Фархунданинг ўлими Афғонистонни ўзгартирадими?

Image caption Фархунда ёди...

Ўтган ой Кобулда шафқатсизларча ўлдирилган Фархундани хотирлаш маросимлари ўтмоқда.

27 ёшли бу муштипар аёлни бўҳтонга учган оломон аввалига калтаклаб ўлдиришади, кейин жасадини ёқишади.

Унга “Қуръонни ёқди”, деб масжидда туҳмат қилишади.

Би-би-си мухбири Довуд Қоризода айни қотиллик мамлакат учун нималарни англатиши, эҳтимолки, Афғонистонни ниҳоят уйғотаётган замонлар келгани ҳақида ҳикоя қилади.

Шоҳ-ду-Шамшаира масжидидан Афғонистон президенти қароргоҳи ва катта бозорга қадар бир зумда пиёда борса бўлади.

Айни шу жойга асосан ёш йигитлар йиғилишади.

Хотин-қизлар ҳам ўз дардларига даво, мушкулларига енгиллик истаб келишади.

Аксарият бу зиёратгоҳнинг кунда-шунда муллаларидан тумор, турфа дуолар ёзилган нимарсалар олишади.

Кимлир “кўзу суқ”дан қутилиш ниятида, яна кимдир фарзанд истагида...

Айрим муллаларнинг расмий диний билими йўқ, кимнингдир қариндоши бўлгани учун оилавий деб кўрилган бу “бизнес”да ишлашади.

Шоҳ-ду-Шамшаирани ҳозир ёпиб қўйишган.

Ўтган ой худди шу ерда Фархундага оломон ҳужум қилган, дўппослаган, тепган ва жасадини судраган...

Кейин жасадига ўт қўйганлар.

Бу шафқатсиз қотиллик телефон камераларига муҳрланган.

Ижтимоий тармоқларда айни видео қўлма-қўл бўлган.

Фархунда шу туморсотарликни ширк деб айтгани учун уни Қуръонни ёқишда айблайдилар.

Фархунда дин масалаларида ўқитувчи бўлиш учун таълим олаётган эди.

Унинг отаси Муҳаммад Нодир Би-би-си билан суҳбатда ўз қизи болалигидан дини Исломга қизиққанлигини айтади.

"Етти ва ё саккиз ёшидан масжидга қатнаб Қуръонни ўрганди. Қуръонни ёддан билар эди... Доим камбағалнинг ёнини олар, ёрдам берар, айниқса аёлларга дастёр эди”, дейди у.

Фархунда бу масжидга фақат бир марта, оиласи билан ибодатга борган экан.

"У совуқда қалтираб турган аёлларни кўрди, иккинчи марта борганида уйдан ўзининг иссиқ камзулини кўтариб бориб аёллардан бирига берди, шу куни уни ўлдиришди...”

Фархунданинг укаси Мужибга кўра, уни Кобул полициясига келтиришганида аввалига ҳеч нарса айтишмаган.

Фақат “Фархундани Қуръонни ёқишда айблашди, ҳозир тергов қилинмоқда”, дейишади.

"Полиция бизга Фархунданинг ақли-ҳуши жойида эмас деб айтинглар деди. Дадам эса фақат Фархундани озод этишларини истар эди ва шунинг учун полициянинг айтганларига кўнди”, дейди Мужиб.

Аммо фақат тунга келиб полиция уларга Фархунданинг ўлдирилгани айтади.

Оила хавфсизлиги учун Кобулни тарк этишларини маслаҳат беради.

Ўшандан бери бу оиланинг боши ғавғодан чиқмайди.

"Ҳеч қайсимиз уйдан чиқмаймиз, болалар мактабга боришмайди”, дейди Мужиб.

"Агар биз бу қотилликни унутсак, эртага яна бир Фархундани ўлдиришади”.

Полиция...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Афғон полицияси

Полиция Фархундани ҳимоя қилмагани учун кескин танқидлар остида қолди.

Унинг отаси полиция ўз қизини ўлдиришаётганида бир чеккада кузатиб тургани, уни ҳимоя қилиш учун ҳеч нарса қилмаганликда айблайди.

Тарқатилган видеода полиция ҳаракат қилгани, осмонга ўқ узганини кўриш мумкин.

Аммо расмий терговда айтилишича, полиция вазият устидан назоратни қўлдан бой берган ва зудлик билан махсус ўқув-машқлари ўтказилиши кераклиги урғуланган.

Фархунда ўлимида асосий гуноҳкорларни тутишда ҳам сустлик қилинган.

Фархундани қатл қилишаётган пайти атрофда кузатиб турган полиция ходимларидан бир нечаси ҳибсга олинган.

Норозилик чиқишлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Тобут кўтарган аёллар

Мисли кўрилмаган қотиллик ортидан мисли кўрилмаган норозилик намойишлари кечди.

Фархунданинг дафн маросимида унинг тобутини аёллар кўтаришди.

Бу эса барча анъаналарга терс бир амал эди.

Кунлар ўтар экан, Афғонистоннинг йирик шаҳарларида минглаб одамлар кўчаларга чиқишди.

Намойишчилар қўлларида Фархунданинг қонталаш расмларини кўтариб олишганди.

Америкада, Австралия ва Буюк Британияда ҳам норозилик амаллари ўтказилди.

Диний уламолар ҳам бу қотилликни кескин қораладилар.

Аммо айни воқеа Ислом динига қарши танқидларга сабаб бўлмаслигидан огоҳлантиришди.

Афғонистон президентининг рафиқаси Рула Ғани Ню Делида хотин-қизлар ҳуқуқларига бағишланган халқаро анжуманда сўз олиб, Фархунданинг тақдири ҳақида ҳикоя қилди.

Хотин –қизлар ҳуқуқларининг ҳимоячилари, сиёсатчилар ва журналистлар Фархунданинг ўлими Афғонистонни ислоҳ қиладими, йўқми дея баҳс қилдилар.

Рула Ғани бунга умид қилишини билдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ