"Туркия президентига тил теккизманг"ми?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Америка президентига карикатура чизмоқчи бўлганлар кўпда унинг қулоғини "нишон"га оладилар.

Британия Бош вазирининг эса аксарият ҳолларда негадир лунжи "қаламга тушади".

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг эса карикатураларда аксар ҳолларда лаблари "чўччайган". Ҳудди пингвиндек. Шунинг учун бўлса керак, уни кўпда мазаҳ қилувчи журналнинг номи ҳам "Пингвин".

Журнал муҳаррири Селжук Эрдемнинг айтишича, Президент ҳақида кўплаб карикатуралар чизишади.

Лекин муаммо шуки, Президентнинг ўзи учун бу карикатуралар кулгили эмас.

Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг аввал Бош вазир, кейинчалик президент мақомида бўлган 12 йил мобайнида "Пингвин" журнали уни турли жонзотлар қиёфасида тасвирлагани учун бир неча маротаба маҳкамага тортилган.

Охирги маротаба журнал Президентнинг ҳашаматли саройини танқид остига олиб: "Қасамёдга келтириш мобайнида ҳеч қурса бирон журналистни қурбонлик қилсак бўлармиди", - ёзуви билан ҳажвия нашр этди.

Ҳажвияда Президентнинг ҳамжинсбос эканлигига ишора ҳам бор, дея даъво қилинди.

Жаноб Эрдўғоннинг ҳуқуқшунослари "ҳақорат қилинган" дея, маҳкамага шикоят топширдилар.

"Пингвин"нинг 2 журналисти 14 ойга қамалди.

"Президент ҳазил-мутойибани тушунмайди"

"Бу жуда ачинарли ҳолат. Карикатура учун маҳкамага тортилиш афсусланарли ҳол. Жаноб Эрдўғон ва унинг ҳукумати ҳазил-мутойибани тушунмайдилар", - дейди "Пингвин" муҳаррири Селжук Эрдем.

2014 йилдан бери Туркияда "давлат раҳбарини ҳақорат қилиш" айби билан 236 киши устидан ариза берилган. Улардан 105 нафарига қарши расман айблов эълон қилинган, 8 киши ҳибсга олинган.

2014 йилнинг июл-декабр ойи ўрталарида Туркия 477 хабарнинг олиб ташланишини талаб қилиб, Twitter га сўровнома юборган.

Жаноб Эрдўғоннинг мамлакат раҳбари бўлган йиллари мобайнида ҳаммаси бўлиб 63 журналист 32 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, журналистларга 128 минг доллар жарима солинган.

Туркия Жиноий Кодексининг 299 моддасига биноан мамлакат президентини ҳақорат қилган инсон 4 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Агарда ҳақорат оммавий равишда қилинган бўлса, бу жазо олти йилгача, ва бирон нашр томонидан қилинган бўлса, учдан бирига қадар узайтирилиши мумкин.

Шу йил бошларидаги намойишлардан бири мобайнида президентни "ўғри" дея атаган 16 ёшли ўсмирга ҳам шу модда асосида айблов қўйилганди. У айбдор, дея топилган тақдирда 4 йилгача қамоқ жазосига юз тутиши мумкин.

Шарҳловчилар сўз эркинлиги мавжуд эмас экан, демократия ҳақида сўз бўлиши мумкин эмаслигини айтадилар.

Танқидми ё ҳақорат

Твиттердаги изҳоротлари учун жавобгарликка тортилган журналист Садаф Кабашнинг айтишича, "Қудратдаги партия тарафдорлари хоҳлаганча ҳақорат қилишлари ё-да истаган ибораларини ишлатишлари мумкин, лекин расмийларни танқид қилганлар азият чекмоқдалар".

"Улар одамларни тақводор-тақводор эмас, Эрдўғон тарафдори ва унга қаршиларга ажратиб, ўртада адоват келтириб чиқармоқдалар".

AK партиясидан бу борада фикрлари сўралган вақти, улар суҳбатдан бош тортишди.

Мамлакатда июн ойига режаланган сайловлардан олдин вазият анча таранг.

Лекин "Сета" ҳукуматпараст тадқиқот марказидан Исмоил Сагларнинг айтишича, "Мамлакат раҳбарини бу йўлда ҳимоя қилиш тўғри йўл".

"Демократияда одамлар танқид қилиш ҳуқуқига эгалар. Лекин танқид билан ҳақорат ўртасида чегара бўлиши керак. Бу чегара тўғри ердан ўтказилганми-йўқлиги борасида муҳокама қилишимиз мумкин. Лекин жаноб Эрдўғон шу вақтгача раҳбарлар орасида энг кўп ҳақоратга юз тутган шахслардан биридир. Шунинг учун қораловчилар уни ҳимоя қилиш учун қонундан кўпроқ фойдаланмоқдалар", дейди у.

Жаҳоннинг ҳамма ерида сиёсат бу шафқатсиз ўйин. Ҳақоратлар ёғилади, обрўлар тўкилади.

Лекин кўринишича, Туркияда шу кеча кундузда кимнингдир бети қалинроқ, кимникидир у қадар эмас...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer