Рамзан Қодиров Россия куч тизимларига қарши чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз президентлиги табиатини қатъиян исломий қилиб шакллантирган

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз хавфсизлик кучларига Россия федерал қўшинлари минтақада унинг рухсатисиз фаолият қиладиган бўлса, нишонга олишга буйруқ берган.

Қодировнинг сўзлари жорий ҳафта пойтахт Грознийда амалга оширилган амалиёт чоғи бир чеченистонлик ўлдирилиши ортидан янграган.

Россия матбуоти ёзишича, ўлдирилган шахс қидирувдагилар рўйхатида бўлган ва амалиёт пайти қуролли қаршилик кўрсатган.

Қодиров жаноблари 2007 йил Кремлнинг дастаги билан Чеченистон раҳбарига айланди ва Исломий исёнкорларга қарши узоқ давом этган курашни давом эттирди.

Россияга садоқати эвазига эса, Чеченистон авторитар йўлбошчиси ўз хавфсизлик кучларини қўлида тутиш ва жанубий республикани ўз билганича бошқариш изнини қўлга киритганди.

'Ўқ юракка урилган'

"Мен расман айтмоқчиман: Агар Москва ва ё Ставрополдан кимдир сиз бехабар томорқангизга кириб қолса, ўт очинг", деб айтган жаноб Қодиров Чеченистон хавфсизлик расмийларига. Унинг чиқиши телевизион орқали кўрсатилган. "Биз билан ҳисоблашишлари керак", дея қўшимча қилган у.

Россиянинг Ставропол минтақаси хавфсизлик кучлари 19 апрел куни Грознийда бир чеченнинг умрига зомин бўлган қуролли амалиётини ўтказиши Рамзан Қодировни ғазабга келтирган.

Чечен инсон ҳақлари бўйича масъули Нурди Нухажиев матбуотга гапиришича, шоҳидлардан бири нобуд бўлган шахс қуролсиз бўлгани ҳамда таслим бўлишга уринганини айтган.

Аммо, Нурди Нухажиевга кўра, ниқобли одамлар уни жуда яқин масофадан отишган ва ўқ юракка тегиб ҳаётдан кўз юмган.

Жаноб Нухажиев Россия Ички ишлар вазири ва давлат прокуроридан ҳодисага оид текширув ўтказишни сўрашини айтган.

Россия ҳукумати ҳозиргача Рамзан Қодировнинг сўнгги буйруғига муносабат билдирмаган.

Ўтган ой у Москвада Россия мухолифати раҳбари Борис Немцовни ўлдиришда алоқадорлик гумони билан ҳибс қилинган чеченистонликни ҳимоя қилиб чиққанди.

Инсон ҳақлари гуруҳлари Қодиров жаноблари қўли остидаги хавфсизлик кучларини номақбул амаллар, жумладан, қийноқ ва қотилликларда айблашади.

Танқидчилар Рамзан Қодировни қатор суиқасд амалларида қўли борлигини айтишади. Бироқ, Қодиров жанобларининг ўзи бундай ишларга бош қўшганига оид айбловларни қатъиян рад қилади.

Рамзан Қодиров ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Рамзан Қодировнинг Президент Путин билан иттифоқдошлиги узоқ йилларга бориб тақалади

Жаноб Қодиров душанба куни "ишдаги муваффақиятлари, заҳматли ижтимоий фаолияти ва узоқ йиллик фидокорлиги" учун Шон-шуҳрат ордени билан тақдирланди.

Би-би-сининг Чеченистон масалалари бўйича таҳлилчиси Мурад Батал Шишанига кўра, орден жаноб Путин ва Рамзан Қодиров ўртасида Борис Немцовнинг ўлдирилиши ортидан бўлиниш пайдо бўлгани борасидаги ҳар қандай гап-сўзларни инкор қилади.

Қодиров жаноблари Украина шарқидаги путинпараст исёнкорлар ва Қримнинг Россияга қўшиб олинишига кучли дастак билдирди. Ва Оврўпо Иттифоқининг жазо чоралари рўйхатида унинг номи ҳам бор.

Рамзан Қодировнинг Президент Путин билан иттифоқдошлиги узоқ йилларга бориб тақалади.

2007 йил жаноб Путин уни Шимолий Қофқоздаги аксар мусулмонлар истиқомат қилувчи ва 1990 йиллардаги урушда анчайин вайрон бўлган Чеченистон президенти этиб тайинлаган. Ундан олдинроқ, унинг отаси Аҳмад Қодиров бомба портлашида ҳалок бўлганди.

Ўша пайтдаёқ Рамзан Қодировнинг қўли остида "Қодировчилар" деб номланган қудратли ва ён-атрофга анчайин қўрқув солувчи хусусий гвардия бор эди.

Инсон ҳақлари гуруҳлари уларни қийноқ, одам ўғирлаш ва ёлланма қотилликларда айблашади.

Хўш, нима учун Кремл Рамзан Қодировни ўз ҳомийлигига олганди?

Шишанининг даъво қилишича, унинг қуролли исломчиларга қарши шафқатсиз кураш усуллари Шимолий Қофқозни тинчитишга уринаётган Россия учун фойдали эди.

Москвада Путин жаноблари президентлик курсисини мустаҳкамлашга илинжида бўлган бир пайтда Чеченистон атрофидаги республикаларда Исломий жангарилик муаммоси кескинлашарди.

Минтақа бўйича эксперт Анна Мунстерга кўра эса, Шимолий Қофқозда жангарилар "Қофқоз амирлиги" эълон қилиши Россия ҳукумати учун таҳдид рўйхатини узайтирганди".

Жангарилар таъсири минтақа ташқариси - Татаристондан тортиб, Россиянинг бошқа бурчакларига қадар ёйилади ва 2010-2011 йиллар бомба ҳужумлари амалга оширилади.

Ислом

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз президентлиги табиатини қатъиян исломий қилиб шакллантирди.

У отасининг Қодирия сўфийлари билан муваффақиятли ҳамкорлигини давом эттирди.

Шишанига кўра, Қодирия сўфийлари доим Россияга адоват кўз билан қарашган. "Аммо, тарихда илк бор улар исломчиларга қарши иттифоқчига айланишди", дейди Шишани.

Рамзан Қодиров ва Кремл ўртасида тўғридан-тўғри муносабатлар мустаҳкамланди. Қодиров айни масалада Россиянинг бюрократик давлат институтларини четлаб ўтди. Бу ҳар икки томон учун ўнғай йўл эди.

Россия Чеченистондаги қайта қуриш инфратузилмасини молиялади. Айни маблағ янги йўллар ва республика пойтахти Грознийдаги йирик масжид қурилишига ҳам сарфланди.

Бу каби лойиҳалар Қодиров учун яхши ижтимоий муносабатлар дегани эди. Аммо, Шишанининг айтишича, лойиҳалар маҳаллий одамлар учун анчайин зарур бўлган иш ўринлари яратишга кўп хизмат қилмади.

Чеченистонда Қодиров Марказий Осиё раҳбарлари каби "улуғ лидер", "юртбоши"га ёки "элбаси"га айланди.

Шунингдек, Қодиров билан ихтилофга бориб, хориждан қўним топган собиқ иттифоқчиларга қарши суиқасдлар амалга оширилди. Жумладан, Венада собиқ тан соқчиси Умар Исроилов ва Дубайда Сулим Ямадаевлар ўлдириб кетилди.

Бу каби қотилликлар Чеченистон сиёсатчилари учун янгилик эмас.

Россиянинг чечен бўлгинчиларига қарши урушида минглаб оддий аҳоли вакиллари ва аскарлар нобуд бўлишди.

Жоҳар Дудаев, Зелимхан Яндарбиев ва Шамил Басаев каби исёнчи раҳбарлар уюштирилган ҳужумлар орқали йўқ қилинди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio