@Электрон муфтийларнинг "Исломий давлат"га қарши жангги

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Доктор Саҳар - @ электрон муллалардан

Бир томонда 1400 йиллик илмни ўзида жамулжам қилган, дунёнинг энг йирик диний тизими бўлса, бошқа томонда ўзини “Исломий давлат” деб атаётган гуруҳ...

“Исломий давлат” деярли ҳар куни тарғибот видеолари билан интернетда ҳам муҳораба олиб бормоқда.

Анъанавий уламолар интернетдаги бу ўзига хос “рақамли жангга” тайёрми?

Агар дунёдаги ҳар бир уламо “Исломий давлат”га қарши, дейлик Twitter ни ишга солган тақдирда ҳам, ёш мусулмонлар барибир “Исломий давлат”нинг ёзганларини ўқийверишлари мумкин.

Аммо Иорданиянинг электрон муфтийлари аста-секинлик бўлса ҳам интернетдаги жангга “қилич яланғоч”лаб киришаётган экан...

Шу йил бошларида “Исломий давлат” Иордания учувчисини тириклайин ёққан ва видеони интернетда тарқатган эди.

Бу “Исломий давлат”нинг ўзига қарши халқаро ҳаво ҳужумларида Иордания ҳарбий кучларининг иштироки учун қасоси эди.

Ана шундан кейин бу гуруҳ айни қотиллик учун ўзларича “диний исботлар”ни тарқата бошлашди.

Ким қарши чиқса уни беаёв “троллар” ҳужумига тутишди.

Мен Иорданиянинг Олий Муфтийси Абдул Карим Хасавнеҳдан “Исломий давлат”нинг ташвиқотларига қарши нима қилмоқдасизлар деб сўрайман...

Муфтий ўлароқ, у диндорларнинг кундалик саволларига жавоб беради ва бу вазифага ҳукумат томонидан тайинланган.

Аммо “Исломий давлат”нинг интернетдаги анчайин қудратли ҳозирлигига қарши фақат Жума маърузалари билан курашиш мумкинми?

"Агар ҳақиқий ҳаётга назар ташласак, “ Исломий давлат” гуруҳидагилар замонавий алоқа тизимлари, ижтимоий тармоқларда анча тажрибага эга”, дейди Иордания Олий муфтийси.

“Мен бизнинг идора уларга қарши ёлғиз кураша олади деб айтолмайман”.

Twitter да “Исломий давлат” қанчалар фаол?

Image caption Иордания Олий Муфтийси: "Ёшлар катта авлоддан кўра қудратлироқ..."

Биргина Twitter да “Исломий давлат”га тегишли 46000 аъзолик ҳисоби бор.

Мен Олий муфтийнинг интернетда ҳисоби бор-йўқлиги ва қанчалар фаоллиги билан қизиқаман.

"Ёшлар катта авлоддан кўра кўпроқ қудратлироқ бу масалада”, деб жавоб беради у.

Кейин унинг жамоаси мени ҳайратга солади.

Олий муфтий хонаси жойлашган қаватдан тепароқда тобора кенгайиб бораётган онлайн идорага кирамиз.

Бу ерда доктор Жамил Абу Сараҳ бошчилигида ёш уламолар ишлашади.

Ўзининг бевосита раҳбари сингари Жамил Абу Сараҳ ҳам диний кийимда, фақат унинг қўлида смартфон!..

"Биз аксарият билан Facebook, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқлар воситасида алоқадамиз шу кунлар”, дейди у.

"Бугунги кунда дунёнинг ўзаро робитаси шу ижтимоий тармоқларга қолган... Аввалги йиллар биз бирор фатво ё маслаҳат билан чиқадиган бўлсак, 2000 та нусхада чоп қилар ва кейин тарқатар эдик”.

"Аммо ҳозир биз бирданига 100 минг кишига мужда тарқатишимиз мумкин. Мухлисларимиз ҳам бутун дунёда...Фатволаримизни таржима қилмоқдамиз. Аввалига инглизчадан бошладик”.

Ана шу “рақамли” ҳаракатлар оқибатида янги, анчайин мукаммал вебсаҳифа пайдо бўлди.

Бу саҳифа “Исломий давлат”га қарши интернет “жиҳоди”га киришган.

Ҳозирда айни ҳаракатларни барча ижтимоий тармоқларга кўчириш ва 24 соат янгиланиб турадиган саҳифага айлантириш ҳаракатлари бошланди.

Жамил Абу Сараҳга кўра, у ўз ҳаракатлари билан айрим ёш мутаасиб диндорларни қайтадан тўғри йўлга киришларига сабабчи бўлган.

Аммо Жамил Абу Сараҳ “Исломий давлат”нинг интернетдаги фаолияти билан ўз жамоаси қилаётган ишларни солиштириб бўлмайди деб ҳисоблайди.

“Исломий давлат” ҳам молия ва тажбира нуқтаи назаридан олдинда экан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption 'Haqiqah' журналидан

“Исломий давлат”нинг Жамил Абу Сараҳ бошчилик қилаётган саҳифага назари тушиши билан бу гуруҳ тарафдорлари қарши ҳужумга ўтишди.

Табиийки, муфтийликнинг Иордания ҳукумати билан алоқалари урғуланди.

"Улар учувчини ўлдиришганида...бу шариатга қарши амал эмаслиги ҳақида даъво қила бошладилар”, дейди Жамил Абу Сараҳ .

"Биз бунга тўлиқ ва аниқ жавоб бердик, улар билан билан бир неча кун алоқада бўлиб туришди”.

"Эндилик эса биз уларнинг вебсаҳифамизга ташриф буюришларини кутиб ўтирмаяпмиз... Қайтага уларнинг вебсаҳифаларига, ҳисобларига биз ташриф амалга оширмоқдамиз ва улар билан ҳақиқий Ислом тили билан гаплашмоқдамиз”.

Иорданиянинг электрон муфтийлари “Исломий давлат”га қарши чиқаётган илк интернет “мужоҳид”лари эмас.

Ўтган йил Саудия Арабистони ҳам “Исломий давлат”га қарши тарғиботида 40 та телевизион канални ишга солганди.

Уламолар жонли эфирда телефон орқали саволларга жавоб беришди.

Ғарбда ҳам шунга ўхшаш ҳаракатлар бошланган.

Британия ҳомийлигида Онлайн Имомлар гуруҳи “Исломий давлат”га қарши мунтазам хабару мулоҳазалар тарқатиб туради.

Бу гуруҳ Ҳақиқаҳ номли янги журнал ҳам нашр эта бошлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ