Мулло Умар таржимаи ҳоли Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига жавобми?

Афғон Толибони ўз руҳоний раҳбари Мулло Умар ҳукмронлигининг 19 йиллиги муносабати билан дея таржимаи ҳолини эълон қилгани кўпчиликни ҳайратлантирган.

5000 сўздан иборат биография Толибоннинг асосий веб-сайтида эълон қилинган ва Мулло Умарнинг туғилган вақти ва вояга етиши ҳақидаги баҳсларга аниқлик киритган.

Таржимаи ҳолда Мулло Умарнинг севимли қуроли RPG 7(СССРнинг Ручной Противотанковый Гранатомёти) бўлгани, у жуда оддий яшашни хуш кўриши ва "махсус" юмор ҳиссига эга экани айтилади.

Мулло Умарнинг қаерда эканлиги номаълум.

Толибон веб-сайтида ёзилишича, у Афғонистонда ва дунёда юз бераётган ҳодисалардан ҳар куни хабардор бўлиб турипти.

АҚШ Мулло Умар учун 10 миллион доллар мукофот пули эълон қилган, Америка етакчилигидаги Афғонистон ишғоли 2001 йилда бошланганидан буён кўриниш бермаган.

Мулло Умарнинг "Ал-Қоида" раҳбари Усома бин Лодинни дастаклагани Афғонистонга қарши уруш бошланишига етаклаган эди.

Афғон Толибони нега ўз раҳбариятига асос солингани 19 йиллигини нишонлашга қарор қилгани ва шу муносабат билан ўз раҳбари таржимаи ҳолини эълон этишга қарор қилгани сабаби аниқ эмас.

Айрим таҳлилчилар фикрича, бу Афғонистонда "Исломий Давлат" таъсири ошиб бораётганига қарши қўлланган чора бўлиши мумкин.

Шунингдек, яқинда Афғонистон Толибони бошпана берган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Мулло Умарнинг тирик эканини шубҳа остига олиб баёнот тарқатган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2001 йилдан буён Мулло Умар билан мулоқот қилишга урингани, бироқ шунча йилдан бери бунинг уддасидан чиқа олмаганини айтган.

Охирги 13 йил давомида Афғонистон ва дунёдаги кўплаб ҳодисаларга Мулло Умар бирор марта ҳам муносабат билдириб баёнот тарқатмаганини инобатга олиб, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Мулло Умарни ўзи учун бедарак кетган, деб билишини эълон қилган.

Би-би-си мухбирига кўра, кўплаб шарҳловчилар ва Толибонни яқиндан биладиганлар Мулло Умарнинг туғилган вақти ва мероси ҳақида бир фикрга келолмаганлар.

Таржимаи ҳолда айтилишича, у 1960 йили Қандаҳор вилояти Хакрез туманидаги Чоҳи-Ҳиммат қишлоғида туғилган.

Толибон раҳбари Мулло Муҳаммад Умар Мужоҳид деб тақдим қилинади ва у Хўтак қавмининг Томзи уруғидан экани айтилади.

Отаси Мавлавий Ғулом Наби "ҳурматли ақл-заковатли инсон ва ижтимоий намоянда" бўлгани ва Мулло Умар беш ёшга тўлганида оламдан ўтгани ёзилган.

Шундан кейин оиласи Ўрузгон вилоятига кўчиб ўтган.

Таржимаи ҳолда айтилишича, Совет қўшинлари Афғонистонга бостириб кирганидан кейин Мулло Умар мадрасадаги ўқишини ташлаган ва "диний бурчи талаби билан" жиҳодчига айланган.

Мулло Умарнинг 1983 йилдан 1991 йилгача Шўро қўшинларига қарши жанговор жасоратлари тилга олинади, унинг тўрт марта яралангани ва ўнг кўзидан ажралгани айтилади.

1992 йили Афғонистондаги коммунистик режим қудратдан ағдарилиши ортидан ҳарбий қўмондонлар ўртасидаги "гуруҳий низолар" авж олгани, ана шунга барҳам бериш мақсадида Исломий мужоҳидлар устидан раҳбарликни Мулло Умар 1994 йилда ўз қўлига олгани хабар қилинади.

1996 йилда у "Амирул-Мўъминун" бўлиб, руҳоний раҳбарга айлангани ҳақида ёзилган биографияда.

Пойтахт Кобул устидан назорат қўлга киритилиб Афғонистон Исломий Амирлиги эълон қилинганидан кейин "дунёдаги такаббур кофир кучлар Шариат қонунларига тоқат қилолмадилар" ва биргаликда ҳарбий ишғол бошладилар, дейилади Мулло Умар таржимаи ҳолида.

Мулло Умар ҳеч қачон ўзини атрофдагилардан юқори қўймаган, бирорта чет эл банк ҳисобига эга бўлмага, деб айтилади.

Айрим таҳлилчилар фикрича, Покистон билан Афғонистон чегарасида фаолият юритаётган бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ