Путин: 'Украинада Россия қўшинлари йўқ'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Путин аввалига Қримда ҳам рус аскарлари бўлганини рад этган, аммо кейинроқ буни тан олган эди

Президент Путин яна бир марта Украинада Россия қўшинлари мавжудлигини рад этган.

Бу ҳақда у навбатдаги анъанавий тўғридан-тўғри мулоқоти чоғида гапирган.

"Бу ҳақда очиқ ва аниқ қилиб айтаяпман", - деган жаноб Путин ўтмишда Россиянинг таниқли сиёсатчиларидан Ирина Хакамаданинг саволига жавобан.

У Украина армияси Бош штабининг бошлиғи хорижий ҳамкасблари билан учрашув чоғида айтган "биз Россия билан урушмаяпмиз" деган сўзларини ҳам келтирган.

Путин украинлар ва руслар битта халқ экани, Россия тинч ва барқарор Украинани кўришни исташини таъкидлаган.

Айни пайтда жаноб Путин Донбасс минтақасида украин армияси олиб бораётган ҳарбий ҳаракатларни танқид қилган.

Унинг сўзларига кўра, расмий Киевнинг амаллари "вазиятни боши берк кўчага киритиб қўяди".

"Ҳарбий ҳаракатлар бошланди. Биринчи мартасида аянли тугади. Иккинчи мартасида ҳам аянчли якун топди. Учинчи имарта бошланди-яна фожиа, биринчи навбатда украиналиклар, украин армияси учун. Мен ўйлайманки, бу жуда катта хато", деб айтган Президент Путин.

Унинг фикрича, юзага келган вазиятда энг тўғри йўл Минскда эришилган битимни ҳаётга тадбиқ қилишдир.

Путин Москва ўз томонидан бу битимнинг бажарилиши учун барча чораларни кўраётганини таъкидлаган.

Бу Президент Путиннинг Украина шарқида Россия армиясининг аскарлари жанг қилаётганини биринчи марта рад этиши эмас.

Жаноб Путин аввалига Қримда ҳам рус аскарлари бўлганини рад этган, аммо кейинроқ буни тан олган эди.

Москва Украинадаги бўлгинчиларни қуроллантираётгани ва тўғридан-тўғри дастаклаётгани ҳақидаги ғарбнинг даъволарини рад этиб келади.

'Россия Эрон эмас'

Россия раҳбари ғарбнинг Украина боис Россияга қарши киритган жазо чоралари яқин орада бекор қилинишини кутмаётгани ва бу ҳақда россиялик ишбилармонларга айтганини маълум қилган.

"Биз бу чоралардан иқтисодда бошқарувнинг янги услубларига ўтишда фойдаланишимиз керак", деган жаноб Путин.

Унинг айтишича, жазо чоралари ортиқ Украина билан боғлиқ эмас.

Жаноб Путин Россия жамиятидаги ҳозирги бирдамлик олдида "ҳеч қандай жазо чоралари қўрқинчли эмас"лигини айтган.

"Россия Эрон эмас. Бизнинг иқтисодимиз анча катта ва турфа хилдир", деган у.

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Сара Рейнсфордга кўра, Путин ҳокимиятга келганидан буён бу йил биринчи марта Россия аҳолисининг реал даромадлари тушиб кетган.

Тўғридан-тўғри мулоқот чоғида жаноб Путин, шунингдек, мухолиф сиёсатчи Борис Немцовни ўлдиришга буюртма берганлар ҳеч қачон топилмаслиги мумкинлигини айтган.

Путиннинг ашаддий танқидчиларидан бўлган Немцов шу йилнинг 27 февралида Кремл яқинида отиб кетилганди.

Беш нафар чечен миллатига мансуб шахслар Немцовнинг ўлимига алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Путин қотилликни "шармандали" деб атаган.

Бу Путиннинг россияликлар билан ўн учинчи анъанавий тўғридан-тўғри мулоқотидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK