Британия сайловларида ташқи сиёсат қанчалар муҳим ўрин тутади?

Британия умумий сайловларига саноқли кунлар қолар, сайловолди тарғиботларида ташқи сиёсат ҳаминқадар тилга олинмоқда.

Эд Милибанднинг ўтган жума куни Чатхам Хоузда сўзлаган нутқи Ўрта ер денгизида ортиб бораётган муҳожирлар ўлимига ким жавобгар қабилидаги баҳсу мунозараларни урчитиб юборди.

Аммо, Британиянинг навбатдаги ҳукумати ташқи сиёсат бўйича анчайин мушкул даврни яшашига тўғри келади. Яъни, 2001 йил 11 сентябрдан буёнги энг мураккаб даврни...

Шу боис, Британия сиёсатчилари оғиз кўпиртириб гапирилаётган иқтисодий дастурларига бироз тин бериб, мамлакат истиқболи ва хавфсизлиги учун ўта муҳим ташқи сиёсатдаги бешта нуқтага эътибор қаратишгани мақсадга мувофиқ кўрилади.

Яқин Шарқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Жорий Бош вазир Девид Камерун

Биринчиси - Яқин Шарқдаги бир-бирига чатишиб кетган муаммолар тўридан чиқиб кетиш масаласи.

Навбатдаги ҳукумат Эрон ядровий дастури бўйича сўнгги шартларни муҳокама қиладиган томонлардан бири бўлади.

Айни мавзуда келишувга эришилса, кейинги босқич минтақавий хавфсизликка оид кенг кўламли музокаралар бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Эрон билан ядровий дастур бўйича музокараларда ҳали ҳам якуний ечим қарор топгани йўқ

Аммо, Эрон билан битим Саудия Арабистони ва бошқа сунний иттифоқчилар билан муносабатларда тангликни кучайиши ҳам мумкин.

Хуллас, бир томонда Эрон ва унинг Сурия, Ливан, Яман каби иттифоқчилари, иккинчи тарафда суннийлар... қайсидир ўрталиқда эса, Ироқ...

Британия БМТ Хавфсизлик Кенгаши бошқа аъзолари каби Форс кўрфазидаги давлатлар хавфсизлигига кафил томонга ҳам айланиши мумкин.

Бошқа тарафда эса, "Исломий Давлат" гуруҳига қарши кураш бор. Британия халқаро коалициянинг бир бўлаги сифатида жангари гуруҳга қарши ҳаво ҳужумларидаги ўрнини сақлаб қолиши керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Эд Милибанд

Минтақада вазият ёмонлашаверса, муҳожирлар муаммоси ҳам катталашади. Британия ўз соҳилларига келиб бош ураётган қочқинлар муаммосини ҳал қилишига тўғри келади. Бугун юзлаб дейилаётган қочқинлар сони ўн минглабгача ортиши мумкин.

Ўрта ер денгизида қочқинлар ғарқ бўлишини тўхтатишга қаратилган қутқарув амалиётларида Британия ҳам ўз ҳиссасини қўшиши кутилади.

Британия, шунингдек, март ойида бўлиб ўтган сайловда Бенямин Нетаняҳунинг ғалабаси ортидан ишғол остидаги Фаластин ҳудудларида вазият ёмонлашмаслигига умид қилади.

Фаластинликлар икки давлатчилик ечимидан воз кечишлари эҳтимоли Британияни, қолаверса, Оврўпо Иттифоқидаги бошқа давлатларни мушкул аҳволга қўйиши мумкин.

Image caption Иттифоқ орасида жазо чораларининг қиймати ва самараси юзасидан қарама-қарши фикрлар мавжуд

Россияга қарши жазо чоралари

Иккинчи масала - Украинадаги қарама-қаршиликлардаги роли учун Россияга қарши жорий қилинган жазо чоралари. Бу санкциялар янгиланиши керакми?

Агар Украина шарқида оташкесим кучда қолса, Оврўпо Иттифоқига ушбу жазо чораларини бекор қилиш юзасидан босим кучаяди.

Гарчи, Минск келишуви тўла амалга тадбиқ этилмаган ва Украина ўзининг Россия билан чегараларига назорат ўрнатмаган ҳолатда ҳам Оврўпо Иттифоқи босим остида қолиши тайин.

Иттифоқ орасида жазо чораларининг қиймати ва самараси юзасидан қарама-қарши фикрлар мавжуд.

Ҳозиргача Ангела Меркел ўта заиф бирликка яловбардорлик қилади. Аммо, агар у ОИнинг Президент Путинга қарши қаттиққўл ёндашувини сақлаб қолмоқчи экан, Британиянинг дастагига эҳтиёж сезиши тайин.

Иқлим ўзгариши

Хавфсизликка боғлиқ ушбу икки йирик масала ёнида бошқа қатор халқаро моҳиятга эга муаммолар турибди.

Улардан бири - иқлим ўзгариши... Декабр ойи мазкур масалага бағишланган халқаро саммит режаланган. Британия иқлим ўзгариши муаммосига қарши курашда етакчилардан бўлиб келади. Ва Британиянинг глобал миқёсда кўмирдан фойдаланишни тўхтатишга оид ғоялари Париж анжуманида муҳим таклифлар сифатида кўтарилиши мумкин. Аср охиригача, глобал ҳарорат кўтарилишини 2 даражага ушлаб туришга оид келишув ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Савдо-содиқ музокаралари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Буюк Британия ҳукумати Оврўпо Иттифоқи бозорларига Хитой сармояси кириб келиши олқишлайди

Кун тартибидаги тўртинчи асосий масала бу - 2016 йил бошларига қадар Трансатлантик савдо-сотиқ ва ҳамкорлик сармояси деб номланган келишувни қўлга киритишдир. Яъни, АҚШдаги президентлик сайлови ҳал қилувчи паллага киргунга қадар бунга улгуриш кўзда тутилган.

Британиянинг коалицион ҳукумати Трансатлантик савдо-сотиқ ва ҳамкорлик сармоясининг яловбардорларидан бири бўлиб келди. Ва бу келишув қарзсиз иқтисод турки берувчи ва Хитойнинг халқаро иқтисодий қудрати кучайишини мувозанатга солувчи геосиёсий чора сифатида кўрилади.

Аммо, мазкур битим Оврўпо Иттифоқи, жумладан, Британияда кескин қаршиликка дуч келмоқда. Аксарият сайловчиларда АҚШ ширкатлари бундан Оврўпонинг ижтимоий ва атроф - муҳитни ҳимоя қилиш кўрсаткичларига путур етказишда фойдаланиши мумкин деган ишончсизлик бор.

Хитой

Бунинг акси ўлароқ, Британия ва Оврўподаги сайловларчилар бешинчи масала: Хитой таъсири ўсиишига бепарво кўринишади. Буюк Британия ҳукумати Оврўпо Иттифоқи бозорларига Хитой сармояси кириб келиши олқишлайди.

Британия ҳукумати Оврўпо бозорларида Хитой сармоялари киришини хушқаршилайди.

Аммо, Хитойнинг сармоя манбаи сифатида аҳамияти ортиб бораётгани унинг Жанубий Хитой денгизидаги қатор кичик оролларга эгалик даъволари билан ҳамоҳанг кечмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Консерватив партия қудратга келса, Британиянинг ОИда қолиш қолмаслигини референдумга қўймоқчи...

Британия Хитойнинг иқтисодий имкониятларига диққат қаратаётган бир пайтда, Япония хавфсизлик бўйича минтақадаги ҳамкори бўлган британ ҳукуматидан фаоллик истайди.

Айни пайтда минтақа хавфсизлигига асосий кафил АҚШ экан, Британиянинг янги ҳукумати баъзи мушкул қарорларни олишига тўғри келади. Яъни, кўндаланг турган савол - иттифоқда бирдамликни сақлаб қолиш эвазига ўз иқтисодий имкониятларни хатар остига қўйиш керакми?

Бу муҳим беш масала, агар Консерватив партия қудратга келса, бир маънода унутилади, чунки айнан шу партия Британиянинг ОИда қолиш қолмаслигини референдумга қўймоқчи...

Бу ҳолатда эса Британия вазирлари халқаро муҳим масалалар тўпламига эътибор қилиш учун жуда оз вақт ажратишларига тўғри келади.

Бунинг ўрнига Оврўпо Иттифоқидаги давлатлар билан Иттифоқда қолиш учун кампанияларига лозим бўлган энг мақбул келишувлар учун курашадилар.

Агар бундай бир келишувга эришилса, унда вазирлар яна бир муаммо билан тўқнашадилар.

Бу Оврўпо Иттифоқига нисбатан ишончсиз муносабатда бўлган сайловчиларга нима учун Иттифоқда қолиш Британия учун манфаатли эканига ишонтириш каби мушкул бир вазифадир...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio