АҚШ:Россия Украинада ҳаво мудофаа тизимини кучайтирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Америка Давлат Департаменти Россияни Украинадаги оташкесим битими шартларини бузиб, ҳаво ҳужумларидан сақлаш воситаларини кўпайтираётганликда айблади.

АҚШ шунингдек, Россия бўлгинчилар жангариларини тайёргарликдан ўтказаётгани ва чегара минтақасида аскарлари сонини ошираётганини даъво қилган.

Москва ушбу айбловларга ҳозирча муносабат билдирмади.

Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчи кучлар ва Украина ҳукумати ўртасида оташкесим битими феврал ойида Ғарб давлатлари воситачилигида эришилганди.

Украина ҳам Россияни бўлгинчиларга қурол-яроғ етказиш ва чегара оша ўз қўшинларини жойлаштиришда айблаб келмоқда.

Муқаддам Кремл бу айбловларни рад этган.

АҚШ Далват Департаменти сўзчиси Мари Харфнинг айтишича, Россия ва бўлгинчи кучлар биргаликда Минск келишувига биноан мавжуд бўлмаслиги керак бўлган минтақаларда артиллерия ва ракета ускуналарини ўрнатиб, шартномани бузишмоқда.

"Россия ҳарбийлари шарқий Украинада қўшимча ҳаво мудофааси ускуналарини ўрнатиб, яна бир қаторини чегара-жабҳа чизиғи томон яқинлаштирган. Биз ўтган август ойидан бери шарқий Украинада қурол-яроғларнинг энг кўп сонда ҳозирлигига гувоҳ бўлмоқдамиз", деди АҚШ расмийси.

Унга кўра, Украинадаги россияпараст кучларнинг "ўта мураккаб тайёргарлик тизимидан ўтаётганлари бу жараёнга Россия аралашганлигига шубҳа қолдирмаяпти".

"Чегаранинг нариги томонида ҳам бир оз муддат ўзгариш кузатилмаганлиги ортидан қўшимча кучлар юборилмоқда. Бу 2014 йил октябр ойидан бери чегара минтақасида Россия кучларининг энг кўп суръатларда кенгайишидир", дея илова қилди у.

Айни вақтда шу ой бошларида Американинг 300 нафар ярим ҳарбий мураббийлари Украинага машқлар ўтказиш учун етиб келганлар.

Бу амални Кремл сўзчиси Дмитрий Песков "вазиятни жиддий равишда беқарорлаштириши мумкин бўлган қадам" дея баҳолади.

Минскда эришилган битимнинг асосий шартларидан бири ҳамма хорижий гуруҳлар, қурол-яроғ ва кўнгиллиларнинг Украинадан олиб чиқилишини тақозо этади.

БМТнинг маълумотларига кўра, ўтган йили апрел ойида, Россия Қрим оролини ўзига қўшиб олишидан бир ой ўтиб бошланган можаро оқибатида бугунгача 6 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer