БМТ: исломий жангариларнинг сони бир йилда 70 фоиз кўпайган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

БМТ янги ҳисоботига кўра, “Ал-Қоида” ва “Исломий Давлат” сафларига қўшилиш учун 25000 дан зиёд хорижий жангари йўлга чиққан.

Ҳисобот муаллифларига кўра, хорижий жангариларнинг оқими “тарихда бунчалар баланд” бўлмаган.

Асли келиб чиқиши камида 100 мамлакатдан бўлган жангчилар Ироқ, Сурия, Ливия ва Покистон каби мамлакатларга йўл олганлар.

Ҳисоботда урғуланишича, ушбу ҳолат глобал хавфсизликка дарҳол ҳамда узоқ муддатли таҳдидни юзага келтиради.

Ҳисоботга кўра, 2014 йилнинг 2015 йил мартигача хорижий жангариларнинг сони таҳдид соладиган даражада тез кўпайган.

БМТ ҳисоботи муаллифлари шу муддат орасида жангарилар сони 71 фоиз кўпайган, деб ҳисоблайди.

Сурия ва Ироқ 22 мингтача чет эллик учун "экстремистларни вояга етказишни ниҳоясига етказувчи ҳақиқий мактаб"га айланган, дейилади ҳисоботда.

БМТнинг "Ал-Қоида"га қарши жорий этган санкциялари натижаларини кузатиб назорат қилиб борадиган экспертлар гуруҳи огоҳлантиришича, Ироқ ва Сурияда "Исломий Давлат"ни мағлубиятга учратиш жангариларни бутун дунё бўйлаб сочилиб кетишига олиб келиши мумкин.

Афғонистонда 6500 тача, Яман, Ливия ва Покистонда юзлаб хорижий жангарилар бор, дейилади ҳисоботда.

Чет эллик қуроллиларнинг энг кўпи Тунис, Марокаш, Франция ва Россиядан келгани, охирги пайтда эса Мальдив ороллари, Финландия, Тринидад ва Тобагодан исломий жангарилар сафига қўшилаётганлар сони ортиб бораётгани таъкидланган.

Хорижий жангарилар шахсини аниқлаш учун мамлакатлар истиғборот хизматлари ўртасида ўзаро маълумот алмашишни кучайтириш лозим, дея маслаҳат берилади ҳисоботда.

Исломий жангарилар сафини кўпайтираётган марказий осиёликлар

Шу пайтгача Марказий Осиёнинг барча давлатлари «Исломий давлат» хавфидан хавотир изҳор этиб улгуришди.

Аммо айрим тахминларга кўра, марказий осиёликларни минглаб сонда турфа экстремист гуруҳларга қўшилишининг туб сабаблари ҳақида ҳукуматлар жим.

Мутахассисларга кўра, жангари гуруҳлар ўз сафларига ёллаш йўлида тарғиботни интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали моҳирона олиб боришмоқда.

Аммо Марказий Осиё давлатларида истисносиз кенг қулоч ёйган порахўрлик, ишсизлик, камбағаллар ва бойлар ўртасидаги фарқнинг йириклашуви, инсон ҳуқуқларининг қўпол поймол этилиши ҳар қандай экстремист гуруҳ сафини кенгайтириш учун энг қулай омиллардир.

"Исломий давлат"нинг Яқин Шарқ мамлакатларида мисли кўрилмаган ғалабаси ва ҳатто, ўзига тўқ Ғарб мамлакатларидан ҳайрихоҳу-жангариларнинг бошини қовуштираётгани аксар кузатувчиларни ўйлатиб қўйган.

Ғарб давлатларидан Сурия ва Ироққа қараб йўл олаётганлар ўз мамлакатлари, хусусан, Американинг ташқи сиёсатидан норози эканликлари англашилади.

Кузатувчиларга кўра, экстримистик гуруҳларга келиб қўшилаётган Марказий Осиё фуқаролари учун бу каби «глобал баҳоналар» билан бир қаторда ўз ҳукмдорларидан норозилик ва қашшоқлик ҳам сабаб бўлмоқда.

Марказий Осиё ҳукуматларининг "эктримизмга қарши кураш" баҳонасида мухолифат ва мустақил фикрловчиларга нисбатан таъқиблари эса, алал-оқибат, яна шу ақидапараст гуруҳларга қўл келмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02