал ойида пойтахт Санани ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Юқорида келтирилган икки гуруҳга қарши Араб Ярим оролидаги Ал-Қоида гуруҳи ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, 2014 йилда Яманда Исломий Давлатга содиқлигини эълон қилган ва март ойида Санада қатор худкушлик ҳужумларини уюштирганлигини даъво қилган гуруҳ ҳам бор.

Жангарилар март ойи охирларида президент яширинган Адендаги қароргоҳга яқинлашган вақтлари, Саудия Арабистони жаноб Ҳодининг илтимосига биноан можарога аралашиб, Ҳутилар мавқеларини нишонга ола бошлади.

Ҳозирда бу ҳарбий Иттифоққа Иордания, Миср, Марокаш, Покистон ва Судан ҳам қўшилганлар.

Ямандаги ҳодисалар аҳамияти

Ямандаги ҳодисалар бутун минтақадаги тангликни янада мушкуллаштириши мумкин.

Бундан ташқари, у ердан туриб режалаштирилаётгани айтилган ҳужумлар туфайли Ғарбнинг ҳам хавотирлари кучаймоқда.

Ғарбдаги мутахассилар Ал-Қоиданинг Араб ярим оролидаги бўлинмасини улар эга бўлган мутахассилар ва қамрови кетидан энг хавфли гуруҳлардан бири сифатида кўрадилар.

АҚШ президент Ҳодининг қўллови билан уларнинг мавқеларига қарши дрон ҳужумларини амалга ошириб келганди.

Лекин Ҳутилар ҳужумлари ортиши билан бу амалиётлар суръати кескин камайди.

Ҳутилар билан сайланган ҳукумат ўртасидаги қарама-қаршилик шиалар раҳбарлиги остидаги Эрон ва суннийлар қудратда бўлган Саудия Арабистони орасидаги танглик акси ҳамдир.

Форс кўрфази давлатлари Эронни Ҳутиларни молиявий ва ҳарбий жиҳатдан қўллашда айблаб келадилар.

Эрон бу даъволарни рад этган ва президент Ҳодини дастаклагани маълум.

Яман шунингдек, Қизил Денгиз билан Аден кўрфазини боғловчи муҳим стратегик нуқтада жойлашган бўлиб, жаҳонда ташиладиган нефтнинг аксар қисми ана шу ердан ўтади.

Ҳутилар кимлар?

Ҳутилар Ансор ул-Оллоҳ номи остида маълум бўлган гуруҳга содиқ жангарилардир. Улар шиа мазҳабига мансуб заидийлар.

Заидийлар Яман аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил қиладилар, ва Шимолий Яманда 1962 йига қадар минг йилча ҳукмронлик қилганлар.

Ҳутилар номи Ҳусайн Бадрддин ал-Ҳутидан келиб чиққан. У 2004 йили гуруҳнинг Саъда вилоятига кенгроқ мухторият берилиши, сунний Ислом томонидан заидий мазҳаби ва анаъларини ҳимоя қилиш учун исёнга бошчилик қилганди.

Ал-Ҳути 2004 йили Яман ҳарбийлари томонидан ўлдирилганидан сўнг, унинг оила аъзолари 2010 йили ҳукумат билан оташкесим имозлангунга қадар, ҳаракатга раҳбарлик қилганлар.

Лекин 2011 йили Ҳутилар президент Солиҳга қарши ҳаракатга қўшилдилар.

20-асрнинг аксар қисми мобайнида Яман икки алоҳида мамлакатдан иборат эди. Шимолда Яман Араб Республикаси ва жанубда Яман Халқ Демократик Республикаси мавжуд бўлган.

1990 йили мамлакатлар бирлашиб, Яман Республикасини ташкил этдилар.

Лекин жанубликлар сўнгги пайтлар Санадаги ҳукумат уларни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан камситаётганлигидан шикоят қила бошладилар.

1994 йили аввалги тизимга қайтиш учун фуқаро уруши рўй берди. Мақсадга эришилмади.

Беқарорлик, заиф ҳукумат, коррупция, захирларнинг камайиши ва абгор инфраструктура Яқин Шарқдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири бўлган Яманнинг ривожланиши йўлида катта тўсиқдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer