Рим Папаси Усмонлилар остидаги арманлар ўлимини "геноцид" деб атади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Рим Папаси Франциск 100 йил аввал арманларнинг Усмонлилар томонидан ёппасига ўлдирилишини "геноцид" деб атади.

Ўз нутқида Рим папаси инсоният ўтган 100 йил ичида учта "ўта йирик ва мисли кўрилмаган фожеалар"ни бошидан кечирганини айтди.

"Кўплар 20-асрнинг биринчи геноциди деб биладиган фожеада арман халқи қурбон бўлди", - деди папа Франциск ва унинг ортидан нацизм ва сталинизм қирғинларини эслатди.

Арманистон ва кўп тарихчилар 1915 йилда 1.5 миллион одам Усмонлилар томонидан мунтазам равишда қирилганини айтишди.

Бироқ, қотилликларнинг геноцид эканини қайта-қайта инкор қилиб келган Туркия ҳукумати Рим папасининг баёнотидан ғазабланиши кутилади.

Туркия фикрида, 1.5 миллион бўрттириб кўрсатилган, ва қотилликлар уруш даврининг воқеъликлари бўлган холос.

Папа бу ҳақида арманларнинг Усмонлилар империяси томонидан Биринчи Жаҳон Уруши даврида ёппасига қирилишининг 100 йиллигига бағишлаб Римдаги Авлиё Пётр соборида ўтказилган ибодат чоғида гапирди.

"Ёвузликни яшириш ёки инкор қилиш қонаётган ярани боғлаб қўйишга тенг", - деди папа Франциск.

Литургияда Арманистон президенти Серж Саргсян ҳам иштирок этди.

Папа икки йил аввал арманлар қирилишига нисбатан "геноцид" сўзини қўллаганида, Туркиянинг кескин норозилигига юз тутганди.

Бу сафар Туркиянинг Ватикандаги элчиси якшанба кунига белгиланган матбуот анжуманини бекор қилди.

Усмонлилар империясидаги арман аҳолисининг сони Биринчи Жаҳон Урушигача 2.5 миллион одамни ташкил қилган.

Туркия ҳукумати Усмонлилар империясидаги арманларнинг оммавий депортациясини уларнинг Россия империясини қўллаб-қувватлаганликлари оқибати дея изоҳлайди. Депортация чоғида кўплаб арманлар очлик, совуқ ҳаво ва касалликлардан нобуд бўлишган.

Дунё бўйлаб 19та давлат - хусусан, Франция, Белгия, Италия, Россия, Канада, Аргентина ва Уругвай мазкур ҳодисани расман "геноцид" дея тан олганлар.

2014 йилда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған илк бора ҳалок бўлган арманлар авлодларига таъзия изҳор қилди, бироқ айни дамда Арманистон ҳукуматини мазкур мавзуни "сиёсий можаро мавзусига айлантириш"да айблади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK