Россия Афғонистон шимолидаги вазиятдан хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти Афғонистоннинг Туркманистон ва Тожикистонга бевосита чегарадош қатор шимолий-шарқий вилоятларидаги қонли ҳужумлар ортидан янграмоқда.

Қундуз вилоятидан ташқари, яқинда Бадахшон ҳам толибларнинг ҳалокатли ҳужумларига саҳна бўлган, жанглар ўнлаб афғон аскарларининг қурбон бўлиши, яраланиши ва асир олиниши билан якун топганди. Ўнга яқин афғон ҳарбийсининг боши танасидан жудо этилганди.

Худди шу манзарада Афғонистоннинг Туркманистонга шундоққина қўшни шимолий Фарёб вилоятининг хавфсизлиги ҳам жиддий издан чиқиб бораётгани кузатилади.

Бу ерда толиблар, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларидан ташқари, сўнгги ойларда "Исломий Давлат" гуруҳининг ҳам фаоллашишга уринаётгани кузатилади.

Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотидан, Россия томонининг, айниқса, Тожикистонга бевосита чегарадош Қундуз вилоятидаги вазиятдан жиддий хавотирда экани англашилади.

Қундуз вилоятининг тўрт тумани, бир ҳафтадирки, толибларнинг қақшатқич жангларига саҳна бўлиб келади.

Бу жангарилар аксариятининг Ўзбекистон, Тожикистон ва қирғизистонлик экани, ораларида яна чечен ва араб миллатига мансублари ҳам борлиги айтилади.

Мавжуд вазият сабаб, ҳатто, президент Ашраф Ғани Ҳиндистонга сафарини кечиктирган.

Қундузга ўнлаб танклар ва бутун Афғонистондан юзлаб қўшимча мадад кучлари юборилганди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўз баёнотида Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош вилоятларидаги вазиятнинг издан чиқиб бораётганидан ташвиш билдиради.

Вазирлик, ўз ўрнида, экстремистларнинг афғон ҳарбийлари ва фуқароларининг умрларига зомин бўлаётган террорчилик амаллари ва зўравонликларини кескин қоралайди.

Россия томонининг баён қилишича, шимолий-шарқий минтақалари дохил бутун Афғонистонни тинч кўришни истайди.

Худди шу манзарада Россия Ташқи ишлар вазирлиги афғон ҳукуматини бунинг учун лозим чоралар кўришга ундайди.

Вазирликка кўра, бу каби амаллар Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарадош минтақалари хавфсизлигини яхшилашга ҳам хизмат қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Яқинда Россия Президенти Владимир Путин ҳам Афғонистондаги вазиятдан жиддий хавотир билдириб чиққанди.

У Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ортидан, Афғонистонда террорчилар фаолиятининг кенгайиши ва бу, ўз навбатида, бутун минтақага таҳдид солиши мумкинлиги билан огоҳлантирганди.

Россия раҳбари, ўз навбатида, агар лозим бўлса, мамлакати Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда кўмак беришга тайёр эканини ҳам баён қилганди.

Лекин, шунга қарамай, ўтган 13 йил давомида Россия Афғонистонга ўз ҳарбий қўшинларини юбормаган.

Фақат таъминот ишлари ва АҚШ билан ҳамкорликда Афғонистон хавфсизлик кучларини қуроллантириш ишларига бош қўшиб келган.

Афғонистонни қайта тиклаш ҳаракатларида молиявий жиҳатдан кўмак берган.

Орада Афғонистоннинг Шўролар давридан қолган 10 миллиард доллардан ошиқроқ қарзидан ҳам буткул воз кечган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, расмий Москва бундан буёғига ҳам Афғонистонга қўпроқ иқтисодий жиҳатдан кўмак беради, янги уй-жойлар, сув тўғонлари қурилиши ва Афғонистонда Шўролар ишғоли давридан қолган заводу корхоналарни қайта таъмирдан чиқариш ишларига кўпроқ эътибор қаратади.

Улар, ўз ўрнида, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан катта сондаги сафарбарлиги минтақада кучлар мувозанатининг ўзгаришига олиб келиши, бундан буёғига Россия ва Хитой ўз иқтисодий ёрдамлари билан Афғонистон масаласида якуний сўзни айтишга уринишларини тахмин этишади.

Афғонистон Россия-ю Хитой етакчи мақомга эга ва Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистонни ўз ичига олувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида ҳам кузатувчи мақомига эга.

Президент Путин бу ҳақда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти парламент кенгашининг йиғини чоғида баён қилганди.

Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россиядан ташкил топган ушбу ташкилотда ҳам Афғонистон кузатувчи мақомига эга.

Аммо, эслатиб ўтиш жоиз, собиқ Шўролар Иттифоқи ҳам 10 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан, 1989 йилда Афғонистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бунинг ортидан, Афғонистон бир неча йилга чўзилган қонли фуқаролар урушига ботган ва алал-оқибат буларнинг барчаси 1996 йилда қудратга толибларнинг келиши билан якун топганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ