Сўров: АҚШда насронийлар сони камаймоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи n

Бунга “Пью” халқаро тадқиқот маркази томонидан ўтказилган янги сўров натижалари далолат қилган.

Худди шу манзарада Америкада бирор бир динга эътиқод қилмайдиган даҳрийлар сони ҳам яхшигина ортиб бораётгани маълум бўлган.

Янги сўров натижалари ўтган етти йиллик вазият қиёсига асосланади.

Дейлик, 2007 йилда қарийб саксон фоиз америкалик ўзининг насроний эканини айтган бўлса, ҳозирга келиб, бу рақамлар етти фоизга камайган.

Сўров муаллифларига кўра, бу – жиддийгина ўзгаришни англатади.

Бошқа томондан, ўтган етти йил ичида ўзини бирор бир динга мансуб эмаслигини эътироф этувчи америкаликларнинг сони ҳам худди шунча фоизга ортган.

Агар, ушбу фоиз рақамларга чақилса, бу – АҚШ аҳолисининг олтмиш миллионга яқини даҳрий эканига далолат қилади.

Бирор бир динга мансуб бўлган ва бўлмаган америкаликлар рўйхатида эса, уларнинг насроний динининг протестантлик мазҳабига эътиқод қилувчилардан кейин иккинчи энг йирик гуруҳ эканликлари маълум бўлган.

Аммо, шунда ҳам, АҚШ – дунёдаги энг катта сондаги насронийлар жамоаси истиқомат қилувчи давлатлигича қолибди.

Яъни, ўртача олганда, ҳар ўн америкаликдан еттитаси насроний динининг у ёки бу мазҳабига эътиқод қиларкан.

“Пью” тадқиқот маркази ходимларининг билдиришларича, янгиси ва бундан етти йил аввалги сўров жараёнида ҳам 35.000 америкаликнинг фикри ўрганилган.

Нега насронийлар сони камаймоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи European Photopress Agency

Сўров муаллифларининг таҳлилларига таянилса, бунга янгича протестантлик ва католикликка эргашувчи насронийлар сони камайиб бораётгани сабаб бўлмоқда.

Марказ ходимларига кўра, ҳозир бу каби жараён бутун АҚШ бўйлаб, барча ёш ва тоифадаги инсонлар орасида кузатилмоқда.

Агар, соф рақамларга чақилса, ўтган етти йил ичида АҚШ да насроний дини тарафдорларининг сафи қарийб 5 миллион кишига сийраклашган.

Сўз бирор бир динга ишонмайдиган америкаликларга келганда эса, уларнинг фоизи минтақаларга қараб фарқланган.

Дейлик, АҚШ жанубида ўзининг динсиз эканини билдирган инсонлар сони 19 фоизни ташкил этган бир манзарада мамлакат шимоли-шарқида аҳолининг чорак фоизи, ғарбида эса, қарийб учдан бир қисмининг бирор бир динга эътиқод қилмасликлари маълум бўлган.

Тадқиқот жараёнига бошчилик қилган Грег Смит жанобларининг айтишича, сўров натижалари ўзини динсиз сановчи инсонлар қарашидаги ўзгаришларга ҳам далолат қилган.

Унга кўра, 2007 йил билан таққосланганда, бу каби инсонларнинг янада фаол ва ташаббускор бўлишгани, жамиятда динга ўрин йўқлигини даъво қилувчи турли сиёсий гуруҳлар тузишгани кузатилган.

"Пью" тадқиқот маркази ўтган ой эълон қилган сўров натижалари эса, 2070 йилга бориб, дунёда мусулмонлар ва насронийлар сони тенглашиши, 2100 йилда дунё аҳолисининг аксариятини мусулмонлар ташкил қилишига ҳам далолат қилганди.

АҚШдаги насронийлар:

. Умуман ўзларини насроний сановчилар: 70.6 фоиз

. Протестантлар: 46.5 фоиз

. Инжилчилар: 25.4 фоиз

. Католиклар: 20.8 фоиз

. Либерал насронийлар: 14.7 фоиз

. Мормонлар: 1.6 фоиз

. Иегово шоҳидлари: 0.8 фоиз

. Насроний динининг бошқа тармоқларига мансублар: 0.4 фоиз

Манба: АҚШнинг “Пью” тадқиқот маркази.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ