БМТ: Араб коалицияси Яманда тинч аҳолини бомбардимон қилаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

БМТнинг Яман бўйича масъули Йоханнес Ван Дер Клау Саудия Арабистони етакчилигидаги ҳарбий коалиция кучларини Яман шимолида тинч аҳоли ҳаво ҳужумларига тутаётганликда айблади.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг инсонпарварлик масалаларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Йоханнес Ван Дер Клау айтишича, Яман шимолидаги Саада шаҳрида тинч фуқаролар қопқонга тушиб қолганлар ва ёқилғи етишмаётганидан шаҳарни ташлаб кетолмаяптилар.

Тин аҳоли яшайдиган жойларни пала-партиш ҳаво ҳужумларига тутиш халқаро қонунчиликни поймол этиш деб атаган БМТ расмийси.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, март ойининг охирги ҳафтадасида Ямандаги Хусий қабиласи жангариларига қарши бошланган бомбардимонлар оқибатида камида 1400 киши ҳалок бўлган.

Қурбонларнинг ярмидан кўпи тинч фуқаролар бўлган.

Саада шаҳри Яман шимолида, Саудия Арабистони чегарасига яқин ҳудудда жойлашган.

Жума тунида Саада шаҳри 140 марта ҳаво ҳужумига тутилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Саудия ҳарбийлари ҳаводан варақалар тарқатиб тинч аҳолини шаҳарни тарк этишга чақирган.

Сўнгги ҳаво ҳужумида Яманнинг собиқ президенти Али Абдуллоҳ Солиҳнинг пойтахт Санодаги уйи ҳам нишонга олинган.

Собиқ президентнинг жароҳатланмагани хабар қилинган.

Али Абдуллоҳ Солиҳга содиқ ҳарбийлар Хусий қабиласи жангарилари иттифоқчилари ҳисобланади.

Саудия томони шиа Хусий жангариларини ўз кучлари ва қурол-яроғини тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларда яшираётганликда айблаган.

Шиа Хусий исёнчилари коррупцияга ботган Президент Абдраббуҳ Мансур Ҳодига қарши курашаётганларини айтадилар.

Хусий қабиласи исёнчилари ва ҳукумат кучлари ўртасидаги жанглар Президент Абдраббуҳ Мансур Ҳодини дастлаб пойтахт Санодан қочиб, бандаргоҳ шаҳар Адандан бошпана топишга, сўнг Адандаги жанглар Саудия Арабистонига қочиб кетишига мажбур этди.

Саудия Арабистонига кўра, Яман халқи ва қонуний ҳукуматини ҳимоя қилиш мақсадида шиа Хусий қабиласи жангариларига қарши ҳарбий амалиётларни бошлаган.

Саудия шиа жангариларни Эрон дастакламоқда, дейди.

Айни пайтда Араб ярим оролидаги "Ал-Қоида" гуруҳи деб номланган гуруҳ жангарилари вазиятни янада беқарорлаштирган.

"Ал-Қоида" жангарилари ҳам Яман ҳукумат кучларига қарши ва ҳам Хусий исёнчиларига қарши жангларга киришган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ