'Дунё бўйлаб ўлим ҳукмлари қўрқинчли тарзда ортди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Хитойда қатлларга оид аниқ рақамлар давлат сири сифатида сақланади

Халқаро Амнести ташкилотининг бонг уришича, 2014 йил дунё бўйлаб ўлим жазоси ҳукми "қўрқинчли" даражада ошган.

Ташкилот ҳисоботига кўра, баъзи мамлакатлар олий жазони хавфсизликка "мавжуд таҳдид ва ё шундай кўринган" ҳолатларда ҳам қўллашмоқда.

2014 йилги ўсиш Хитой ва Нигерияда ўлимга ҳукм қилинганлар сони кескин ортгани билан изоҳланади.

Айни пайтда Хитойдан ташқари дунёнинг бошқа жойларида жазони ижро этиш ҳоллари камайгани хабар қилинади.

Халқаро Амнестининг қайд қилишича, 2014 йил 607 маҳкум қатл қилинган. 2013 йил билан солиштирганда бу қарийб 22 фоизга камдир.

Аммо, мазкур хулоса Хитойни қамраб олмаган. Чунки, Хитойда дунёнинг бошқа барча мамлакатларидагини қўшгандан кўра кўпроқ инсон қатл қилинади ва аниқ рақамлар давлат сири сифатида сақланади.

2014 йил дунёнинг 22 давлатида ўлим жазолари ижро қилинган.

Хитойдан бошқа энг кўп ўлим жазосини ижро этган мамлакатлар сирасига Эрон, Саудия Арабистони, Ироқ ва Америка киради:

Эрон - расман 289та қатлни эълон қилган; камида 454 ҳолат ҳукумат тарафидан эътироф этилмаган;

Саудия Арабистони - камида 90 инсон;

Ироқ - камида 61 кишига белгиланган олий жазо ижро қилинган;

АҚШ - 35 киши қатл қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption БМТ Мисрдаги маҳкамаларни "кўз кўриб, қулоқ эшитмаган" дея таърифлаган

Мисрда сўнгги икки йилдан ортиқроқ вақт ичида юзлаб одамларга ўлим жазолари тайинланган. Мазкур оммавий маҳкама ишлари исломчиларни бостириш ҳаракатларининг бир қисмидир.

Халқаро доирада бундай маҳкамалар танқид остига олинган, БМТ уларни "кўз кўриб, қулоқ эшитмаган" дея таърифлаган.

Нигерияда 2014 йил 659 кишига ўлим жазоси берилган. Халқаро Амнести ташкилотига кўра, бу 2013 йилга қараганда 500дан ортиқни ташкил қилади.

Ҳарбий маҳкама ўнлаб аскарларга олий жазо тайинлаган. Улар Боко Ҳарам жангарига қарши қуролли ҳужум манзарасида исёнда айбланишган.

Аввалроқ, Покистон ўлим жазосига мораторийни бекор қилганди. Мазкур қарор Пешавордаги мактабга қилинган Толибон ҳужуми ортидан олинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ