Чеченистон: Милиция бошлиғи мактаб ўқувчисига барибир уйланади

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIAN

Бу ҳақда Чеченистон президенти қошидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Ҳеда Саратова РИА Новости ахборот агентлигига билдирган.

Саратова хонимнинг сўзларидан аён бўлишича, ҳали хабарининг ўзиёқ катта шов-шув ва қарама-қарши чиқишларга сабаб бўлган тўй 16 май куни бўлиб ўтади.

Чеченистонлик 57 яшар милиция бошлиғи Нужуд Гучигов 17 ёшли мактаб ўқувчиси бўлган Луиза Гойлабиевага, барибир, уйланади.

Ҳеда Саратованинг айтишича, бўлажак тўй куни ҳақида уни куёвнинг ўзи огоҳлантирган ва ҳар икки томон ҳам аллақачон тўй ҳозирликларини битириб бўлишган.

“Қизгина жуда бахтли ва милиция бошлиғига ўз ихтиёрига билан турмушга чиқмоқда”, - деб айтган Саратова хоним.

Аввалбошдан бу шов-шувли тўй атрофидаги зиддиятли хабарларни ёритиб келаётган “Новая газета” нашри ходимаси Елена Милашина эса, бу борада умуман бошқача фикрда.

Унинг айтишича, бўлажак келиннинг уйида тўйга бирор бир ҳозирлик кўзга ташланмайди, қизгинанинг ўзи ҳам тўй кунидан буткул бехабар.

“Назаримда, 29 апрел куни куёвнинг уйига қилган телефон қўнғироғим ортиданоқ, уни уйидан олиб кетишган. Бу эса, икковлоннинг никоҳлари ўқиб бўлинганини англатади. Шундай экан, Луиза аллақачон эрга чиққан ҳисобланади”, - дейди журналист.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Куни-кеча икковлоннинг тўйи атрофидаги шов-шувли хабарларга муносабат билдираркан, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров унинг “қандайдир либерал жанобларнинг буюртмаси”, эканини баён қилганди.

Турли оммавий-ахборот воситаларидаги хабарларга эса, “ёлғон чапланган”, дея баҳо берганди.

Чеченистон раҳбарига кўра, қиз ҳам, унинг ота-онаси ҳам тўйга ўз розиликларини билдиришган.

Бундан ташқари, Рамзан Қодиров бўлажак куёв ва келиннинг ёши ўртасидаги фарқ баҳс этилган гап-сўзларни ҳам асоссиз, деб атаб, буни “севги ёш танламаслиги” билан изоҳлаганди.

Ножай-Юрт тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва ўқувчи қиз ўртасидаги тўй хабари ўтган ой илк бор “Новая газета” нашрида пайдо бўлганди. Бу хабарда Гучиговнинг хотинли эркак экани ҳам айтилганди.

Журналистлар эса, қизгинанинг милиция бошлиғига эрга тегиш истаги йўқлиги, аммо Гучиговдан қўрқиб, ота-онасининг бу тўйга розилик билдиришгани ҳақида ёзишганди.

Чеченистонлик масъуллар эса, матбуотда бўй кўрсатган бу хабарларни расман рад этиб чиқишганди. Гучиговнинг уйланган эркак экани юзасидан эса, бирор бир изоҳ беришмаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ