Афғонистон: Қундуз яна қақшатқич жангларга саҳна бўлмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош ушбу вилоятидан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, янги жанглар марказ Қундуз шаҳри яқинида кечмоқда.

Маҳаллий масъулларнинг айтишларича, у ердаги Толибон исёнчиларига қарши йўлга қўйилган йирик амалиёт чоғида шу пайтгача 35 нафар жангарини ўлдиришган.

Улардан 20 га яқинининг хорижий жангарилар экани, ораларида икки нафар аёл кишининг ҳам борлиги айтилади.

Қундуз бундан ўн кунча бурун Афғонистон Толибон ҳаракати бу йилги баҳорги амалиётининг илк нишонига айланганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Ораларида хорижий жангарилари ҳам бўлган юзлаб толиблар вилоятнинг тўртта туманида қарши ҳужумга ўтишган, Афғонистон ҳукумати Қундузга бутун мамлакатдан минглаб мадад кучлари ташлаш ва ўнлаб танклар юборишга маждбур бўлганди.

Аммо марказий ҳукуматнинг қўшимча дастагига қарамай, қундузлик масъуллар исёнчиларни даф этиш осон бўлмаётганини айтиб келишаётганди.

Вилоятдан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, орада кечган кунлар давомида исёнчилар марказ Қундуз шаҳри сарҳадларига яқинлашишга муваффақ бўлишган. Шаҳарга элтувчи йўлларни узиб қўйишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу галги жангларда улар билан бирга Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳининг сабоғини олган жангарилар ҳам афғон ҳукумат кучларига қарши жанг олиб боришаётгани айтилади.

Аммо, шунга қарамай, уларнинг ҳужумларини Афғонистон хавфсизлик кучлари ўз бошларича даф этишга уринишаётгани, хорижий аскарлардан, ҳозирча, кўмак йўқлигига оид хабарлар бор.

Қундузлик масъуллар эса, ҳаводан етарлича мадад йўқлиги, қирувчи тикучарлар сонининг камлигидан шикоятдалар.

Вилоятдаги мухбиримизга кўра, ўзаро жанглар қақшатқич кечмоқда, Қундуз яқинида енгил ва оғир қуроллардан отилган ўқлар садоси қулоққа чалинади.

Қундузда қарийб ўн кундан буён давом этаётган жанглар сабаб, ўн мингдан ортиқ одамнинг дарбадарликка юз тутгани айтилади.

Хабарларга кўра, ҳозир қатор халқаро кўмак ташкилотлари уларга ёрдам бериш ҳаракатида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ