Бокуда одамлар полиуретан қопламаларни уйларидан сидириб ташламоқдалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Бокудаги 16 қаватли турар-жой биносида рўй берган ёнғин 16 инсон умрига зомин бўлгани кўплаб озариларни ғазаблантирган, одамлар бинолар ташқи кўринишини безашда фойдаланилган полиуретан қопламаларни кўчириб ташлашни бошлаганлар.

Боку шаҳри марказидаги 16 қаватли турар-жой биносида ёнғин 19 май куни тушга яқин, соат 11 ларда бошланган.

Гувоҳларга кўра, бир неча дақиқа ичида бино буткул аланга ичида қолган, ҳамма томонни олов ва тутун қоплаган.

Ёнғинни ўчиришга зудлик билан катта сондаги фавқулодда вазиятлар ходимлари ташланган.

Тикчарлар жалб қилинган.

Бироқ аланга кучлилигидан дарров ўчиришнинг уддасидан чиқиб бўлмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Орадан тўрт соат ўтгандан кейин ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлинган.

Ўт ўчирувчилар турар-жой биноси ичидан одамларни қутқаришга муваффақ бўлганлар, шунга қарамасдан, 16 киши нобуд бўлгани аниқ бўлган.

Президент Илҳом Алиев ёнғин сабабларини аниқлаш, ҳалок бўлган инсонларнинг жасадини дафн қилишни давлат зиммасига олиш, товон пуллари тўлашга фармон берган.

Озарбайжон матбуоти ушбу бино қурилиши билан шуғулланган ширкат раҳбари ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатган.

Мутахассислар ёнғинни бунча тез тарқалишига бино ташқи қопламасида фойдаланилган полиуретан материали сабаб бўлгани ҳақида айтганлар.

Охирги йилларда Боку шаҳрида кенг миқёси ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда, шаҳарнинг ката қисмида эски бинолар бузиб ташланиб, янги кўча ва бинолар қад кўтармоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бокудаги биноларни безашда полиуретан материали машҳур бўлиб кетган.

Бир неча кун олдин Озарбайжон пойтахтида худди шундай ёнғин рўй берган, бироқ у бу қадар ҳалокатли ва вайронакор бўлмаган.

Полиуретаннинг қатор афзалликлари борлиги айтилади: узоқ вақт туради, совуқ ва иссиқ ўтказмайди.

Бироқ тез ёнади ва ёнган пайтида ўзидан заҳарли ҳид ва модда чиқаради.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида полиуретан қопланган бинолардаги ёнғинда бир хил манзара кузатилган: бинони қисқа вақтда аланга қоплаган, заҳарли тутун тарқалиб, одамлар бўғилиб ўлганлар.

Ёнғиндан кейин Интернет ижтимоий тармоқларида одамлар уйларининг ташқи қисмидан полиуретан сидириб ташлаётганлари акс этган фотосуратлар тарқалган.

Боку шаҳрида одамлар турар-жой биноларида полиуретан материалидан фойдаланишга қарши норозилик намойиши уюштирганлар.

Интернетда намойишга минглаб одамлар қўшилишларини билдирганлар.

Бироқ 20 май куни намойишга юзтача киши тўпланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ