Толибоннинг яна бир қаноти 'Исломий Давлат'га байъат келтирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Бу ҳақда "Исломий Давлат"нинг минтақадаги воизи Шаҳидуллоҳ Шаҳид билдирган.

Унга кўра, Покистон Толибон ҳаракатининг Афғонистон билан чегарадош минтақаларда фаолият юритувчи Бажаурдаги қаноти бор туришича Абу Бакр ал-Бағдодийни ўз халифлари сифатида тан олган.

Сўнгги янгилик Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳи Покистонда ўзининг минтақадаги тармоғига асос солганидан бор-йўғи бир неча ой ўтиб кузатилмоқда.

Ўтган йил охирида Покистон Толибон ҳаракатининг ўша пайтдаги воизи бўлган Шаҳидуллоҳ Шаҳид дохил қатор юқори мартабали қўмондонлари биринчилардан бўлиб "Исломий Давлат"га байъат келтиришганди.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Бажаурдаги қанотининг тўлиғича "Исломий Давлат" сафларига ўтиши ҳаракатга берилган жиддий зарба бўлади.

Чунки Покистон Толибон ҳаракатининг фаолияти мамлакатда расман тақиқланган.

Устига устак, қарийб бир йилдирки, улар Покистон Қуролли кучларининг кенг қамровли ҳарбий амалиётлари остида қолишган.

Ҳозирга келиб, йилларки, ўзларининг асосий таянч нуқталари бўлган Шимолий Вазиристондаги мавқеъларини йўқотишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шу кунларда Тира водийсидаги сўнгги истеҳкомларини асраб қолиш учун жанг олиб боришмоқда.

Бундан ташқари, "Исломий Давлат" шу пайтгача минтақада ёллашга муваффақ бўлган янги жангариларининг аксарияти ҳар икки ҳаракатга мансуб собиқ толиблардир.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, "Исломий Давлат" минтақадаги янги тармоғининг раҳбари ҳам Покистон Толибон ҳаракатининг собиқ юқори мартабали қўмондони Ҳафиз Сайид Хон бўлади.

Шаҳидуллоҳ Шаҳиднинг Покистонда чоп этилувчи нуфузли "The Express Tribune" нашрига айтишича, ҳаракатнинг Бажаурдаги қаноти бундан буёғига айнан унинг қўмондонлиги остида фаолият юритади.

Шу ҳафта бошида Покистон Толибон ҳаракатининг янги воизи Муҳаммад Хуросоний Бажаурдаги лидерлари ва унинг муовини истеъфо беришганини маълум қилган, аммо бунинг сабабини очиқламаганди.

Ҳаракат, ҳозирча, воқеаларнинг сўнгги ривожи юзасидан ҳам бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Аммо, хабарларга кўра, аллақачон Бажаурдаги қанотига янги раҳбар тайинлаган.

"Хуросон Исломий Давлати" гуруҳи воизининг суҳбатидан аён бўлишича, Мулла Муҳаммад Умарнинг фаолияти Афғонистон билан чегараланиб қолгани, фақат жиҳодий амирлари бўлгани ва сўнгги йилларда қораси кўринмай кетгани боис, Бажаурдаги толиблар ундан воз кечиб, Яқин Шарқдаги исломий халифат халифига байъат келтиришга қарор қилишган.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг баён қилишича эса, лидерлари тирик, ҳануз хорижий кучлар ва афғон қўшинларига қарши амалиётларига бошчилик қилмоқда.

Ҳаракат ўз иддаоларининг исботи сифатида яқинда Мулла Муҳаммад Умарнинг таржимаи ҳолини ҳам китоб ҳолида чоп этиб чиқарганди.

Шу пайтгача минтақадаги аксарият йирик жангари гуруҳлар айнан Мулла Муҳаммад Умарга байъат келтириб келишган.

Воқеаларнинг "Исломий Давлат" билан боғлиқ минтақадаги ўтган ярим йиллик ривожига Афғонистон Толибон ҳаракатининг лидери бирор бир расмий муносабат билдирмаган.

Шаҳидуллоҳ Шаҳид жаноблари, ўз ўрнида, бундан буёғига ҳам "Исломий Давлат" сафига қўшилиш истагидаги толиблар сони ортиб боришини-да иддао қилишни унутмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Шу кунларда "Исломий Давлат" гуруҳи Афғонистонга ҳар томондан сизиб кириш, толиблар ҳисобидан ўзига янги жангарилар ёллаш, айрим вилоятларида аллақачон ўз истеҳкомлари ва тайёргарлик жамлоқларини ташкил қилиш ҳаракатида эканига оид хабарлар бор.

Бошқа томондан, айрим интернет нашрларида Афғонистонга бевосита қўшни Ўзбекистон "Исломий Давлат"нинг аллақачон Марказий Осиёда ҳам фаоллашишга улгурганидан ташвишда эканига оид мақолалар бўй кўрсатган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожидан минтақадаги барча давлат раҳбарлари жиддий хавотир изҳор этиб чиқишган, ўз чегараларини мустаҳкамлаш ва турли хавфсизлик чораларини кўриш ҳаракатига тушиб қолишгани ҳам бор гап.

Сафларидаги жангариларининг сони 30.000 дан ошиши айтилувчи "Исломий Давлат" жорий пайтда дунёдаги энг қудратли жангари гуруҳ саналади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Ўтган йил сентябр ойида ҳам Покистон ва ҳам Афғонистон Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам Мулла Муҳаммад Умардан воз кечиб, "Исломий Давлат"га ўз садоқатини баён қилганди.

Ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчиларга кўра, минтақадаги бу жангари гуруҳлар ўзларининг расман байъат келтириш қарорлари билан “Исломий Давлат”нинг обрўси, мавқеи, инсоний ва молиявий ресурсларидан фойдаланишмоқчи, қайта фаоллашишмоқчи.

Аммо, шу пайтгача, на-да Афғонистон ва на-да Покистонда амалга оширилган бирор бир ҳужумга масъулиятни бевосита "Исломий Давлат" гуруҳининг ўзи зиммасига олиб чиққан.

Ўз фикр-мулоҳазаларингизни ушбу мақола остидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.uk электрон почтасига мактуб билан йўлланг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Бу мавзуда батафсилроқ