"Бин Лодин ўлими билан боғлиқ вазият бузиб кўрсатилган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Усама бин Лодиннинг ўлими ҳақидаги турли фаразлар айтилади.

Таниқли америкалик журналист Сеймур Хершга кўра, АҚШ ҳукумати 2011 йилда "Ал-Қоида" раҳбари Усама бин Лодиннинг ўлими билан боғлиқ вазиятни бузиб кўрсатган.

Херш бераётган фаразга қараганда, бин Лодин Америка ҳукумати расмий маълумотида айтилганидек, Покистонда озодликда яшириниб юрмаган, балки маҳаллий жосуслик хизмати томонидан ҳибсда сақланган ва ундан "Ал-Қоида" кучларига босим ўтказиш мақсадида фойдаланиб келинган.

Шунингдек бин Лодиннинг манзили ҳақида Покистон жосуслик хизмати ходими 25 минг доллар эвазига АҚШ ҳукуматига хабар берган, деб таъкидлайди журналист.

Қўшма Штатлар расмий хабари бўйича, бин Лодин 2011 йил 2 майда махсус амалиёт чоғида ўлдирилган ва "Ал-Қоида" раҳбарининг жасади Араб денгизида дафн қилинган. Херш келтираётган маълумотларга қаралса, бошидан отиб ўлдирилган Усама бин Лодиннинг танаси Ҳиндикуш тоғлари устида тикучардан ташлаб юборилган.

"Ёлғон тасдиқ"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Сеймур Херш АҚШнинг "бин Лодин ўлими билан боғлиқ ёлғони"ни ошкор қилади.

Пулитцеровский мукофоти совриндори ёзувчи Сеймур Херш "Усама бин Лодин ўлдирилган амалиёт ҳақиқатда америкаликларнинг махфий ва таваккал ҳаракати бўлмасдан, балки Покистон ва АҚШ ҳарбий жосуслигининг ҳамкорликдаги амалиёти ҳисобланган", деб ёзади.

Журналистнинг айтишича, бу тафсилотларга у исми сир қолиши керак бўлган манбаъ орқали воқиф бўлган, сўнгра АҚШ махсус амалиётлари бошқармасининг икки ҳарбийси ва Покистондаги бошқа манбалар билан гаплашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Усама бин Лодиннинг ўлими аслини олганда қотиллик эди, таъкидлайди ёзувчи Сеймур Херш.

Барак Обама ташқи сиёсатининг саҳнаси бўлган қаҳрамонона амалиётни "фош қилган" муаллиф номига АҚШда бўлгани каби, Покистонда ҳам айбловлар ёғдирилди. Бундай катта даъво билан чиққан журналист етарли далиллар кўрсатмаганликда танқид қилинди.

"Усама бин Лодин ўлдирилган махсус амалиёт фақат америкаликлар томонидан ўтказилмагани ҳақидаги гаплар бутунлай ёлғондир",- деб айтган Оқ Уй вакили Нед Прайс. Хершнинг асари "ноаниқ ва асоссиз хулосалардан" иборат, дея қўшимча қилади у.

Хершнинг сўзларига кўра эса, "Покистондаги "амалиёт" аслини олганда Усама бин Лодинни ўлдиришни режалаштирган эди. "

"London Review of Books"да чоп этилган мақолада таъкидланишича, бин Лодин 2006 йилдан бери Абботтободда Покистон назорати ва Саудия Арабистони молиявий дастаги остида яшаб келган.

"Келишув"

Хершга кўра, америкаликларга покистонлик манбаъ орқали бин Лодиннинг манзили аниқ бўлгач (расмий маълумотларда айтилганидек, "Ал-Қоида"нинг асирга тушган жангарилари ва бин Лодиннинг курьерини сўроқ қилиш орқасидан эмас), юқори лавозимли Покистон раҳбарлари Қўшма Штатларга аслида қотиллик бўлган бу "амалиёт"ни ўтказишга рухсат берганлар.

Шундан кейин ўртада гўёки қарор тузилган, америкаликларга объектни кузатишга, бин Лодин шахсини тасдиқлаш учун ДНК намуналарига эга бўлишга рухсат берилган ва ҳатто Покистон жосуслик хизмати ва унинг раҳбарларини молиялаштиришни давом эттириш эвазига маҳаллий жосус ёрдами билан таъминланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Барак Обама бин Лодин ўлимини келишувдан бир ҳафта олдин эълон қилган, дейди Херш.

Херш таъкидлайдики, Барак Обама бин Лодиннинг ўлими ҳақида Покистон билан келишув талаб қилганидан бир ҳафта олдин эълон қилган. Келишув доирасига кўра, АҚШ бин Лодиннинг ўлимини эълон қилишни бир ҳафта ушлаб туриши ва бин Лодин Афғонистонда дрон ҳужуми натижасида ўлдирилди, деб эълон қилиши керак бўлган, дейди у.

Бироқ амалиёт давомида Американинг тикучарларидан бири ҳалокатга учраши орқасидан, Оқ Уй амалиётнинг бутун тарихи ошкор бўлиши хавотирида келишувни бажармайди.

Шу боисдан, Барак Обама ўша кечасиёқ халқига махсус хизматлар бир неча ой давомида олиб борган ишлари натижасида мураккаб амалиётни амалга оширгани ва Усама бин Лодин тўқнашувда ўлдирилгани ҳақида эълон қилади.

Кейинги кунларда эса Оқ Уй амалиёт билан боғлиқ, ҳатто бир-бирига зид келувчи тафсилотларни бера бошлайди. Сўнгра махсус хизматлар ва мудофаа бошкармаси вакиллари норозилиги орқасида уларни рад қилишга ҳам тўғри келади.

"Оқ Уй томонидан тақдим қилинган тарихни шундай муваффақият билан Луис Кэролл ҳам ёза оларди", деб заҳарханда қилади ёзувчи Херш "Алиса мўъжизалар мамлакатида" муаллифига ишора қиларкан.

"London Review of Books"да чоп этилган мақоласини Америка маъмурияти ташқи сиёсати ҳақидаги танқидий сўзлари билан якунлайди:

"Юқори даражадаги ёлғон махфий турмалар, учувчисиз учоқлар, махсус хизматларнинг тунги рейдлари қаторида Америка сиёсатининг асосларидан бири бўлиб қолмоқда".

Хершнинг мақоласи ижтимоий тармоқларда тезда сиёсий баҳслар ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Бин Лодин ўлими ҳақида унинг фаразлари унинг журналист ҳамкасблари томонидан шубҳа остига ҳам олинди.

Уларнинг айтишича, мақолада келтирилган манбаълар ишончсиз, маълумотлар бир-бирини инкор қилади.

Шунингдек, агар амалиёт АҚШ ва Покистон ҳамкорлиги натижаси ва Покистонни молиялаштиришга келишилган экан, нега бин Лодин ўлимидан сўнг алоқалар ёмонлашди?

Ёки Саудия Арабистонига ўз подшолигини ағдаришни кўзлаган шахсни молиялаштириш нега керак бўлди, деган саволларни келтиришган.

Сеймур Херш ўзининг журналистик тадқиқотлари билан машҳур. У Америкалик аскарлар 1968 йилда Вьетнамда тинч фуқароларни оммавий қирғин қилгани ҳақидаги мақоласи учун Пулитцеровский мукофотини олган.

Сеймур Хершнинг ўзи душанба куни берган телеинтервьюсида юқоридаги фикрларини яна таъкидлаб, ҳодисада Америка берган маълумотларга ишониш мумкин эмас, деб айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ