'Уруш илинжида'ги Толибондан нимага умид қилса бўлади?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Афғонистон ҳукумат ҳайъати Толибон билан очиқ мулоқотлар ўтказиш мақсадида Қатарга жўнаб кетган.

Қатардаги тинчлик музокараларига оид хабарлар бундан бир неча ой бурун пайдо бўлган, аммо Афғонистон Толибон ҳаракати уларни устма-уст рад этиб келаётганди.

Бу каби хабарларга Покистон томонининг Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умарнинг тинчлик музокараларига рози эканига оид баёноти сабаб бўлганди.

Лекин, худди шу манзарада, Афғонистон Толибон ҳаракати ўзларининг АҚШ билан тинчлик музокараларига тайёр эканликларига оид хабарларни кескин инкор этганди.

Ҳаракат воизи музокаралар борасидаги сиёсатлари ўша-ўша, яъни ҳеч бир ўзгаришсиз қолганини баён қилганди.

Афғонистондан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, Қатардаги учрашув ҳам тинчлик музокаралари мазмунига эга бўлмайди.

Аммо, шундан ҳам, афғон томони мазкур мулоқотлар янги расмий тинчлик музокараларига йўл очади, деган умидда.

Томонларнинг Қатардаги учрашувига Нобель Тинчлик мукофоти соҳиби, қуролли низоларга тинч йўл билан ечим топишда воситачилик қилувчи Пагваш Кенгаши бошчилик қилаётир.

Йиғинда, икковлондан ташқари, қўшни Покистон ва айрим халқаро ташкилотлар вакилларининг ҳам ҳозир бўлишлари кутилмоқда.

Покистон эса, минтақадаги афғон можароси ечимида муҳим ўрин тутган ва толибларга катта таъсирга эга, деб ишонилган асосий ўйинчи давлат саналади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бошқа томондан, Қатардаги мулоқотлар Толибон бутун Афғонистон бўйлаб ўтган 14 йил давомида кузатилмаган бир даражада фаоллашган бир пайтга тўғри келмоқда.

Устига устак, янги миллий бирдамлик иқтидорга келган ўтган ярим йил ичида Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳи ҳам Афғонистонда илдиз отиш ҳаракатида.

Афғонистон Толибон ҳаракати бу йилги баҳорги амалиётларини устма-уст қонли ҳужумлар билан бошлаган ва ўзининг сўнгги баёнотида ҳам тинчлик музокаралари хусусида бир сўз демаган.

Ҳаракат раҳбари Мулла Муҳаммад Умар эса, яқинда ҳам ўзларининг Афғонистонда исломий давлат қуриш режасидан воз кечмаганликларини таъкидлаганди.

Худди шу манзарада Покистон Қуролли кучларининг, йилларки, толиблар дохил турли жангари гуруҳлар бошпана топиб келган Шимолий Вазиристондаги кенг кўламли давомий ҳарбий амалиётлари сабаб, юзлаб исёнчилар яна Афғонистонга қочиб ўтишни бошлашган.

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари эса, 13 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан ҳам, афғон можаросига на-да сиёсий ва на-да ҳарбий йўл билан ечим топишга муваффақ бўлган.

Уларнинг ўтган йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, жорий йилдан бошлаб бутун Афғонистон хавфсизлиги учун масъулият ҳам асосан афғон ҳарбийларининг ўз зиммасида қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Эслатиб ўтиш жоиз, ҳали катта сондаги хорижий қўшинларнинг ортга сафарбарлиги билан кечган 2014 йилнинг ўзиёқ Афғонистон Қуролли кучлари учун Толибон тузуми қулатилгандан буёнги энг қонлиси бўлган.

Афғонистоннинг янги президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний эса, афғон тупроғида жанг олиб бораётган барча қуролли гуруҳларга нисбатан бирламчи сиёсати - сулҳу мадора бўлишини эълон қилган.

Худди шу мақсадда қўллов истаб, ўтган бир неча ойнинг ўзидаёқ Саудия Арабистони, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари қадар Толибонга таъсири бўлган дунёнинг қатор давлатларига сафар қилиб улгурган.

Бу масалада жаҳоннинг иккита иқтисодий ва ҳарбий қудратидан биттаси бўлган Хитойнинг дастагини ҳам қўлга киритган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Эслатиб ўтиш жоиз, Қатардаги мулоқотлар Хитойнинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиларидан бири бўлган Покистонга қарийб 50 миллиард долларлик ётирим киритишга оид ваъдаси ортидан бўлиб ўтади.

Орада, Афғонистон Толибон ҳаракатининг махсус ҳайъати Пекинга ҳам сафар қилган, аммо ҳаракат, шунда ҳам, фақат ўз мавқеъларини тушунтириб қўйиш учун у ерга борганликларини баён қилганди.

Афғонистон Толибон ҳаракати Ҳомид Карзайники каби, Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг ҳам ҳукуматини тан олмаслигини ошкора эълон қилган. Уларга қарши ўз ҳужумларини давом этдиришга ваъда қилган.

Ҳаракат раҳбари Мулла Муҳаммад Умар, йилларки, хорижий қўшинлар афғон тупроғини буткул тарк этишмас экан, тинчлик музокараларига бормаслигини таъкидлаб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Худди шу манзарада уларнинг ўтган йил расмий Кобул ва Вашингтон ўртасида имзоланган муҳим хавфсизлик битимига ҳам муносабатлари кескин бўлган. Бунга янги жанглар билан жавоб қайтаришини баён қилган.

Мазкур битим 2016 йилга қадар Афғонистонда минглаб хорижий аскарлар ва улар қатор ҳарбий базаларининг қолишига қонунан изн беради.

Устига устак, АҚШ Президенти Барак Обаманинг яқинда берган қарорига мувофиқ, улар ўзларига хавф туғдирган тақдирда, Толибонга қарши жанг олиб бориш ваколатига ҳам эга бўлишади.

Сиёсий таҳлилчиларга кўра эса, минтақадаги воқеаларнинг сўнгги ривожи на-да Афғонистон, на-да Покистон ва на-да Хитой афғон можаросига сулҳу мадора йўли билан ечим топа олиши даражасига етган.

Жумладан, Туркиядан сиёсий таҳлилчи Абдулсалом Осим жанобларининг айтишича, манфаатдор давлатлар томонидан Толибон ҳаракати аниқ тасниф топмас экан, Афғонистондаги вазият тинчимайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ