Берлин: Уруш жароҳати излари

Берлин кўчаларидан айланиб юрибмиз. Иккинчи Жаҳон урушидан қолган белгиларни ўзимиз сезиб сезмай қидирмоқдамиз.

Берлин кўчаларидаги илма-тешик деворлар
Image caption Берлин кўчалари қақшатқич жангларга гувоҳ бўлган

Афтидан, бутун Берлинни Совет меъморчилиги услубида кўп қаватли иморатлар “босиб” олган кўринади.

Бироқ , баъзи жойларда урушнинг сўнгги кунлари ва ундан кейин содир бўлган мудҳиш воқеалар қолдирган излар ҳамон ҳам очиқ ярадек яққол кўзга ташланади.

Айрим берлинликлар эса шаҳарнинг бу жароҳатларини асраб-авайлаётгандай туюлади...

Рейхстаг олдида тўпланган сайёҳлар уни ҳар бурчакдан ўз телефонларию фотоаппаратларига туширишга ҳаракат қиладилар. Ичига кириб бўлмайди, фақат олдиндан рўйхатга олинган ҳолда рухсат билан бинога кириш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Қайта тикланган Рейхстаг биносида ҳозирги кунда Олмония парламенти (Бундестаг) йиғилади

Рейхстаг - Олмония парламенти йиғилишлари учун қурилган. Уруш йиллари катта сиёсий рол уйнамаган. Гитлер қароргоҳи умуман бошқа жойда жойлашган эди.

Лекин нимагадир, болалигимда Гитлер айнан Рейхстагдан туриб уруш бошлаган деб ўйлардим. Балки, Қизил армия аскарлари биринчи бўлиб Рейхстаг томига байроқ ўрнатганини тасвирлаган сурат туфайли бундай қарашлар кенг тарқалгандир.

1945 йили апрел ойида Совет қўмондонлигига бу рамзий бино учун кураш ўта муҳим бўлган ва ўз аскарларининг жонларини аяшмаган. Тарихчиларга кўра, Берлин учун жангнинг ўзида 50 дан 80 мингача Шўро аскари ҳалок бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Рейхстаг урушдан сўнг, 1945 йил

Олмон аскарлари ва тинч аҳоли орасида ўлганлар сони қанча эканини тасаввур қилиш мумкин...

Айтишларича, Берлин ҳужуми замонавий тарихда энг йирик жанг сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилган.

Иккала томондан уч ярим миллион одам, тахминан саккиз минг танк ва 11 минг ҳарбий учоқ қатнашган.

Ғолиб аскарнинг тақдири

Менинг уч тоғам урушда жанг майдонининг уч томонида жанг қилган. Улардан фақат каттаси Берлингача етиб борган. Олис бир вилоятнинг кичик шаҳридан бўлган хушчақчақ йигитни Сталинград жанглари бошланиши арафасида ўзбек дивизияси таркибида Сталинград фронтига жўнатишади.

Image caption Бугун ҳам кўчаларда уруш нуқси…

Тоға бувамнинг бизга гапириб беришича, “ўн минг жангчидан иборат ўзбек дивизияси биринчи кунлардаёқ жангга ташланиб, охирида 600 аскар тирик қолган... Шаҳар кўчаларида ҳалок бўлганлар устидан босиб ўтган машинаю танклар натижасида одам суяклари мажоқланиб асфалтга ёпишиб ётарди...”

Мен узоқдан Рейхстаг устунларига қарайман. Бу қайта тикланган бино мени оҳанрабодек ўзига тортади. Бир замонлар Шўро аскарлари бу бино деворларига ўз исмларини ёзаётгани кўз олдимда жонланади.

Эҳтимол, тоға бувам ҳам бундай бир белги қолдиргандир...

Ҳаёт бўлганларида хазилкаш тоға бувам гоҳ пайтда немисча сўзлардан файдаланганини эшитганман. “Гутен морген, гутен таг” деб ёки янга бувам бирор нарса сўраса, унга “натурлих, Фрау” деб жавоб берарди. Урушни эслаганда хазиллашиб гапирарди. Биз эса ҳар йили 9 май куни тоға бувамизга “С днём Победы!» деган откриткалар юбориб турардик.

Берлиннинг очиқ ҳаво кафеларида қаҳва ичиб ўтирган ва афтидан ҳаётларидан лаззат олаётган немис чолларига нигоҳим тушади.

Тоға бувамнинг сўнгги йилларини эслайман...

Ёши саксондан ошганда ҳовли-жойини сотиб шаҳар чеккасидаги беш қаватли “дом”нинг кичик ва тор квартирасига кўчишга мажбур бўлганди...

Кейинчалик янга бувам оламдан ўтганидан сўнг, деҳкон бозорида маҳаллий савдогарларнинг ғамхўрлиги билан кунини кўриб юрган...

Немис чолларига қараб ғолиб аскар - тоға бувамнинг абгор аҳволи кўзимнинг олдидан кетмайди.

Тўқсонинчи йилларда Ўзбекистон “ғалаба” тушунчасидан давлат даражасида воз кечганидан сўнг, тоға бувамни ҳеч ким йўқлаб бормаган ҳам...

Миллий ғурурни тиклашга беҳуда ҳаракатлар

Ўзидан кейин монументал мерос қолдиришни орзу қилган Гитлер олмон халқининг миллий ғурурини тиклашга ҳаракат қилганмиди? Лекин бу уринишлардан нима қолди?

Пойтахтнинг марказий Вилгелмштрассе кўчасидан кетаяпмиз. Фосштрассе 1/19 чорраҳасида эски суратлар билан қисқа маълумотларни намойиш этган стенд олдида тўхтаймиз.

Image caption Берлин кўчаларида шаҳар тариҳини ўрганиш мумкин

Бундай стендлар кўп тарихий жойларда ўрнатилган. Ўқиганимизда, бу ерда Гитлер қароргоҳи - Рейхканцелярияси, яъни унинг девони турганини билиб оламиз. 1933 йили Гитлер бутун ҳокимиятни ўз қўлида мустаҳкамлайди. Олмон меъморларини йиғиб, унинг баландпарвоз орзуларига мос келадиган биноларни қуришга буйруқ беради. Айнан шу мақсадда Канцелярия чуқур таъсирга эга бўлиш учун қурилади. Буни амалга ошириш жараёнида атрофдаги асрлаб турган уйлар бузилади.

1939 йили уларнинг ўрнида Гитлер девонининг янги монументал биноси тақдим этилади. Бино, Гитлер таъбирича, “минг йил ҳукмрон” Учинчи Рейх куч-қудратини намоён этиши учун бунёд қилинган.

Хорижий дипломатлар узунлиги уч юз метр бўлган мармар зални кесиб ўтганларидангина Гитлер қабулхонасига киришга мувафақ бўлишган. Гитлернинг хонаси эса тўрт юз квадрат метрли бўлган. Бу меҳмонларни ларзага келтириши керак эди.

Бироқ, чуқур таасурот қолдириш учун яратилган ҳар қандай бошқа бино каби, Канцелярияда оддий ходимлар ўз вазифаларини бажаришлари учун қулай шароит деярли бўлмаган. Девон хизматкорлари бир-бирига зич ҳолатда болахоналарда ишлашга мажбур эдилар.

1943 йили Канцелярия боғида Гитлер учун бункер қурилиши бошланади. Икки йилдан сўнг ўттизинчи апрелдау ўз жонига қасд қилганини биламиз. Лекин айнан ҳозир ўша эски бункер ва Канцелярия биносини кўролмайсиз, чунки эллигинчи йилларда уларни коммунистлар ҳукумати бузиб ташлаган ва ҳаттоки бирорта белги ҳам қолдирмаган.

Мен атрофга қарайман. Ҳаёлимда ўша дабдабали бинони тасаввур қилишга уринаман. Бироқ кўзим чорраҳада жойлашган “Пекин ўрдаги” хитой емакхонасига тушади. Во ажабо! Бошқа миллатларга нафрат билан қараган, баъзи этник гуруҳларни қириб ташлашга уринган, осиёликларнинг ўрни “олий орий ирқ”қа қулликда бўлишни уқтирган Гитлер унинг қароргоҳи турган жойида Осиё вакили ўз бизнесини гуркираб ривожланишини тасаввур қилганмикан? Бундан ташқари, деярли ҳар қадамда туркларнинг саноқсиз, жуда арзон ва тез тайёр бўладиган “донер кабоб”лари Берлиннинг миллий фастфудига айланиши Гитлернинг тушига кирганмиди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Гитлер Канцелярияси "жойида" осиё бизнеси гуркирамоқда

Миллий ғурурни тиклашга қаратилган унинг барча ҳаракатлари чиппакка чиқди...

Аммо бу йўлда миллионлаб инсонлар қурбон бўлди.

Потсдам майдони - битмас яра

Олмон халқи урушдан сўнг икки тузумга бўлинганига қарамай, катта ва қийин бир жараённи бошлади, яъни таъбир жоиз бўлса, виждон азобидан ўтди. Олмонлар учун улар ўтмишда қўл урган жиноятларига тавба қилиш ҳамда бундай ёвуз қилмишларни тан олиш жуда муҳим аҳамият касб этган...бугун ҳам шундай...

Берлиннинг яна бир муҳим бўлгаси бу - Потсдам майдони ёки Потсдамерплац.

Ўтмишда бу жойда Потсдам шаҳридан савдо йўли ўтган ва айнан бу йўл бошида Потсдам дарвозаси турарди.

Уруш олдидан бу энг гавжум майдон эди. Майдонни тўрт томонидан 26 трамвай йўллари кезиб чиқиб, икки метро линияси юрган. Бир-бирига зич қурилган бинолар, аптекалар ва кафелар, банклар ва офислар, данғиллама ресторанларию беш юлдузли меҳмонхоналар, хуллас «Оврупонинг энг катта чорраҳаси» деб аталарди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Потсдамерплацда урушдан олдин ҳаёт қайнаб турган...

Берлин тунги ҳаётининг маркази бўлган Потсдам майдонида аср бошидаги «олтин йиллар» айнан шу ерда кечган.

Бутун шаҳар ижод аҳли – музикантлар, актерлар, рассомлар бу кабареларда йиғиларди.

Берлинликлар зеҳниятида Потсдам майдони миллий рамзга айланиб бўлган.

Уруш йиллари Берлин иттифоқдош кучлар томонидан тинмасдан бомбардимон қилинди.

Натижада Потсдамерплац қаттиқ вайрон бўлди. Урушдан сўнг, вайроналиклардан тозаланган майдон британ, совет ва америка ҳарбий секторларига бўлинди.

Сўнгра девор ўрнатилиши билан бу катта майдон бепоён даштга айланди. Эллик йил давомида бу жойни шу қадар ўт босиб кетган эдики, айтишларича, яқин-яқин ўтмишда ғарбий берлинликлар бу ерда машиналарини қўйиб, очиқ ҳавода гулхан ёқиб вақт ўтказишарди.

«Тарс ёрилган юрак»

1961 йилнинг август ойида одамларнинг эркин ҳаракатларига кескин чек қўйиш мақсадида коммунистик режим Берлин ичида девор қуришга қарор қилади. Шаҳар урушдан қолган мерос тариқасида шарқий ва ғарбий қисмга бўлиниб бўлган эди. Турли назорат нуқталаридан одамлар бир томондан бошқа томон ўтиб туришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Берлин девори зигзаг каби шаҳарни иккига бўлган

Девор эса ушбу чегарани мустаҳкамлаб, мутлақ ёпиб қўйишни кўзлаган.

Бошида тиконли сим билан ўраб олишади ва баъзи оилалар симнинг ҳар икки томонида қолиб кетишади. Кейинчалик, пойтахтнинг ғарбий ва шарқий қисмлари ўртасида зиддият кучайгани сари узунлиги 150 км бўлган бетон девор қурила бошлайди.

Яна бошимда ўрнашиб олган бир англашилмовчиликни бартараф қилдим.

Мен тасаввур қилган Берлин девори тўғридан-тўғри чизиқ бўлмаган экан…

Бўлиниш чегараси зигзаг каби кўчалар, сув каналлари, баъзи жойларда уйлардан ҳам ўтган.

Биз Берлин девори қолдиқларида намойиш этилган эски расмларни бирма бир кўриб чиқамиз. Бирида тиконли сим орасидан қўлларини узатиб турган она ва қизнинг расмини кўрамиз.

Оврўпо ва жаҳон маданий меросига йирик хисса қўшган Олмония пойтахти бир кишининг сиёсий манфаатлари сабаб, бир кун ичида шу даражада хунуклашиб кетишини тасаввур қилиш қийин.

Ўз севикли шаҳрини у ёқдан бу ёққа кезиб юришга ўрганган берлинликларнинг бемалол саёҳат қилишлари чекланади… Потсдам майдонининг ҳувиллаб қолишига нафақат уруш, балки ундан кейин ҳам бу ерга одам оёғи етмагани таъсир қилади.

Метро поездлари Потсдаммерплац бекатида тўхтамай ўтиб кетарди.

Берлин девори Потсдам майдонини деярли эллик йил битмайдиган ярага айлантирди.

Кулдан бино бўлган шаҳар

Бугунги кунда Потсдам майдони қайта тикланган ва қайта қурилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Қайта тикланган Потсдамерплац

Осмонўпар америкача услубидаги меҳмонхоналар, SONY маркази каби супер замонавий иморатлар сайёҳларни ўзига жалб этади. Лекин бу жой ҳали ўзининг эски ҳолига қайтиш учун ҳали анча вақт кетади деб ўйлайман…

Чунки бу ерда фақат сайёҳларни ва баъзи ёшлардан иборат гуруҳчаларни кўриш мумкин. Очиғи, бир ҳожати бўлмаса берлинлик бу ерга келмаса керак… Бу майдонга яна аввалги руҳ қайтиши учун балким яна почта, кичик дорихоналар, қаҳвахоналар ва банклар қайтиши керакдир? Инфратузулма ҳам қайтадан жонлантирилиши керак. Бунга эса яна бир неча авлоднинг улғайиб ўсиши керак бўлади, назаримда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Потсдамерплацга аввалги руҳ қайтиши учун вақт керак

Бошқа бир ачинарли мисол шуки, бу пойтахтнинг жўка дарахтлари икки қатор ўсиб турган ва энг узун деб саналган Унтер ден Линден бульвари… Марлен Дитрих айтган машҳур бир ашулада «…токи Унтер ден Линден кўчасида жўка дарахтлари гуллаши давом этар экан, Берлин Берлинлигича қолаверади…» Бошқа бир афсонага кўра, хушбуй жўка дарахтлари Берлинни ҳар қандай хавфдан ҳимоя қилишади…

Бироқ Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриш арафасида, шоҳкўчани кенгайтириш мақсадида 1933 йили Гитлер қадим дарахтларни кесиб ташлашга буйруқ беради. Бир неча йил ўтиб Гитлернинг янги пойтахт қуриш режаларига мувофиқ шаҳарликларнинг севикли бульвари очиқ ва узун 12 чақиримли майдонга айланиши керак эди. Хайриям, бахтимизга, унинг режалари амалга оширилмади.

Хавфсизликни рўкач қилиб, бир тун ичида шоҳ кўчаларни тўсиб, асфалтларни қўпориб, ўрнига арчалар ўтказиб ва шу билан шахарнинг табиий манзараси, унинг руҳини ўзгартириш эҳтимол қийин иш эмасдир… Бироқ, вақт ўтиши билан барибир кўп нарса ўз табиий ҳолига қайтади.

«Шаҳар бедарвоза» ёки инқилобий ёндашув

Берлин асл қиёфасини ўз ҳолига қайтаришга жиддий ҳаракат қилмоқда.

Нацизм билан боғлиқ иморатларни бузиб ташлаш немисларнинг прагматик ёндашувига тўғри келмайди.

Шунинг учун бўлса керак, баъзи мустаҳкам турган, мисол учун, собиқ Авиация вазирлиги каби бинолар ҳамон ўз функционал вазифасини бажариб келмоқда. Тарихий Вильгелмштрасседаги бу кулранг ва тошдан қурилган бино саёҳларда кучли таасурот қолдиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Собиқ нацистлар биносида Олмония молия вазирлиги жойлашган

Гитлер вориси деб кўрилган ва Люфтвафе ҳаво кучларига асос солган нуфузли Герман Геринг айнан ушбу бинода ишлаган. 1938 йилнинг 9 ноябрида у Берлиннинг яҳудий аҳлига уюштирган погромлардан уч кун ўтиб айнан бу бинода иқтисодий зиён учун таъқибларга дуч келган яҳудийлардан миллионлаб рейхсмарка товон пулларини талаб қилишни қарор қилган.

Кейинчалик бу вазирликнинг ўртасидан Берлин девори ўтган. Ҳозирда бу ерда Олмония молия вазирлиги жойлашган.

Олмонлар ўз бой маданиятини чуқур эъзозлашади ва буни бир неча маданий иморатларни қайта тиклашларида кўриш мумкин.

Умуман, ўн саккизинчи асрнинг бошида маданият буюмларини намоён этиш мақсадида атайлаб бир неча музейларни қурган халқнинг савияси ҳақида кўп нарса гапириш мумкин.

Image caption Қорайиб турган Музей оролининг устунлари

Берлиннинг бир неча сув каналлари бирида жойлашган Музей оролида учта муҳим музей ЮНЕСКО ҳимоясига олинган. Биз оролга кичик бир кемада яқинлашамиз. Музей биноларига уруш пайтида қаттиқ зиён теккан…

Эллигинчи йилларда қайта тикланиш жараёни бошланган бўлиб ҳозир ҳам давом этмоқда. Уларни томоша килиб, баъзи устунлар орасида қақшатқич жанг кетганига гувоҳ бўламиз. Қорайиб кетган ва ўқ излари билан сақланиб қолган устунлар янги тикланганлардан кўра кўпроқ таасурот қолдиради. Музей ороли рўпарасида уруш йилларида қаттиқ ҳаво ҳужумларига дуч келган ва кейинчалик бузиб ташланган тарихий Берлин саройининг қайта қурилиш иншоотига яқинлашамиз. Олмон императорлари истиқомат қилган ва меҳмонларни қабул қилган сарой йирик бир кварталдек жойни эгаллаган экан.

Фридрих Вилгелм императори жуда аққли ва узоқни кўра биладиган давлат арбоби бўлган экан…

Эски даврларда саноқсиз урушларда қатнашган Пруссия кўплаб фуқароларидан айрилади ва Фридрих Олмония учун энг қимматбаҳо заҳира - одамлар эканини яхши тушунган.

Шунинг учун у Франсадан таъқибларга учраган гугенотларни, Полшадан яҳудийларни, инглизлардан қочган шотландиялик католикларни қабул қилган. Ҳар қандай миллат ёки диндан қатъий назар, агар ишга иштиёқи бўлса, ҳаммага Берлин ўз дарвозасини очган.

Бу мисли кўрилмаган ҳақиқий инқилобий ёндашув бўлган. Миннатдор муҳожирлар эса иқтисодий ва маданий ҳаётга ўз ҳиссаларини қўшиш учун жонларини аямаганлар. Уларнинг фаолиятидан эса Берлин том маънода гуллаб яшнаган.

Қайта бирлашиш рамзи

Кун бўйи шаҳар кезамиз, оқшомда Берлин филармониясига йўл оламиз. Акустика хусусияти учун бутун дунёга машҳур бўлган ва худди олтин ёғочдан қурилган бу бино ўта замонавий меъморчиликнинг ёрқин намунасидир.

Image caption Қирғин ва ярашув ёдгорлиги сифатида ярим вайрон ҳолатида қолдирилган Кайзер Вилгелм черкови

Филармония саҳнаси одатдагидек залнинг бир бошида эмас, балки пастда ва марказида жойлашган. Томошабинлар эса атрофда ўтиришади. Ўша баҳор оқшомида Олмониянинг ёш мусиқачилари оркестри концерт берди.

13-14 яшар, ҳали жуда ёш ижрочилар Барток, Чайковскийларнинг катта ва жиддий асарларини моҳирона ижро этишларидан таъсирландик… Концерт охирида томошабинлар оркестрнинг саҳнани тарк этишига ҳеч ижозат бермай, деярли ярим соатча чапаклар билан олқишлаб туришди.

Мусиқачилар яна «Можар рапсодияларни» чалиб беришди. Охир-оқибат уларнинг раҳбари роял тагидан оркестрининг рамзи – юмшоқ айиқча уйинчоғни қўлига олиб, саҳнани тарк этди.

Мусиқачилар кейин ҳаммани ҳайратда қолдиришди. Улар ўрниларидан туриб аввал ўн томонга қараб бир- бири билан қучоқлашишди, кейин эса чап томонга қараб бошқа бири билан қучоқлашишди… Буни кўриб қалбимиз тўлқинланиб кетди…Бу бир маънода Берлин бирлашишининг яна бир белгисидек туюлди менга…

Тошкентлик журналист

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio