Таиландда ўнлаб қабрлар топилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Таиланд жанубидаги Сонгкхла вилоятидаги ўрмонда ўнлаб қабрлар, бир ҳолдан тойган бемор инсон ва унинг ёнида жасад топилган.

Расмийларга кўра, бу ҳудудлар одам контрабандачилари томонидан мунтазам фойдаланиб келинадиган ҳудуд ҳисобланади.

Усти бамбуклар билан ёпиб қўйилган қабрлардаги бир неча инсон жасади қазиб олинган, бироқ уларнинг ким экани ва нима сабабдан вафот этганлари сабаби аниқ эмас.

Хабарларга кўра, бу чекка ҳудудлар Малайзия чегарасига яқин ҳамда инсонларни ноқонуний ташиб ўтишдан даромад қиладиганлар қалин жунгли ўрмонларида жамлоқлар ташкил қилиб келадилар.

Кўпинча Бирмадаги таъқиблардан қочиб четга чиқишни ихтиёр қилган Рохинга мусулмонлари бошқа мамлакатга олиб ўтилишларидан олдин мана шу жамлоқларда сақланганлар.

“Бу ерда қабрга ўхшаган 32 жой топилди ва қабрлар ичида ёки бир жасад ёки бир неча жасад борлиги аниқланди. Биз уларни текшириб кўришимиз керак”, деб айтган Таиланд полицияси сўзчиси Правут Савомсири “Франс Пресс” ахборот агентлигига.

Правут Савомсири сўзларига кўра, одам савдогарлари икки кунча олдин касал одамни ўрмонда ташлаб, қолганларни чегарага олиб кетганлар, деб ишонилмоқда.

Би-би-си мухбирига кўра, қабрдаги инсонлар қандай қилиб ҳаётдан кўз юмганлари ҳозирча аниқ эмас, бироқ полиция ишонишича, бу одамлар очлик ёки касалликдан ўлганлар.

Таиланд полицияси барча жасадлар қазиб олиниб, ўлим сабаблари ўрганилишини маълум қилган.

Бу жамлоқ нима мақсадда ташкил этилгани ҳам аён эмас, аммо мухбиримизга кўра, одам контрабандачилари жамлоқда ушлаб турилганларнинг қариндошларидан пул талаб қилиб, ойлаб ушлаб турганлар.

Ҳар йили минглаб одамлар Таиланддан Малайзияга ноқонуний олиб ўтилади.

Хусусан, Рохинга мусулмонлари бу ҳудуддан Бирмадаги таъқиблар ва диний зўравонликлардан қочиб қутулиш йўли сифатида фойдаланиб келадилар.

Олдинги Бирма, ҳозирги Мянмар ҳукумати Рохинга мусулмонларини мамлакат фуқаролари деб тан олмайди.

2012 йили бу мамлакатда буддойиларнинг мусулмонларга қарши зўравонликлари келиб чиққан, расмийлар 200 дан ортиқ ҳалок бўлган, деб хабар қилган.

Юз минглаб Рохинга мусулмонлари зўравонликлардан қочиб яшаб турган уйларини тарк этганлар.

Ўшандан кейин ҳам мусулмонларга қарши зўравонликлар Бирмада бир неча марта юз берди.

2014 йил декабрида БМТ Мянмардаги Рохинга мусулмонларига бағишланган резолюция қабул қилган, унда Бирма раҳбарияти Рохингаларга фуқаролик ҳуқуқини беришга чақирилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ