Саудия Арабистонининг “Исломий давлат”га қарши жиҳоди

Image caption Саҳрога, пойгага...

Ар-Риёднинг шундоққина ташқарисида туя ўркачлари каби ястанган саҳрога ҳордиқ чиқариш асосан ёшлар йиғилган.

Бу ерда 4X4 русумидаги автомобилларнинг пойгаси бўлади.

Мишан Ал-Онзий ўзининг ўсмир дўстлари билан бирга томошага келган.

Унинг оиласи ҳозир “Исломий давлат” назорати остида бўлган Ироқнинг шимолидаги минтақадан Саудияга ҳижрат қилган.

Мишан менга ўз дўстларидан бири Сурияга сафар қилгани ва “Исломий давлат” сафига қўшилганини айтади.

"Сал пастроқ табақадан бўлганлар кўп нарсани билишмайди, “Исломий давлат” айнан шунақаларни қидириб юради”, дейди у.

"Даеш (“Исломий давлат” бунақаларнинг бошини тезгина айлантириб қўяди”.

Саудия Ички ишлар вазирлигига кўра, 2011 йилдан бери 2 ярим мингдан ортиқроқ саудиялик Суриядаги экстремистик гуруҳлар сафларига қўшилган.

Улардан 600 нафари қайтиб келган.

Ўтган йил “Исломий давлат”га алоқадорлик гумонлари билан мамлакат ичкарисида 400 киши ҳибсга олинган.

Бу катта сон эмас, дейди Ички ишлар вазирлигининг воизи генерал Мансур Султон Ал-Туркий, аммо жиддий хавотир қилишга асос бор.

“Исломий давлат”ни ким яратган бўлса ҳам, уларнинг мақсадларидан бири Саудия Арабистонига ҳужум қилишдир”, дейди воиз.

"Улар бизнинг чегараларимиз яхши қўриқланишини билишади. Шунинг учун ҳам бор кучларини тарғиботга сарфлашмоқда, ёш саудияликларни террор амалларига қўл уруш учун илҳомлантирмоқдалар”.

'Адолатсиз таққослаш”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хавф ташқаридами ё?..

2000 йилларнинг ўрталарида Ал Қоида жангариларининг ҳужумларидан кейин Саудия Арабистони террорга қарши курашга катта маблағ сарфламоқда.

Аммо яқингача ҳам бу мамлакатни Суриядаги исломчиларни дастаклашда айблаб келишарди.

Танқидчиларга кўра, жангари гуруҳларга Саудиянинг бадавлат шайхлари пул беришига ҳукумат кўз юмиб келади.

Шиа Эрон билан курашда сунний мусулмон гуруҳларни дастаклайди деб дакки беришар эди...

Кейин эса “Исломий давлат” пайдо бўлди ва Сурия ҳамда Ироқда каттагина ҳудудни эгаллаб олди.

Айни ҳудудларда “Исломий халифалик” ўрнатилганини даъво қилишди.

Энди эса “Исломий давлат” Ислом туғилган заминни ва муқаддас масжидларни босиб олмоқчи...

Ўтган йил Ар-Риёд “Исломий давлат”га аъзо бўлишни жиноят деб эълон қилди.

Саудиядаги муллаларни ишга солди.

Бугун бу муллалар “Исломий давлатни” ноисломий деб таърифлашмоқда.

Аммо мамлакатнинг ўзидаги ўта ақидапараст қонунларга кўз юмилди.

Яқинда саудиялик блоггер Раиф Бадавий Исломни ҳақорат қилди деган айб билан 1000 дарра уриш жазосига лойиқ топилди.

Бу эса ғарбликларни Саудия Арабистони ва “Исломий давлат” қадриятлари ўртасида таққослашга ундади.

"Мана шу таққослашнинг ўзи матбуот билан биз рўпара келаётган муаммодир. Сиз олмаларни норинжлар билан аралаштириб юборасиз”, дейди жосуслик хизматининг собиқ раҳбарларидан бири Шаҳзода Туркий ал Файсал.

"Даеш террорчи гуруҳ, бунда бир қонуний тизим йўқ. Подшоҳлик давлатдир, биздаги ҳуқуқий тизим тарихи Англиянинг анъанага асосланган қонунчилигидан ҳам қадимийроқдир”.

Хулқни ислоҳ қилиш маркази

Саудияликлар экстремистик гуруҳларга аъзо бўлаётганларнинг дунёқарашини ўзгартириш йўлида ислоҳотларга қўл урганликларини айтишади.

Менга “Исломий давлат” маҳбуслари сақланаётган қамоқхонага киришим учун рухсат беришди.

Бунақа рухсат ҳар доим ҳам берилавермайди.

Менга озода коридорларни, энг сўнгги тиббий жиҳозларга эга касалхона, меҳмонхона ва ҳатто инсон ҳуқуқлари поймол этилганида арзнома ташланадиган қутиларгача кўрсатишди.

Бу ўз навбатида қийноқларга қарши кураш усули ўлароқ таърифланди.

Аммо маҳбуслар йўқ эди.

Тўғрироғи, улардан фақат мен билан суҳбат учун бир нафари танлаб олинганди.

Қирқ беш ёшда бўлган Манна Носир Сурияга ёрдам ташкилотида ишлаш учун кетганини айтди.

У қочқинлар кўп бўлган Раққага жойлашгани, аммо кейинроқ бу шаҳар “Исломий давлат” қароргоҳига айланганини айтади.

"Улар мен агар Саудия Подшоҳ оиласи ва Араб раҳбарларига лойиқлигимдан воз кечмасам ўлим билан таҳдид қилишди”, дейди Манна Носир.

"Мен уларга лойиқлик учун қасам ичдим, уларнинг қонунларига риоя қилишга мажбур бўлдим”.

Менинг бу “хулқни ислоҳ қилиш маркази”даги саёҳатим давом этар, у ерда муллалардан тортиб рассомларгача, руҳшунослар ва шифокорларгача ишлаётганини кўрдим.

Марказнинг мақсади экстремистларни яна жамиятга қайтариш экан...

Ана шу давлат дастаклаётган дастурда қатнашганлардан бири Сурияга “Исломий давлат” сафларига қўшилиб, жиҳод қилиш учун бориб қайтгани ва бу ерда жиҳод ҳақидаги ғоялари ислоҳ бўлганини айтди.

"Мен ҳозир “Исломий давлат”нинг мусулмонларга ҳам, ғайридинларга ҳам қарши урушаётгани ҳақида эшитаман. Аллоҳга шукр, бу марказ бизга тўғри йўлни кўрсатди”.

Ҳафсаласи пир бўлган ёшлар

Image caption Зериккан ёшларми?

Аммо таъбир жоиз бўлса, Саудиянинг Ислом талқини “Исломий давлат”нинг тоқатсизлигига ҳамоҳангдир, дейди Яқин Шарқ масалалари бўйича лондонлик мутахассис Жейн Киннинмонт.

"Бошқа мусулмонлар, хусусан шиаларга нисбатан “мусулмон эмас” ва ҳатто “кофир” деб ёзғириш анъанасига Саудия муллалари тоқат қилишади”.

Саудия каби ўта анъанадор бир мамлакатда ёшлар асосан интернетда “яшашади”.

Ижтимоий тармоқларда фаол бўлган “Исломий давлат” учун бу айни муддаодир.

Гарчанд, аксарият Саудия ёшлари “нефтдан келадиган бойликларга чўмилиб” яшайди деган қараш кенг тарқалган бўлса ҳам, ҳукумат ҳаммани иш билан таъминлашга қодир бўлгани йўқ.

Саудиянинг учдан икки қисми ёшлардан иборат.

Қизиғи, биз на иши ва на ўқиши бор ёшларнинг “Исломий давлат”га қўшилиб кетиш истаклари ҳақида ҳам эшитдик.

Аммо жанг майдонига бориш осон эмас.

Саудияликлар ташқи ҳужумлардан ўзларини яхшигина иҳота қилиб олишган.

Подшоҳликнинг Ироқ билан чегараси том маънода “Исломий давлат”га қарши жабҳа чизиғидир.

Икки қаватли девор билан саҳро бўйлаб чўзилган, бу минтақа энг сўнгги техник воситалар билан кузатилади.

“Исломий давлат” аъзолари шу йил бошларида Саудия чегарачилари билан тўқнаш келган ва уч аскарнинг ҳаётига зомин бўлган эди.

Аммо хатар ташқарида эмас, ичкарида...

Саудияликлар эса айнан ўз диний қадриятлари, ғоялари қайсидир маънода ана шу ички хавфни тўйинтирмоқдами деган саволни сўрашаётгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02