Жереми Кларксон устидан иш ниҳоя топди

Image caption оп Гиер Би-би-сининг энг машҳур кўрсатувларидан бири бўлиб, бутун дунё бўйлаб 350 миллион томошабинига эга

Шимолий Йоркшер Полиция хизмати Топ Гиер (Top Gear) теледастури бошловчиси Жереми Кларксон билан боғлиқ жанжал бўйича "қўшимча амалга эҳтиёж йўқ"лигини айтган.

Шунингдек, полициянинг билдиришича, Би-би-си телевидениеси продюсери Оушен Таймон ўз номидан Кларксонга қарши иш очилишини истамаган, аммо улар тартибга биноан текширув ўтказишган.

Шимолий Йоркшер Полиция хизматига кўра, энди тергов жараёни ниҳоя топган ва иш ортиқ давом эттирилмайди.

Жереми Кларксон ўтган ой меҳмонхоналардан бирида Таймон жанобларига мушт туширган.

Хабар қилинишича, жанжал кун бўйи давом этган тасвирга олиш жараёни ортидан иссиқ овқат бўлмагани боис келиб чиққан.

4 март куни юз берган ҳужум натижасида Оушен Таймоннинг лаби ёрилган ва шишган. У жароҳати боис шифохонанинг тез ёрдам бўлимига мурожаат қилган.

Ҳодиса тўғрисида Кларксоннинг ўзи Би-би-си телеканали директори Данни Коэнга айтган.

10 март куни Жереми Кларксон вақтинча ишдан четлатилган. 25 мартга келиб эса, унинг Топ Гиер (Top Gear) теледастури бошловчиси сифатидаги вазифасига қатймаслигини эълон қилинган.

Бир миллиондан ортиқ мухлислари Кларксонни ишга қайтарилиши учун питеция имзолашган.

Бироқ, Би-би-си Бош директори Тони Холл "чегарадан чиқилгани" ва "бир одамга бир тартиб-қоида, бошқага бошқача тартиб-қоида" бўлмаслигини айтган.

Топ Гиер Би-би-сининг энг машҳур кўрсатувларидан бири бўлиб, бутун дунё бўйлаб 350 миллион томошабинига эга.

Шунингдек, телешоу Би-би-сига жуда катта молиявий фойда келтирган. Бу даромад йилига 50 миллион фунт стерлингни ташкил қилиши айтилади.

Би-би-сига кўра, шоу Жереми Кларксонсиз давом этишини билдирди.

Аммо, унинг ҳамкор бошловчилари Ричард Хаммонд ва Жеймс Мэй дастурда қоладими йўқлиги маълум эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Бу мавзуда батафсилроқ