Италия полицияси: мусулмонлар насронийларни кемадан улоқтирган

14 апрел куни Ливиядан Италия соҳилларига қараб сузган шишириладиган қайиққа ўтирган ноқонуний муҳожирлар орасида жанжал келиб чиққан ва 12 насроний денгизга улоқтирилганлар, дея хабар қилган Италия полицияси.

Италиянинг Палермо шаҳри полицияси 15 мусулмонни ҳибсга олган.

Шишириладиган қайиқ одам билан тўлиб кетган, қайиққа тахминан 105 инсон чиққан бўлган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қайиқда мусулмонлар билан насрониийлар ўртасида можаро келиб чиққан.

Асли Гвинея, Мали, Кот-д'Ивуар ва Сенегалдан бўлган 15 мусулмонга «диний нафратга асосланган бир неча қотиллик» айблови илгари сурилган.

Кема бортидан улоқтирилган насронийларнинг Нигерия ва Гана мамлакатларидан йўлга чиққанлари хабар қилинган ҳамда уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган деб кўрилмоқда.

Айни пайтда 15 ва 16 апрел кунлари ҳам Италия соҳилларига етиб олиш мақсадида йўлга чиққан икки кема чўкиб кетган.

Биринчи кемада 400 ноқонуний муҳожир ҳалок бўлган.

16 апрел куни эса Африкадан Оврўпога етиб олишга уринган кемадаги 40 дан ортиқ инсон инсон чўкиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўтган йили Африка ва Яқин Шарқдаги қашшоқлик ҳамда урушлардан қочиб Оврўпога етиб олишга ҳаракат қилган муҳожирлар сони рекорд даражага етган.

Бу 170000 нафар деб тахмин қилинади.

Об-ҳаво яхши бўлган кунлари денгиздаги 300 майл ёки 500 километрлик масофани ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам босиб ўтиб Оврўпога етиб олишга ҳаракат қиладиган ноқонуний муҳожирлар сони кескин ортади.

Инсонлар контрабандачилар хизматларидан фойдаланадилар.

Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган, бузуқ ёки талаб қилинганидан кўп одам чиққан кемаларга ўтириш билан инсонлар ўз ҳаётларини хавф остига қўймоқдалар.

Оврўпо расмийларига кўра, Оврўпога етиб олишни истаган одамларни ташиш билан шуғулланадиган контрабандачиларга кема етишмаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio