АҚШ: ‘Исломий Давлат’нинг тўрт лидери учун $20 миллион доллар берамиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи US State Dept

Америка ҳукуматининг бунча миқдордаги мукофот пули Абдул Раҳмон Мустафо ал-Қадулий, Абу Муҳаммад ал-Аднаний, Тархон Темурович Батирашвили ва Тариқ бин ал-Фалиҳ ал-Авний ал-Ҳарзийни кўзда тутади.

АҚШ томонига кўра, кимки, уларнинг қаерда эканликларига оид аниқ маълумот етказса, 20.000.000 доллардан ўз улушини олади.

Аммо Америка ҳукумати миллионлаб доллар мукофот пули ваъда қилган шахслар орасида гуруҳ йўлбошчиси, улар Яқин Шарқда асос солган исломий халифат халифи Абу Бакр ал-Бағдодийнинг номи кўзга ташланмайди.

Шу кунларда Ғарбнинг қатор нуфузли нашрларида Абу Бакр ал-Бағдодийнинг америкаликларнинг ҳаво ҳужумларида қаттиқ яралангани ва ҳатто, ҳаётдан кўз юмганига оид хабарлар бор.

Аммо Би-би-си, ҳалича, бу каби хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлашга муваффақ бўлмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Эслатиб ўтиш жоиз, Абу Бакр ал-Бағдодий "Исломий Давлат"нинг Америка томони рўйхатига тушган илк лидерларидан бўлган.

Унга оид ахборот учун бундан аввал 10 миллион АҚШ доллари ваъда қилинган.

АҚШ Давлат департаментининг мукофот пулига оид янгилик, бошқа томондан, Техасдаги отишмадан кун ўтиб ўртага чиқмоқда.

“Исломий Давлат” шу ҳафта сешанба куни Техасдаги ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққан ва бу гуруҳ Америка тупроғида уюштиришга муваффақ бўлган биринчи ҳужум сифатида баҳо топганди.

Жорий пайтда дунёдаги энг қудратлиси саналувчи ушбу гуруҳ Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ҳажв этилган карикатуралар намойишга қўйилган Даллас яқинидаги кўргазмага “халифатнинг икки аскари” ҳужум қилганлигини айтган, Америка томонини “ўзларини кириб келишлари”га шай туришлари билан огоҳлантирганди.

Америкалик масъуллар гуруҳнинг бу даъвосини савол остига олишган, “Исломий Давлат”нинг Далласдаги ҳужумга тўғридан-тўғри алоқаси борлигига шубҳа қилишларини билдиришганди.

Хабарларга кўра, тўрт нафар гумондор 1984 йилда қабул қилинган Халқаро террорчиликка қарши кураш акти асосида Америка томонининг рўйхатига киритилган.

Таъкидлаш жоиз, рўйхатдаги тўрттовлоннинг номи шу пайтгача дунё оммавий-ахборот воситаларида деярли учрамаган.

Шундай экан, улар кимлар?

АҚШ Давлат департаментининг маълумотларидан аён бўлишича, ал-Қадулий “Исломий Давлат”нинг юқори мартабали аъзоларидан бири саналади ва гуруҳ сафларига ўтмасидан аввал “ал-Қоида”нинг Ироқдаги тармоғи сафида жанг қилган.

Америка томони унинг қаерда эканига оид маълумот учун 20 миллион долларидан энг катта қисми, яъни 7 миллионини бермоқчи.

Ўз ўрнида, Аднанийнинг расман “Исломий Давлат” гуруҳининг воизи, Умар Шишаний номи билан ҳам маълум бўлган Батирашвили эса, уларнинг шимолий Суриядаги жангари қўмондони экани айтилади.

АҚШ Давлат департаменти бу икковлонга оид ахборот учун 5 миллион АҚШ долларидан мукофот пули ваъда қилган.

Қаердалигини топиб берган одамга 3 миллион АҚШ доллари берилиши кўзда тутилаётган Ҳазрий эса, “Исломий Давлат” худкуш ҳужумчилар гуруҳининг раҳбари экан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

“Исломий Давлат” сўнгги икки йилнинг ичида Сурия шимоли ва Ироқ шарқидаги катта ҳудудларни босиб олиб, ўзининг талқинидаги исломий халифатга асос солган.

Жорий пайтда дунёда глобал халифат барпо этиш ҳаракатида бўлган янги жангари гуруҳ саналади.

Сўнгги йилларда гуруҳнинг фаолият доираси Яқин Шарқ чегараларидан ташқарига чиқиб улгурган.

Африкадагиси қадар жаҳондаги аксарият йирик жангари гуруҳлар аллақачон "Исломий Давлат"га байъат келтириб бўлишган.

АҚШ Давлат департаменти гуруҳни оммавий қатллар, жинсий зўравонлик ва болаларни ўлдириш дохил давомий инсон ҳуқуқларини шафқатсиз равишда топташ ҳолларига масъул, деб билади.

Халқаро террорчиликка қарши кураш акти доирасида энг катта мукофот пули “ал-Қоида” тармоғи раҳбари Айман аз-Завоҳирий учун эълон қилинган.

Тармоқ асосчиси Усама бин Лодиннинг ўлимидан қисқа вақт ўтмай, 2011 йилнинг июн ойида Америка томони уни топиб берган кишига 25 миллион АҚШ доллари беришга ваъда қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ