"Аср жанги" кутилганидек шиддатли кечмади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Профессионал бокснинг ўрта вазн бўйича WBA, WBC ва WBO йўналишларида чемпионлик камари учун филиппинлик Мэнни Пакьяо ва америкалик Флойд Мэйвезер ўртасидаги жанг америкалик боксчи фойдасига ҳал бўлди.

38 ёшли Мэйвезер очколар ҳисобида - 118:110, 116:112, 116:112 рақиби устидан ғолиб чиқди. Ҳакамлар бу борада якдил бўлганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ушбу ғалаба билан Мэйвезер вазндан қатъий назар энг зўр боксчи мақомини яна бир бор мустаҳкамлади.

Профессионал рингдаги 19 йиллик фаолияти давомида Мэйвезер бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган. Пакьяко устидан қозонган ғалабаси боксчи ўтказган 48-жангида 48-ғалабаси бўлди.

36 ёшли Пакьяко эса профессионал боксда 65 жанг ўтказиб, 57 тасини ғалаба, иккитасида дуранг билан якунлаган.

Мэйвезер ва Пакьяко олти йил давомида турли сабаблар билан учраша олмаганлари сабабли, якшанба кунги беллашув "аср жанги" деб аталди. Бокс кечасига чипталар 350 минг долларгача баҳоланган, курашни телевизор орқали кузатишга қарор қилган америкаликлар эса 100 доллардан тўлаганлар.

Томошабинлар қаторида Ҳолливуд юлдузлари Клинт Иствуд ва Роберт де Ниро, қўшиқчилар Стинг ва Принц, шунингдек, америкалик магнат Дональд Трампларни кўриш мумкин эди.

Бироқ, кузатувчилар фикрича, Лас Вегасдаги жанг кутилганидан шиддатли кечмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Пакьяо рингга жанг учун махсус ёзилган қўшиқ садолари ва мухлисларининг улкан қувватлашлари остида чиққан. Мэйвезер "ўз уйида" курашаётганига қарамасдан, томошабинлар уни хуштак чалиб қарши олишган.

Кузатувчилар дастлабки раундларда Мэйвезер рақибидан анча йирик ва чаққонроқ эканини намойиш қилганини айтганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Учинчи раундда кучлар тенглашган, филиппинлик боксчи бир нечта ҳужумларни мўлжалга уришга муваффақ бўлган.

Бироқ охирги раундларда Мэйвезер ўйин йўналишини ўзгартириб, рақибини шошириб қўйган. Шу боисдан мутахассисларнинг айтишларича, ўйин шиддатли бўлишдан кўра унда кўпроқ ҳийлакорлик устунлик қилган.

Очколар ҳисобида ғалабага эришган Мэйвезер рингда камарларини кўз-кўз қиларкан, энди сентябр ойида сўнгги бор рингга тушишини билдирди. Бироқ ҳозирча унинг рақиби ким бўлиши номаълум.

Шу пайтгача WBC ва WBA таснифида чемпион бўлган Флод Мэйвезер Мэни Пакьяко қўлидаги WBO камарини ҳам қўшиб олган. Бироқ унинг айтишича, у ҳамма камарларидан воз кечишга тайёр. Сабаби "у бошқаларга ўхшаб очкўз эмас". Мэйвезернинг бу шаъмаси кимга қаратилгани мухлислари томонидан турлича изоҳланмоқда.

Ушбу жанг бокс тарихидаги энг қиммат эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Унга рекорд даражадаги- 400 миллион доллар маблағ қўйилган эди.

Флод Мэйвезер жангда 230 млн доллар, Мэни Пакьяко эса 150 млн доллар ишлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ