Францияда муслималарнинг узун юбка кийиши муҳокама қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи f
Image caption Хусусий мактабларда исломий кийимлар кийиш мумкин

Францияда жамоат жойларида диний рамз ва кийимларни кийишга доир янги можаро юз берган.

Бунга сабаб узун юбка кийган 15 яшар муслиманинг мактабга қўйилмагани бўлган.

Франция шимоли-шарқидаги Шарлевил-Мезьер шаҳрида яшовчи Сора исмли қиз апрель ойида икки марта мактабдан уйига қайтариб юборилган.

Мактаб директорининг сўзларига кўра, унинг узун юбкаси ўқув муассасаларида диний рамзларга қўйилган тақиқни бузади.

Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда қизғин муносабатларга сабаб бўлган.

Сешанбадан буён #JePorteMaJupeCommeJeVeux ("Хоҳлаган юбкамни кияман") хэштэги 45 минг мартадан кўпроқ твит қилинган.

'Қонунга зид эмас'

Франция Бош вазирининг дунёвий масалалар бўйича маслаҳатчиси Николя Каден мактабда узун юбка кийиб юриш мавжуд қонунчиликка зид эмаслигини айтган.

"Қонун диний мансубликни намойиш этувчи рамз ва кийимлар тақиқлайди. Қора юбка қонунга зид эмас..." деган француз мулозими.

Франциядаги давлат мактабларида мусулмонларнинг бош кийими ва бошқа рамзларига тақиқ 2004 йилда жорий этилганди.

Давлат черковдан ажратилган Франциянинг аксарият аҳолиси ушбу тақиқни маъқуллаган.

Аммо танқидчилар айрим мактабларда қонун жуда ҳам эркин талқин қилинаётганини айтишади.

Француз матбуотининг хабарларига кўра, март ойида мамлакат жанубида мактаб маъмурияти саккиз нафар муслима қизлардан узун юбкаларини бошқа кийимга алмаштиришни талаб қилган.

Францияда исломофобияга қарши кураш ташкилоти - CCIF ўтган йили юз берган 130 та шу каби ҳолат ҳақида хабар берган.

2011 йилда Франция жамоат жойларида аёлларнинг юзлари, қўл ва вужудларини бутунлай ёпиб турадиган ниқоб кийиб юришни тақиқлаган биринчи Оврўпо давлати бўлган.

Франция Оврўподаги энг кўп сонли - 5 миллион мусулмон аҳолисига эга давлатдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ