Би-би-си мухбири:'Денгизда қолиб кетаётган қочқинлар пешобларини ичишмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бир ҳафтадан бери Андаман денгизида қолиб кетаётган муҳожирлар қайиғида 10 инсон нобуд бўлган. Айримлар эса, сувсизликдан ўз пешобларини ичишга мажбур бўлаётганлари хабар қилинади.

350 нафар Роҳинга мусулмонларини олиб келган балиқчилар қайиғининг Тайландга киришига рухсат берилмаган.

Борддагиларнинг айтишларича, қайиқни бошқариб келган одамлар кетиб қолишган ва қайиқ мотори бузилган.

Муҳожирларга кўра, ўлганларнинг жасадлари сувга ташлаб юборилган.

Индонезия, Малайзия ва Тайланд муҳожирлар тушган қайиқларни қабул қилишдан бош тортишмоқда.

Тайланд ва Малайзия соҳилларига яқин жойда яна бир неча юз инсон қолиб кетаётганига ишонилади.

Image caption Аросатда қолганлар...

Аксар Роҳинга мусулмонлари Бирмага қайтиб кета олмайдилар. Чунки, улар мамлакат фуқароси сифатида тан олинмайди ва мунтазам таъқиб остида кун кечирадилар.

Би-би-си мухбири Жонатан Ҳэд Ко Липе ороли яқинидаги кема ёнидан хабар қилишича, вазият ўта абгор.

"Одамлар биздан озиқ-овқат ва сув сўраб илтижо қилишмоқда", дейди у.

"Қайиқда кўплаб аёллар ва болалар бор. Ўта эски кўринаётган балиқчилар қайиғи одамлар билан лиқ тўла. Биз одамлар ўзларининг пешобларини ичишаётганини кўряпмиз. Биз бутилкада тоза сувлар ва бордимизда нимаики бўлса, улар томонга улоқтирдик", дея қўшимча қилади Би-би-си мухбири.

Унинг айтишича, қочқинлар қуёшдан сақланиш учун устларига ёпадиган матолардан чодир ясашган. Ҳарорат эса, 34 даражагача кўтарилгани айтилади.

Аросатда

Муҳожирларнинг 50 нафари аёллар ва 80дан ортиқ болалардир. Улар 3 ойдан бери денгизда қолишмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қайиқ эгалари 6 кун олдин қочқинларни Тайланд-Малайзия чегарасида ташлаб кетишар экан, вазият янада абгорлашган.

Би-би-си мухбирига кўра, чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси балиқчилар ушбу қайиқни топиб олишган ва Малайзия сув ҳудудигача тортиб боришган. Аммо, кейин яна Тайланд сув ҳудудига қайтариб олиб бориб қўйилган.

Тайланд Денгиз хизмати полковниги мухбиримизга гапирар экан, муҳожирлар кўзлаган манзил Малайзия экани, Тайланд уларга озиқ-овқат, ичимлик суви бериши ва тиббий хизмат кўрсатиши мумкинлигини, кейин уларни ўз йўлига қўйиб юборишини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Би-би-си мухбири бу муҳожирлар яна бир бор рад қилингани ва том маънода улар мамлакатлар ўртасида "сан солар-ман солар"да қолганларини англатади.

Роҳинга озчиликлари ва ё "осмон олис, ер қаттиқ"ми?

Роҳинга Бирмадаги туманнинг номи бўлиб, унда асосан мусулмонлар истиқомат қилишади.

Тахмин қилинишича, улар мусулмон савдогарларининг авлодлари ва айни минтақада 1,000 йилдан ортиқроқ вақтдан бери ўрнашиб қолишган.

Роҳинга мусулмонлари Бангладеш, Саудия Арабистони ва Покистонда ҳам яшайдилар.

Бирмада улар доимий таъқибга учрайдилар, мажбурий меҳнатга сафарбар қилинади. Уларда ерга эгалик ҳуқуқи йўқ ва қаттиқ ҳақлари қаттиқ чегараланган.

Жамоанинг Бангладешда яшовчи вакиллари ҳам ўта қашшоқ, ҳужжатсиз ва ишга кириш имкониятларидан маҳрум ҳолатда яшайдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ