Фархунда қотиллиги юзасидан тўрт киши ўлимга ҳукм қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Афғонистон маҳкамаси Қуръонни ёққанликда айбланиб шафқатсиз калтакланган ва ёқилган аёлнинг қотиллиги бўйича тўрт кишини ўлимга ҳукм этган.

Фархунда ўлими юзасидан 49 киши ҳибсга олинган. Улар шафқатсиз қотилликда айбланмоқдалар.

Маҳкама 2 майда бошланган эди.

19 мартда ғазабланган оломон 28 ёшли Фархундани масжиддан куч билан олиб чиқиб, ўлгунича калтаклашади, сўнгра жасадини ёқиб юборишади.

Кейинроқ гувоҳлар аёлнинг Қуръонни ёққанлиги ёлғон эканини айтишган.

Кобулдаги маҳкамада ҳам қоралов томони билдиришича, Фархунда Қуръонни ёққани исботланмаган.

Фархунданинг ўлими мамлакат бўйлаб катта намойишларни келтириб чиқарди. Намойишчилар ҳукуматни мамлакатда аёллар муаммолари ва ҳуқуқларига эътибор қаратишга чақиришган.

Дунёни ларзага солган Фархунданинг ўлими юзасидан 19 полициячи дохил 49 киши устидан маҳкама бормоқда.

19 полиция ходими ғазабланган оломонни тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрмаганлиги учун маҳкамага юз тутаяпти.

Ҳодиса Кобулдаги Шоҳ-ду-Шамшаира масжидида 27 ёшли Фархунда имом билан баҳслашгани ортидан рўй берган.

Диний билим олаётган ҳамда зиёратгоҳ имомларининг Ислом динига қарши амаллари нотўғрилигини тушунтиришни истаган Фархундани Қуръонни ёқишда айблашган.

Ғазабланган оломон унинг сўзларига қулоқ солмай, калтаклаб ўлдиришган, кейин жасадини ёқишган.

Фархунданинг ўлдирилиши мобил телефонлар видеосига тасвирга олинган, лавҳалар тезда бутун дунёга тарқалди ва кўпчиликни ларзага солди.

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани айбдорлар жазоланиши кераклиги ҳақидаги чақириқларга жавобан, даҳшатли қотилликни содир этганлар албатта жазосини олишга ваъда берди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio