БМТ: 'Дамашқдаги қочқинлар жамлоғида вазият абгор'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 18, 000 қочқин ҳали ҳамон жамлоқда экани айтилади

БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши Дамашқдаги Ярмук қочқинлар жамлоғига киришга изн беришни талаб қилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмийси 18, 000 фаластинлик қочқин бошпана топган жамлоқдаги вазиятни ўта абгор дея баҳолаган.

Вазият "Исломий Давлат" гуруҳи ҳужумларини бошлаган 1 апрел кунидан бошлаб янада ёмонлашган.

Сурия ҳукуматига қарши фаластинлик қуроллилар ва Озод Сурия Армиясининг оз сонли жангчилари ИД жангариларга қарши ҳужумларга етакчилик қилишмоқда.

'Бунга нуқта қўйилиши керак'

15 аъзодан иборат Хавфсизлик Кенгашига раҳбарлик қилаётган Иордания элчиси Дина Кавар "оддий инсонларни ҳимоя қилиш... инсонпарварлик ёрдамлари олиб кириш... ҳамда жон сақлашга ёрдам бериш"га чақирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Фаластинлик қуроллилар ва Озод Сурия Армияси жангчилари ИДга қарши ҳужумларга етакчилик қилишмоқда

БМТнинг Фаластин Қочқинлари учун Ёрдам ва Иш Агентлиги вазиятни "ҳар қачонлигидан кўра жиддий" дея таърифлаган.

Агентлик расмийси Крис Гуннес: "Жамлоқдаги вазият ноинсонийлик чегарасидан ҳам чиқиб кетган", дейди.

"Озиқ-овқат, сув йўқ ва дори-дармон ўта чекланган ҳажмда... Одамлар уйлари ичкарисида яшириниб олишган. Кўчаларда жанглар давом этмоқда... Бомбардимонлар бўлаётгани ҳақида хабарлар бор. Бунга чек қўйилиши керак ва оддий инсонлар кўчирилиши лозим".

БМТдаги Фаластин элчиси Риёд Мансур қочқинларни қутқариш ўз ҳукумати кун тартибидаги асосий вазифа эканини айтган.

У ҳам Хавфсизлик Кенгаши аъзоларидан қочқинларни Суриянинг бошқа ҳудуди ё-да, хорижга кўчиришни сўраган.

Ҳафтанинг дам олиш кунлари бир неча юз киши жамлоқдан қочиб чиқишга муваффақ бўлган.

Image caption Маълумотларга кўра, ҳозир ИД жамлоқнинг 90 фоизини назорат қилмоқда

Сурияда бешинчи йилдирки давом этаётган қонли қарама-қаршиликларда 200, 000дан ортиқ сурияликлар нобуд бўлган.

Президент Башар тарафдорлари, унга мухолифлар ҳамда "Исломий Давлат"га қарши жанглар 11 миллион инсонни уй-жойидан айирган.

Ярмук жамлоғи 1948 йилги Араб-Исроил уруши туфайли қочиб чиққан фаластинликлар учун барпо қилинганди.

Сурия ички урушлари бошланишидан олдин у ерда 150, 000 қочқин яшаган. Жамлоқнинг ўзида масжидлар, мактаб ва жамоат жойлари мавжуд.

2012 йилдан бери кечаётган жанглар боис жамлоқ қамалда қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.