Россиядан безовта Эстония доимий НАТО қўшинларини сўрамоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Эстония армияси атиги 5300 доимий аскардан тузилган

Эстония Президенти Тоомас Илвес ўз мамлакатида НАТО қўшинлари доимий равишда жойлаштирилишига чақирди.

Британиянинг Daily Telegraph газетасига гапирган жаноб Илвес Эстония Россиянинг ҳудуддаги ҳарбий парвозлари ва машғулотлари, ҳамда Москванинг жанговорона баёнотларинидан ўзини таҳдид остида сезаётганини айтди.

Ҳозирда НАТО қўшинлари сифатида Эстонияда АҚШнинг 150 нафар пиёда аскарлари вақтинча жойлаштирилган.

НАТО ўзининг ёрдамга муҳтож аъзоларини мудофаа қилиш учун 5000 аскарли қўшин ажратишга ваъда берган.

НАТО низомида агар бир аъзо мамлакат ҳужумга учраса, қолган барча аъзолар унинг ҳимоясига туриб урушга кириши кераклиги белгиланган.

Аммо, НАТО ва Россия ўртасида 1997 йил имзоланган келишув шарқий ва марказий Оврўпода НАТО кучларининг доимий тарзда жойлаштирилишини ман этади.

Жаноб Илвесга кўра, НАТО 1997 йилдан бери хавфсизлик вазияти ўзгарганини тан олиши керак ва ҳеч бўлмаса бир бригадани Эстонияда сақлаши керак.

"Чегарамиз ортида Россия 80 минггача аскарлари билан машғулотлар ўтказади. Яна бизни вазиятни кескинлаштиришда айблашади...", - деди Эстония президенти.

Унинг айтишича, Россия қўшинлари Нарва дарёсидаги чегарадан пойтахт Таллингача бўлган 218 чақиримлик масофани атиги 4 соатда босиб ўтишлари мумкин.

НАТО агар Россия бундай тажовуз қилса 5 минг аскарлик тезкор чора қўшинлари 48 соат ичида Шарқий Оврўподаги аъзоларни ҳимоя қилиш учун сафарбар этилишини ўтган сентябр Уэлсда ўтган саммитида айтган.

"Бу ажойиб фикр, лекин агар воқеъликка назар ташласангиз, афтидан бу кеч чора бўлади", - деди жаноб Илвес.

2014 йилда НАТО Болтиқбўйи давлатлари устидан полиция назоратини тўрттадан 16та қирувчи учоққа чиқарди, аммо бу Россия ҳарбий учоқлари сонидан бир неча баравар камдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK