Исломий Давлат Дамашқдаги қочқинлар жамлоғига кирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Исломий Давлат жангарилари Сурия пойтахти Дамашқдаги фаластинлик қочқинлар жамлоғига бостириб киришган. Бу ҳақда фаоллар ва Фаластин расмийлари хабар тарқатди.

Айтилишича, жамлоқ ичида жангарилар ва қочқинлар ўртасида тўқнашувлар юзага келган. Тўқнашувлар ортидан ИД жамлоқнинг кўп қисми устидан назоратни ўз қўлига олган.

БМТнинг айтишича, жамлоқда 18 мингдан ошиқ фаластинлик қочқинлар бор.

Гувоҳлар ва матбуотдаги хабарларга кўра, жангарилар қўшни Ҳажар Асвад мавзесидан бостириб келганлар.

Ярмук номли қочқинлар мавзеси 1948 йилда Араб-Исроил урушидан қочган фаластинликлар учун қурилганди ва бир вақтлар фаластинлик қочқинларнинг норасмий пойхати деб қабул қилинган.

Суриядаги фуқаролар урушигача жамлоқда 150 минг қочқин яшаган. Улар ўз масжидлари, мактаблари ва идораларига эгалар.

Бироқ, 2012 йилдан бери бу мавзе ҳукумат қўшинлари ва исёнчилар ўртасидаги жанглар орасида қолиб кетди.

БМТга кўра, 18 минг одам ичимлик суви ва электр қувватисиз жамлоқда қолиб кетган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02