Британия: Консерваторлар парламент сайловларида ғолиб чиқишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Британияда пайшанба куни бўлиб ўтган умумхалқ сайловлари ортидан консерваторлар парламентдаги энг кўп ўринларни эгаллашди ва энди ҳукумат тузишга муваффақ бўлишади.

Би-би-си башоратига кўра, консерваторлар 331та ўринни эгаллайдилар ва бу уларнинг якка партияли ҳукумат тузиши учун етарлидир.

Ўз сайлов ҳудудида ғолиб чиқиши ортидан консерваторлар раҳбари Девид Камерон "мамлакатни бирлаштириш"ни ваъда қилди ва унинг мақсади Бирлашган қиролликдаги ҳар бир фуқаро учун хизмат қилиш эканини айтди.

Камерон, шунингдек, сайловдан олдин қилган ваъдасига содиқ ҳолда Британиянинг Оврўпо Иттифоқига аъзолиги бўйича референдум ўтказишини айтди.

Лейбористлар афтидан парламентда 233та ўринни эгаллайдилар, шу пайтгача ҳукуматдаги коалициянинг аъзоси бўлган либерал-демократлар эса - атиги саккизта.

Лейбористлар раҳбари Эд Милибанд партия раҳбарлигидан истеъфо берди. У овозлар саналиши билан ўтган тунни ўз партияси учун "ўта машаққатли ва ғамгин тун" дея тасвирлади, либерал-демократлар лидери Ник Клегг эса уни "шафқатсиз жазо туни" деб атади.

Илк натижалар ва башоратларга биноан, либерал-демократлар партияси мазкур сайловларда энг катта мағлубиятга учради ва парламентда 47 ўринни йўқотди.

Шотландиянинг (SNP) миллий партияси маҳаллий лейбористлар устидан ишончли ғалаба қозонганини намойиш қилмоқда. У Шотландиядаги 59та округдан 56тасини қўлга киритиши кутилади.

Парламентга умумий ҳисобда 650 депутат сайланади. Парламент сайловлари билан бир вақтда 279та ҳудудда маҳаллий кенгашлар сайловлар бўлиб ўтди, баъзи жойларда эса шаҳар ҳокимлари сайланди.

Бу йилги парламент сайловларида илк бора интернет орқали овоз бериш имкони берилди.

Сайловлар 650та якка ваколатли округларда аксарият овоз тизими бўйича бўлиб ўтди. Бу дегани ҳар бир ҳудудда сайловчилар партия учун эмас, балки аниқ номзодга овоз бердилар. Ғолиб эса энг кўп овозни олган номзод бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio