Саудия Яман сўраган ёрдам пулини беради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ямандаги ҳаво ҳужумларига етакчилик қилаётган Саудия Арабистони БМТ орқали сўралган 274 миллион доллар миқдоридаги кўмак маблағини беришга ваъда қилган.

Жума куни Бирлашган Миллатлар ташкилоти Яман инқирози муносабати билан яманликларга ёрдам беришни сўраган.

БМТга кўра,бу мамлакатда бошланган жанглар 150 минг одамни яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур қилган.

12 миллион инсон озиқ-овқатга муҳтож, дейди халқаро ташкилот.

Жанжаллар бошланишидан ҳам олдин аҳолининг 61 фоизи ёки 15,9 миллион одам инсонпарварлик ёрдамларига муҳтож эди, дейди БМТ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ташкилот қарийб бир ойлик ҳаво ҳужумлари оқибатида 731 киши ҳалок бўлган, 2574 киши яраланган, деб хабар қилади, бироқ беқарор вазият туфайли ушбу рақамлар тўғри эканини буткул тасдиқлаш имкони йўқлигини эслатган.

Ҳозир Яман қуруқлик, денгиз ва ҳаводан қамалга олинган ва бундай шароитда шикаст ва талофотларни ҳисоб-китоб қилиш мушкул, дейди Би-би-сининг Араб масалалари бўйича муҳаррири Себастян Ушер.

Яманда Хусий қабиласи исёнчилари ва ҳукумат кучлари ўртасидаги жанглар Президент Абдраббуҳ Мансур Ҳодини дастлаб пойтахт Санодан қочиб, бандаргоҳ шаҳар Адандан бошпана топишга, сўнг Адандаги жанглар Саудия Арабистонига қочиб кетишига мажбур этди.

Саудия Арабистони етакчилигидаги ҳарбий коалиция апрел ойи охирида Хусий жангарилари мавқеъларини ҳаво ҳужумларига тутишни бошлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Саудия Арабистонига кўра, Яман халқи ва қонуний ҳукуматини ҳимоя қилиш мақсадида шиа Хусий қабиласи жангариларига қарши ҳарбий амалиётларни бошлаган.

Саудия шиа жангариларни Эрон дастакламоқда, дейди.

Айни пайтда Араб ярим оролидаги "Ал-Қоида" гуруҳи деб номланган гуруҳ жангарилари вазиятни янада беқарорлаштирган.

"Ал-Қоида" жангарилари ҳам Яман ҳукумат кучларига қарши ва ҳам Хусий исёнчиларига қарши жангларга киришган.

17 апрел куни "Ал-Қоида" Яман шарқидаги Хадрамавт вилоятида йирик қурол-яроғи омбори устидан назоратни қўлга киритгани хабар қилинган.

Сал олдинроқ эса Яман жанубидаги аэропорт ва Мукалла бандаргоҳ шаҳрини назоратига олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ