Россия яна Эронга ракета етказади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 30 июнгача ядровий дастур бўйича якуний битимга эришилиши лозим

Россия Эроннинг ҳаводан мудофаа тизими учун ракеталар етказишга қўйган тақиқини бекор қилган.

Кремл S-300 русумли ракеталар таъминотини 2010 йилдан бери тўхтатиб қўйганди.

Бунга Эрон ядровий дастури атрофидаги келишмовчиликлар ортидан БМТ жорий этган жазо чоралари сабаб бўлган.

Аммо, расмий Теҳрон Ғарб раҳбарлари билан ядровий дастурини жиловлаш юзасидан вақтинчалик битимга эришган. Эвазига эса, дунё раҳбарлари Эронга қарши жазо чораларини юмшатишга рози бўлишган. Шу баҳона Россия Президенти 5 йилдан бери кучда бўлган тақиқни бекор қилишга қарор берган.

Жазо чораларига қарамай, Россия Эроннинг яқин иттифоқчиси бўлиб қолганди.

Энди Россия Мудофаа вазирлиги айтилаётган жиҳозларни Эронга етказишга тайёр эканини билдирган.

Кремлнинг Теҳронга S-300 русумли ракеталарни етказишни қайта бошлашга оид қарори Исроил ва АҚШ тарафидан қаттиқ танқид қилинган. Уларга кўра, ҳаводан мудофаа тизими Эрон ядровий иншоотларини ҳам муҳофаза қилиши мумкин.

Россия Эрон ядровий дастури юзасидан музокара олиб бораётган 6 давлатдан биридир.

Ядровий дастур бўйича ҳартомонлама келишув учун муддат 30 июн дея белгиланган.

Шундай экан, ҳали ўта мураккаб музокаралар олдинда дейиш мумкин. Энг мушкули жазо чораларини қачон ва қай йўсин бекор қилиш масаласи экани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK