Порошенко: Донбасс ва Қрим қайтарилсагина уруш тўхтайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Petro.Poroshenko
Image caption "Қрим ва Донбасс қайтарилмасидан тинчлик бўлмайди..."

Украина президенти Пётр Порошенкога кўра, мамлакатда тинчлик бўлиши учун Донбасс ва Қрим қайтариб олиниши керак.

"Бунга қанча вақт кетади? Қанча лозим бўлса шунча», деб айтган Украина раҳбари «СТБ» телеканали билан суҳбатда.

Унинг сўзларига қараганда, айни масалада муроса ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Порошенкога кўра, жанговор ҳаракатларни тўхтатиш ва Донецк ҳамда Луганск вилоятларидаги барча ҳудудларни яна Украина назорати остига тинч йўл билан олиш энг мақбул йўлдир.

"Биз бунинг учун минтақадан техникани олиб чиқиб кетишга доир Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти билан биргаликда Россия Федерациясига мурожаатнома топширдик», деб айтган Порошенко.

Украина президентининг таъкидлашича, барча асирларни озод қилиш ва ОХҲТнинг кузатувчи гуруҳининг амалларига тўсқинлик қилмаслик керак.

Аввалроқ, Россия президенти Владимир Путин Қримга доир ўз манфаатлари ҳимояси йўлида «охиригача бориш» ҳақида баёнот берганди.

Путин шунингдек, Ғарб давлатлари агар Россиянинг Қримни қўшиб олиш амалларига тўсқинлик қилса, унда ядро қуролини ишлатиш билан ҳам пўписа қилганди.

Бу ҳақда Россия раҳбари «Қрим. Ватанга йўл» деб аталган ҳужжатли филмда ҳикоя қилади.

Сунъий бўлиб ташлаш амаллари

Пётр Порошенко Украинани диний эътиқод ва тил асосида бўлиб ташлаш сунъий эканини урғулади.

"Украина ҳудудида истилочи кучлар қолмас, ўртада муроса ҳақида ҳеч қандай гап бўлмайди, чунки бизни бўладиган омил қолмайди. Бизни бўлинган дея тақдим этилаётган барча баҳоналар, жумладан, ер, тил ва эътиқод ҳақидаги даъволар сунъийдир», деб айтган Порошенко.

"Бугун биз Украин миллати, Украин давлати ва халқи ҳар қачонгидан ҳам кўра жипслашган эканини таъкидлашимиз мумкин».

"Украинани бўлинганлиги ҳақидаги даъво ёлғондир, бизга муроса кераклиги ҳақидаги таклифлар адолатсизликдир. Биз украиналиклар ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳамоҳангликка жуда тез эришамиз», деб айтган Украина раҳбари.

Украина ҳукумити ва Ғарб давлатлари Кремлни россияпараст бўлгинчиларга ҳарбий дастак беришда айблашади.

Москва эса Украинада урушга кирган Россия фуқаролари кўнгиллилар эканини айтиб, бу даъволарни рад этиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ