Обама Эрон атом дастурига оид шартномани олқишлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption "Тарихий келишув"

Президент Обама Эроннинг ядровий дастури бўйича эришилган шартномани “тарихий” деб атаган. Агар айни шартнома амалга оширилса, Обамага кўра, дунё хавфсизроқ бўлади.

Айни шартномадан мақсад Теҳронни ядро қуролига эга бўлишининг олдини олишга қаратилган бўлиб, эвазига Эронга нисбатан жазо чоралари босқичма-босқич енгиллаштирилади.

Эрон ва жаҳоннинг йирик олтита давлати иштирокида музокаралар бу борада энди якуний келишувга эришмоқлари лозим.

Эронликлар мамлакат бўйлаб байрам қилишга тушишган, Исроил эса бу шартнома ўзининг давлат ўлароқ яшаб қолишига таҳдид эканини айтмоқда.

"Бу узоқ муддатга мўлжалланган ва Эроннинг атом бомбасини яратиш эҳтимоли йўлидаги барча ҳаракатларни қамраб оладиган келишувдир”, деб айтган Америка президенти.

"Агар Эрон бу йўлда ғирромлик қиладиган бўлса, унда бутун дунё билади”, деб айтган Барак Обама.

Обамага кўра, айни шартнома ўзаро ишончга асосланмаган, балки “ мисли кўрилмаган текширувлар” мезон қилиб олинган.

Шартноманинг Америка Давлат департаменти ошкор қилган тафсилотларига кўра, Эрон уранни тўйинтириш учун ишлатиладиган центрфугалари учдан икки қисмидан кўпроғини қисқартиради.

Шунингдек, Эрон қуролларга яроқли бўладиган плутоний ишлаб чиқарадиган иншоотини қайта қуриши керак бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Эронда байрам

Теҳрон уранни тўйинтириш бўйича ҳам жиддий қисқартиришларга рози бўлган.

Мамлакат Ташқи ишлар вазири Жавад Зарифни эронликлар бир қаҳрамон каби олқишлар билан кутиб олишган.

Аммо Эроннинг қаттиққўл анъанадорлари айни келишувни танқид қилишган.

Уларга кўра, Эрон жуда оз ҳақ эвазига кўп нарсани қурбон берган.

Агар айни келишув ҳаётга татбиқ этилса, унда Эронга нисбатан ўрнатилган жазо чоралари бекор қилиниши мумкин.

Бу эса иқтисоди анчайин абгорлашиб қолган мамлакат учун йирик ғалабадир.

Энг қизиғи, Америка президентининг чиқиши Эрон телевизиони томон жонли кўрсатилган ва айримлар экрандаги Барак Обама билан selfie тушганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ